Ўзбек ва венгер халқларини муштарак тарихий илдизлар, яқин ҳамкорлик ришталари бирлаштириб келади. Бундай муносабатларнинг шаклланиши ўтмишда Шандор Кёрёши Чома, Ҳерман Вамбери, Оноди Берталан, Енё Зичи, Дьёрдь Алмаши, Аурель Штейн каби машҳур венгер олимлари ва сайёҳларининг хизматлари катта. Хусусан, Ҳерман Вамбери 1858 йилда 14 минг сўздан иборат “Немисча — туркча”, 1860 йилда 40 минг сўзни ўз ичига олган “Ўзбекча — немисча” луғатни Истанбулда нашр эттирган.

Олим-тадқиқотчиларнинг қайд этишича, Вамберининг минтақамизга қилган саёҳати асосида яратилган “Бухоро тарихи ёки транссаксония” ва “Ўрта Осиё бўйлаб саёҳат” асарлари бугунги кунда ҳам Европада, хусусан, Венгрияда Марказий Осиё давлатлари тарихи, геосиёсий аҳамияти, маданий, тарихий, иқтисодий жараёнларга таъсир этган омилларини ўрганишда муҳим манба ҳамда қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда ва минтақамиз тарихини ўрганишда қўлланма сифатида фойдаланиб келинади.

Вамбери ўз юртига қайтганидан кейин кўп ўтмай унинг “Чиғатой тили сабоқлари” номли яна бир китоби босилди. Унинг “Хрестоматия” қисмида бундан бир ярим асрдан сал олдинроқ, яъни 1867 йилда ўзбек мақолларидан 112 тасининг аслини ўзбек-арабий ҳамда лотин имлосида, давомидан олмон тилига таржимасини беради.

Шу йил май ойи охирларида Венгриянинг Веленце шаҳарчасидаги қабристонда гулчамбар қўйиш маросими ўтказилди. Шу тариқа ушбу мамлакатда яшаб ижод қилган ўзбек олими Мулла Исоқ Иброҳим таваллудининг 186 йиллиги муносабати билан ватандошимизнинг улкан ишларига ҳурмат кўрсатилди.

Веленце шаҳри мери Янош Ховари ўз сўзида венгер ва ўзбек халқлари қадим алоқаларга эгалигини эътироф этар экан, икки халқнинг тарихий келиб чиқиши бир-бирига туташ илдизларга бориб тақалишини, ўзаро тарихий муносабатлар XIX асрда Ҳерман Вамбери ва Мулла Исоқнинг ўзаро дўстлиги натижасида қайта тикланганлигини, юртдошимиз ўз ҳаёт йўли ва ижоди билан Венгрия маданияти ривожига ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлади.

Маълумки, Исҳоқ Иброҳим асли Қўнғиротда туғилган ва Хивада мадрасада таҳсил олган. Вамберининг юртимиз шаҳар, қишлоқлари ва чет мамлакатларига сафарларида ҳамроҳлик қилган. Кейинчалик Вамбери билан Венгрияга келган, бир умр дўсти ва шогирди бўлиб қолган.

Исҳоқ Иброҳим Венгрия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари бўлимида ишлади, венгрияликларга ўзбек ҳамда бошқа турк тилларини ўқитди. Европанинг илмий доираларида катта обрў-эътиборга эга бўлди. У  ўзбек халқ мақоллари, эртак ва топишмоқларини венгер тилига таржима қилиб, Венгрия Фанлар академиясининг филология бўлими томонидан чоп этиладиган “Тилшунослик ахбороти”да эълон қилди. Ҳатто машҳур венгер ёзувчиси Янош Ароннинг “Ажойиб оҳунинг ҳикояти” асарини ҳам ўзбек тилига таржима қилган.

Ушбу асар ўтган йили давлатимиз раҳбарининг сўзбошиси билан Тошкентда янги таҳрирда нашр этилди. Президентимиз ўзбек ва венгер халқлари ўртасидаги тарихий дўстликнинг ёрқин ифодаси бўлган ушбу китобни Венгрия Бош вазири Виктор Орбанга 2021 йил март ойида мамлакатимизга ташрифи чоғида туҳфа қилди.

Ҳамкорликнинг янги  кўприклари

Кейинги пайтда Ўзбекистоннинг Венгрия билан дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб боряпти. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Ўтган йил Венгрия Бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида қўшма декларация қабул қилинган эди. Шунингдек, турли вазирлик ҳамда идоралар ўртасида кўп қиррали шерикликни кенгайтиришга қаратилган 10 дан ортиқ ҳужжат имзоланди.

Экспертлар мазкур воқеалар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда янги даври бошланганлигининг далолати сифатида баҳолашагани бежиз эмас.

