Термиз давлат университетида Ўзбек давлатчилиги тарихида Сурхон воҳаси мавзусидаги Академик Яҳё Ғуломов номидаги Ўзбек халқи ва унинг давлатчилиги тарихи республика илмий семинарининг навбатдаги 78-умуммиллий йиғини бўлиб ўтди.
Унда Республикамиздаги этакчи илмий тадқиқот марказлари ва олийгоҳларининг академиклари, фан докторлари, тадқиқотчилари ва талабалар иштирок этишди. Олимларимиз томонидан жаҳоннинг ўндан ортиқ энг йирик археология марказлари билан ҳамкорликда Ўрта Осиё халқлари моддий маданияти тарихи, Ўзбекистон ҳудудида илк давлатларнинг пайдо бўлиши, илк шаҳар маданияти ва илк цивилизацияларнинг шаклланиши муаммоси, антик ва ўрта асрларда ўзбек халқи ва давлатчилиги тараққиёти билан боғлиқ кўплаб ёдгорликларда археологик тадқиқотлар амалга ошириб келинмоқда.
Термиз давлат университетида икки йилдан бери Ўзбекистон тарихи, этнография, этнология ва антропология ихтисосликлари бўйича илмий даражалар берувчи илмий кенгаш фаолият кўрсатмоқда. Университетда тарих ва археология бўйича тадқиқотлар мунтазам тадқиқотлар давом эттирилмоқда. Жорий йилда университетда Ўзбекистон тарихи ва археологиясига бағишланган 2 та Республика миқёсидаги конференция ташкил этиш, Франция, Чехия ва Россия илмий марказлари билан ҳамкорликда 10 га яқин ёдгорликларда археологик тадқиқот олиб бориш, 10 га ҳимоялар режалаштирилган бўлиб, Ўзбек давлатчилиги тарихини ўрганишда ўзига хос муносиб ҳисса бўлади деб ўйлаймиз, дейди Термиз давлат университети ректори, техника фанлари доктори, профессор Авазжон Мамараҳимов.
Семинар доирасида Сурхон воҳасининг кейинги йилларда дунё илм-фанига муносиб ҳисса қўшиши имкониятлари кенг илмий жамоатчилик олдида муҳокама қилинди. Баҳс-мунозараларда республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган тарихчи олимлар ва фан ўқитувчилари жонли ва онлайн шаклда бу борада ўз фикр-мулоҳазаларни билдиришди.
Ялпи мажлис якунида иштирокчилар томонидан «Ўзбек халқи давлатчилиги тарихи» бўйича бир қатор таклифлар-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, илмий доира вакиллари Термиз давлат университети талабаларига тарих фанининг долзарб масалалари бўйича мастер класс ташкил этилиши келишиб олинди.
Азимбек Самадов,
Янги Ўзбекистон мухбири