Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган йиғилишда айнан бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган “Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирда қайд этилишича. мамлакатимизда 8210 та моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти давлат муҳофазасига олинган бўлса-да, сўнгги йилларда тарихий обидаларни рухсатсиз ёки ўз билганича таъмирлаш-тиклаш ишлари кўпайган. Натижада уларнинг тарихий ва бадиий қимматига жиддий зарар етказилган. Бош прокуратура томонидан мамлакат бўйича сўнгги уч йилда 320 та моддий маданий мерос объектида амалга оширилган таъмирлаш-тиклаш ишлари ҳужжатлари ўрганилган ва кўплаб қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган. Жумладан, биргина Ситораи Моҳи Хосса тарихий мажмуасида реставрация ишлари нотўғри олиб борилгани натижасида унинг бадиий безаклари, нақш, кошинлари нобуд қилиниб, тарихий ва бадиий қийматига жами 28 млрд. сўмлик зарар етказилган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, Маданий мерос департаменти Илмий экспертлик кенгашининг рухсатисиз маданий мерос объектларида бирон-бир реставрация ёки таъмирлаш ишларини амалга ошириш мумкин эмас. Лекин экспертлар кенгаши рухсатисиз 14 та объектда жами 12 454,9 млн. сўмлик таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилган.

Айрим шахслар томонидан, ҳатто мансабдорлар рухсати билан минг йиллик тарихга эга обидаларимизга тиклаб бўлмас даражада зарар етказилган. Амалдаги Жиноят кодекси 132-моддасига кўра, бу ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар тоифасига киради ва ушбу модда билан 2017-2021 йилларда жами 14 та жиноят иши қўзғатилган.

Қонун лойиҳасида моддий маданий мерос объектларига зарар етказган шахсларга нисбатан жазо чоралари янада кучайтирилмоқда. Шунингдек, мансабдор шахслар иштирокида содир этилаётган бундай жиноятларни тергов қилиш ваколатини прокуратура органлари терговчиларига ўтказиш таклиф қилинмоқда. Чунки таҳлилларга кўра, Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2017-2021 йилларда ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича киритилган 486 та кўрсатма ва тақдимномаларнинг 179 таси бажарилмаган.

Лойиҳада соҳада давлат назоратини тўлиқ таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларининг бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма ёки тақдимномаларини бажармаганлик учун ҳам жавобгарлик кучайтирилмоқда. Хусусан, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача, бир йил давомида такрор содир этилса, етти бараваригача миқдорда жарима солиниши назарда тутилган, деб хабар беради Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.