 — Гап шундаки, аввало, бундай кенг қамровли ўзаро стратегик ҳамкорликка Европа давлатлари орасида биринчи бўлиб Венгрия билан эришилди, — деб ёзади Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори, сиёсий фанлар доктори Сайфиддин Жўраев. — Икки давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси, икки мамлакатнинг ўзига хос ўхшаш жиҳатлари, Венгриянинг Марказий Европада, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда жойлашганлиги, шунингдек, Венгрия Европа давлатлари учун Ўзбекистонга, ўз навбатида, Ўзбекистон Венгрия учун Марказий Осиё мамлакатлари бозорига кўприк вазифасини бажариш истиқболлари ҳамкорликни янги ютуқлар билан тўлдиришни кафолатлайди...

Шубҳасиз, ривожланган давлатлар, айниқса, европаликларда Ўзбекистонга нисбатан ишончнинг ортганлиги юртимиз тараққиётининг янги даври учун ўзига хос ва мос хусусият бўлиб, бу мамлакатимизнинг дунёга интеграциялашувига янги импульс беради. Бу ҳолат, ўз навбатида, ўзбек — венгер муносабатларининг янги йўналишларини топишга, ишга туширишга имкониятларни янада кенгайтиради.

 Ҳақиқатан, шундай. Ўзаро муносабатлар ривожланишининг бугунги даражаси ҳам буни тасдиқлаб турибди. Сўнгги тўрт йилда Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3 баробар ошди. Жорий йилда  бу борадаги кўрсаткични қарийб 50 фоизга ошириш мақсад қилинган. Президентимизнинг расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Венгрия бизнес форумида умумий қиймати 1 миллиард доллардан зиёд инвестиция, савдо ва молиявий келишувлар имзолангани ҳам томонлар ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлигининг навбатдаги яққол тасдиғи бўлди.

Маданий-гуманитар соҳада делегациялар алмашуви мунтазам равишда амалга оширилмоқда, улар ҳар икки давлатда ўтказиладиган турли халқаро маданий тадбирларда фаол иштирок этмоқда. Яна бир эътиборли томони  “Хунгарикум” дастури доирасида Венгрия ҳукумати томонидан ажратилган грант дастури доирасида ўзбекистонлик талабалар Венгриянинг етакчи олий таълим муассасаларида бепул ўқиш имкониятига эга бўлмоқда. 2021 йил сентябрь ойидан бошлаб мамлакатимиз учун тегишли квоталар сони 100 тага етказилган бўлса, 2022–2023 ўқув йилида докторантура босқичи учун қўшимча 50 та, жисмоний тарбия ва спорт йўналиши бўйича 20 та ўрин ажратилди.

Қишлоқ хўжалигидаги инновацион лойиҳалар

Айни кунда Венгрия қишлоқ ва шаҳарчаларида бўлсангиз, куз фаслига хос ранго-ранг манзаралар эътиборингизни тортади. Унинг белгиларидан бири —  оддий қовоқлар. Йилнинг шу фаслида қовун ва тарвузнинг турдоши бўлган, ҳар хил ўлчам, шаклдаги минглаб олтинранг, зарғалдоқ, йўл-йўл “тўн” кийган қовоқлар далалар бўйларини эгаллайди, бозорларда сунъий пирамидалар ҳосил қилади, супермаркетлар эшиги олдида ўзларини кўз-кўз қилади.

Аксар фермер хўжаликлари Мартонвазар шаҳрида ўтказиладиган бундай неъматлар фаслида иштирок этади. Айни пайтда бу фестиваль ташриф буюрувчилар, олимлар ва мутахассислар учун мулоқот қилиш ва келгусидаги қўшма тадбирларни режалаштириш учун ажойиб жой. Унинг доирасида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги масъул ходимлари ва Венгриянинг “Marton Genetics” илмий-тадқиқот институти раҳбарияти ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда инновацион технологияларни кенг жорий этиш орқали маккажўхори ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигини ривожлантириш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини олиб боришга қаратилган лойиҳалар муҳокама қилинди. Бу лойиҳалар вазирлик билан “Marton Genetics” илмий-тадқиқот институти ўртасида имзоланган меморандиумда ҳам ўз ифодасини топди.

Шу ўринда Венгриянинг “AgroFeed Kft” компанияси вакили Александр Янчевскийнинг суҳбатларимиздан бирида айтган фикрлари ёдга тушади.

—  Ўзбекистонга келишдан олдин Вамберининг “Ўрта Осиё бўйлаб саёҳат” китобини синчиклаб ўқир эканман, унинг юртингиз ҳақидаги шундай фикрлари диққатимни тортган эди:

Мевалари Эрон ва Туркиядагина эмас, бутун европадагилардан тотли. Тенги йўқ, ажабтовур қовунлари Пекингача маълум... Бир арава қишки қовунга, бир арава шакар тўлашади. Уларнинг ширинлиги тўғрисида европалик ҳатто тасаввур ҳам қилолмайди. Улар шу даражада ширин ва хушбўйки оғизда эрийди. Агар улар нон билан ейилса, бизга инъом этган энг яхши таом шу бўлади”.

