Инсон учун энг буюк немат тинчлик-осойишталик ва соғлик-саломатликдир. Зеро, тинчлигини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди. Фаровонлик, тараққиётнинг гарови ҳам тинчлик-хотиржамлик.
Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғиботига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса қораланади.
9 майни Хотира ва қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад мужассам.
Таъкидлаш жоизки, Иккинчи жаҳон урушида юртимиздан 1 миллион 951 мингга яқин киши урушга сафарбар этилган. 158 мингдан кўпроқ ҳамюртимиз урушда бедарак кетди, 538 мингдан зиёд ватандошимиз эса қонли жангларда ҳалок бўлди.
Ҳамон орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат-машаққат чекканлар бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш керак.
Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг эълон қилиниши юртимизда истиқомат қилаётган кекса авлод вакилларига, айниқса Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига бўлган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин далили бўлди.
Қайд этиш жоизки, ўтган қисқа даврда кекса авлод вакилларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш, уларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини яхшилаш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини бепул озиқ-овқат маҳсулотлари, зарур кийим-кечак ва пойабзаллар ҳамда гигиена товарлари билан таъминлаб бориш тартиби жорий этилди.
Фармонда 1941 – 1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 12 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти бериш кўзда тутилган. Ушбу пул мукофотлари уруш қатнашчилари ва ногиронларига карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда байрамона вазиятда топширилади.
Ҳужжатда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб тайёрланган Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг иш режаларига мувофиқ Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийларини, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларини моддий-маънавий рағбатлантириш тадбирлари ҳам амалга оширилади.
Байрам муносабати билан “Дори-дармон” акциядорлик компанияси томонидан “Нуроний” жамғармаси Республика Бошқарувига мурувват ёрдами сифатида берилиши кўзда тутилаётган 2000 дона дори-дармон аптечкалари Республикамизнинг турли ҳудудларида яшаб турган ногиронлар, ёлғиз кексалар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларига етказиб берилади.
Шунингдек, Нуронийлар жамоатчилик Кенгаши аъзолари ҳамда маҳалла фаоллари ҳамкорлигида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт орти меҳнат фахрийлари ва ёшларнинг пойтахтимиздаги “Ғалаба боғи”, вилоятлардаги “Ватанпарварлар боғи”, “Хотира” мажмуаларига ташрифлари ташкил этилади. Шаҳримиздаги “Шон-шараф” музейида ёшларни ватанпарварлик ва она-Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга йўналтирилган маънавий-маърифий тадбирлар ташкил қилинади. Тадбир иштирокчилари пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларининг энг муқаддас қадамжосига айланиб улгурган “Ғалаб боғи”даги “Шон-шараф” музейи ҳамда ҳамюртларимизни қонли жанглардаги мардлигини, фронт ортидаги машаққатли меҳнати ва фидоийлигини акс эттиришга бағишланган кенг кўламдаги тарихий-бадиий экспозициялар билан таништириш режалаштирилган.
Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик Кенгаши аъзолари, жамғарма фаоллари ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорликда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда нуронийларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан кенг тарғиб этиш мақсадида округ ва ҳарбий қисмларда жамоатчилик вакиллари ҳамда таниқли адабиёт, санъат ва маданият намояндалари билан икки авлод учрашувлари карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда ўтказилади.