Орадан бир ярим аср ўтиб мен ҳам Ўзбекистонда бўлар эканман, машҳур ватандошимнинг Хива, Бухоро, Самарқанд ва Қаршининг ўзига хос табиати, иқлими, дунёга машҳур неъматлари ҳақида ҳайрат билан ёзганларининг шунча вақт ўтганига қарамай, ҳар жабҳадаги тасдиғини кўрдим. Айниқса, қовунлари ҳали-ҳануз ана шундай ширин. Қовун сайлида бўлсангиз, ўзингизни эртаклар оламига кириб қолгандай ҳис қиласиз. Танти, оқил ва меҳнаткаш одамлар, ўз касбининг фидойи мутахассислари, изланувчан ва интилувчан олимларнинг яратувчанлик ишлари ҳавас уйғотади. Улар билан ишлаш ва ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш кишига завқ беради, руҳлантиради.

Президентимизнинг Венгрияга расмий ташрифи чоғидаги музокараларда

 стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришга, энг аввало, ўзаро савдони кўпайтириш, фармацевтика, агросаноат мажмуи, машинасозлик, сувни тежаш ва бошқа йўналишларда саноат кооперациясини чуқурлаштиришга қаратилган қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

  — Биз Ўзбекистоннинг вазирлик ва компаниялари билан уч йилдан буён ҳамкорлик қилиб келамиз, — дейди “AgroFeed Kft” компаниясининг МДҲ мамлакатлари бўйича директори Томаш Топерцер. —Ўзбекистон Президентининг ташрифи давомида имзоланган битим ва келишувлар чорвачилик ва паррандачилик соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга чиқаришга хизмат қилиши билан ҳам бизни мамнун этаяпти.

Чунки, бу йўналишдаги ишлар қамрови тобора кенгайиб боряпти. Масалан, Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда паррандачилик ва чорвачиликка ихтисослашган корхоналарга ветеринария хизматини ташкил этиш, парранда, чорва молларини озиқлантириш бўйича амалий кўмак кўрсатиб келяпмиз, илмий-амалий семинарлар ўтказиб, мутахассислар билан тажриба алмашишни йўлга қўйганмиз.

Инсон соғлом бўлиши учун бир йилда ўртача 10 килограмм парранда гўшти ва 100 дан ортиқ тухум истеъмол қилиши зарур. Чунки улар парҳез маҳсулотлари ҳисобланиб, инсон организми учун жуда фойдали. Шу жиҳатдан қараганда ҳам Ўзбекистонда мазкур соҳани ривожлантиришга кўрсатилаётган эътибор ва рағбат ҳар қандай кишини мамнун этади.

Маълумотларга қараганда, агар 2019 йилда мамлакатда 14 миллион парранда боқилиб, 12,5 милиард дона тухум етиштирилган бўлса, ўтган 2020 йилда бу кўрсаткичлар 1,5 баравар, 2021 йилда эса, парандалар бош сони 90,1 миллиондан ошган. Ана шундай ўзгаришларга эришишга Венгриянинг паррандачилик компаниялари ҳам ўз ҳиссаларини қўшишга ҳаракат қилмоқда.

Бугунги кунда компаниямиз энг зотдор ва маҳсулдор кроссларини Ўзбекистонга олиб келиш, уларни иқлимлаштириш, паррандачилик хўжаликлари ва омухта ем ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга жўжа, озуқа маҳсулотлари ва унинг қўшимчалари, дори воситалари билан таъминлаш, ана шундай корхоналарни янада ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар устида иш олиб боряпмиз.

Ана шундай лойиҳалардан бири бундан икки ой олдин Кармана туманидаги “Colden Lake Miracles” масъулияти чекланган жамиятида амалга оширилди. Жамиятга Венгрия давлатининг “BABOLNA TETRA” компаниясидан “Super Harco” наслли 10 минг бош хонаки жўжалар келтирилди. МЧЖ таъсисчиси Азиз Сувоновнинг қайд этишича, мазкур наслли паррандалари юқори маҳсулдорлиги билан ажралиб туради, жуда тез ўсади. Масалан, 3,5 ойлик хўрознинг вазни тахминан 2 килограммга, 5,5 ойлик тухум қўядиган товуқ вазни эса 2–2,5 килограммгача етади.

Қайд этиш жоиз, Президентимизнинг Венгрияга расмий ташрифи сўнгги йигирма йил ичида биринчи марта бўлиб ўтаётгани билан тарихий аҳамиятга эга. Айни кезда бу ташриф йил ўзаро дипломатия муносабатлари ўрнатилганининг 30 йиллиги кенг нишонланаётган бир пайтда ўтди.Саммит давомида қатор муҳим икки томонлама шартномалар ва дастуриламал ҳужжатлар имзолангани мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлашга, айниқса, тадбиркорларнинг ўзаро алоқаларини янада кенгайишига, ўзаро ишончнинг ошишига хизмат қилади.

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири