“Биз ислоҳотларимизнинг илк кунлариданоқ инсон қадрини улуғлашни энг олий қадрият сифатида эътироф этдик ва бу борада катта ўзгаришларни бошладик! Ягона мақсадимиз – адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали халқимизни рози қилишдан иборат!”. 2016 йили Президентлик вазифасини бажаришга киришган Шавкат Мирзиёев фаолиятининг илк кунлариданоқ бошлаган туб ўзгаришлар асосига ана шундай буюк ғояни қўйди ва уни жамиятимиз ҳаётига изчиллик билан жорий этиб келмоқда.

Давлатимиз раҳбари илк сайловолди дастури ва халқ билан бўлган бевосита учрашувларда аҳоли билдирган таклифлар асосида 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ишлаб чиқди. Тан олиш керакки, бу стратегияда белгиланган чора-тадбирлар ошиғи билан бажарилди. Мазкур ҳужжатда кўзда тутилган вазифалар бажарилиши наинки юртимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётини, балки бизнинг дунёқарашимизни ҳам бутунлай ўзгартириб юборди.

Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган чора-тадбирларнинг амалий натижалари янги Ўзбекистон, жумладан, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ҳамда инсон қадр-қимматини кўтариш йўлида ташланган улкан қадам бўлди.

 Халқ қабулхоналари инсон қадр-қимматини оширишга катта ҳисса қўшди

Ҳа, ҳақиқатан ҳам шундай. Биз 2016 йилгача бўлган даврда кичик бир масалани ҳал этиш учун турли идоралар эшигида узоқ вақт сарсон бўлардик, амалдорлар эса қадр-қимматимизни бир пулга олмасди. Тан олиш керакки, Президент Мирзиёев мазкур муаммони ўта оригинал ва ўзига хос усул билан ҳал этди.

Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири виртуал қабулхонаси, кейинроқ Президент Халқ қабулхоналари ташкил этилди, Президент ва бошқа раҳбарлар ҳудудларда халқ билан очиқ мулоқотлар ўтказа бошлади. Булар халқимиз онги ва руҳини кескин ўзгартирди. Негаки, виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали ҳамда жонли учрашувларда фуқаролар шу пайтгача ҳал бўлмаётган муаммоларини давлатимиз раҳбарига тўғридан-тўғри етказа бошлади. Пировардида эса, улар тезда ҳал этила бошланди.

Бу тадбирлар ҳамюртларимизнинг адолатга нисбатан қарийб йўқолаёзган ишончи қайта тикланиши учун муҳим восита бўлди. Президентимиз таъбири билан айтганда, бу борада бизнинг асосий мақсадимиз – Халқ қабулхоналарига қилинган ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайдиган тизим яратишдан иборат бўлди.

Раҳбарларнинг халқ олдидаги масъулияти кескин ошди. Улар фаолияти одамлар ташвишини қай даражада ҳал қилишига боғлиқ бўлган муҳит яратилди. Ҳамма идора ва ташкилотларда “Фуқаролар қабулхоналари” ташкил этилди.

Давлат хизматлари агентлиги тузилди ва бу йўл билан битта ҳужжат олиш учун аҳолининг қатор идораларда сарсон бўлиб юришдек бемаъни ҳолатга барҳам берилди. 10–15 та идорадан бир неча ой мобайнида овора бўлиб йиғадиган ҳужжатларимизни шу битта ташкилотдан оладиган бўлдик.

Одамлар арзини айтгани идораларга эмас, амалдорлар аҳоли дардини эшитиш учун улар олдига борадиган бўлди. Бу ҳам раҳбарлар ва халқ онгини кескин ўзгартирди. Амал эгалари аслида халқнинг хизматкори бўлиши, аҳолини рози қилиш учун ишлаши кераклигини тушуна бошлади.

Яхши қўшничилик муносабатлари қайта тикланди

Президент Шавкат Мирзиёев собиқ шўролар даврида бошланиб, 2016 йилгача ҳукм сурган “ёпиқ жамият” сиёсатини бекор қилди ва мамлакатимизни дунёга, дунёни эса бизга очиб берди. Жумладан, 1992 – 2016 йиллар мобайнида Марказий Осиёнинг бешта қўшни давлати бир-биридан узоқлашиши уларнинг барчасига салбий таъсир кўрсатди. Шавкат Мирзиёев Президент лавозимига келгандан кейин ҳамма давлатлар, айниқса, қўшни мамлакатлар билан алоқаларни тубдан кенгайтириш йўлини бошлади. Ўзбекистоннинг очиқ, конструктив, пухта ўйланган ва прагматик сиёсати натижасида давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш, ички ва халқаро транспорт коммуникациялари ва сувдан самарали фойдаланиш, давлат чегараларидан ўтишни соддалаштириш каби узоқ йиллардан буён ечимини кутаётган мураккаб муаммолар ҳал этилди.

Иқтисодий алоқалар кучайиши натижасида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик даражаси шиддатли равишда ўса бошлади. 2023 йилнинг ярим йилида бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 2,3 фоизга ўсиб, 3,5 миллиард долларга етди ва Ўзбекистон жами ташқи савдосининг қарийб 12 фоизини ташкил этди. Марказий Осиё давлатлари ўртасида иқтисодий алоқаларнинг қайта тикланиши қўшни мамлакатлар иқтисодиёти ривожига муҳим ҳисса қўша бошлади.

Чегаралардан ўтишдаги сунъий тўсиқлар асрлар давомида қўшни бўлиб яшаган халқларнинг қариндош-уруғлик ришталарига жуда катта салбий таъсир кўрсатарди. Масалан, фарзанд ота-онасининг жанозасига боролмаган – чегарадан ўтказилмаган воқеалар оддий ҳол бўлган. Бундай нохуш ҳолатлар, бу тартибни ўйлаб топган раҳбарлардан халқ қаттиқ норози эди.

Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари ўртасида яхши қўшничилик муносабатларининг қайта тикланиши ана шундай салбий ҳолатларни буткул бартараф этди. Чегарадан ортиқча қийинчилик ва сунъий тўсиқларсиз ўтаётган одамлар эса давлатимиз раҳбарини дуо қилмоқда!

Тадбиркорлик тафаккури қайта уйғотилди

Совет замонидан бошлаб то 2016 йилгача бўлган даврда юртимизда халқнинг бойиб кетишига қарши курашилди. У пайтларда билими, ақли ва меҳнатининг миқдори ҳамда сифатидан қатъи назар, инсон бойиши мумкин эмасди. Бу қоидага риоя қилмаганлар аёвсиз жазоланарди. Шўролар ота-боболаримизнинг тадбиркорлик тафаккури ва салоҳиятини йўқ қилди, бойларимизнинг бор мулкини тортиб олиб, ўзларини жисмонан маҳв этди ёки узоқ ўлкаларга сургун қилди. Хуллас, асрлар давомида тадбиркорлик даражаси юксаклиги билан оламни ҳайратга солиб келган халқимиз шўролар даврида бу хислатини йўқотди.

Президент Шавкат Мирзиёев иқтисодий ривожланишга тўсиқ бўлган бундай ножоиз ҳолатни ҳам тубдан ўзгартирди. У “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади”, деган шиорни олға сурди. Тан олиш керакки, давлатимиз раҳбари томонидан мазкур ғояни олдинга суриш ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда инқилобий характерга эга бўлди. Юртимизда тадбиркорликни кенг ривожлантириш ва улар ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг бутунлай янги ва замонавий талабларга жавоб берадиган механизми яратилди. Янги қонунлар ва тартиблар ишлаб чиқилди, мавжудларига тегишли ўзгартиришлар киритилди. Тадбиркорликни бошлаш учун рухсатнома олиш тизими соддалаштирилди, унинг кўп турларига лицензия олиш умуман бекор қилинди. Тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турларига барҳам берилди.

Давлатимиз раҳбари вазирлик ва ҳокимликлар иш вақтининг камида 50 фоизи тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш ва уларга ёрдам беришга сарфланиши лозимлиги, раҳбарлар фаолиятини баҳолашда тадбиркорликни ривожлантириш ҳолатига алоҳида эътибор берилишини давлат сиёсати даражасига чиқариши жуда катта аҳамият касб этди.

Хуллас, юртимизда 2016 йилдан бошланган янги иқтисодий сиёсат туфайли юз минглаб аҳоли тадбиркорга айланди ва уларнинг сони тобора кенгаймоқда. Биргина 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида юз мингга яқин тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтди. Бу эса халқ турмуш фаровонлигини ошириш ва камбағалликни қисқартиришга улкан ҳисса қўшмоқда. Энг муҳими, 1917–2016 йиллар мобайнида халқимизнинг қарийб йўқолиб кетаёзган тадбиркорлик тафаккури ва салоҳияти яна қайтадан тиклана бошлади, улар эл ичида яна қадр-қиммат топа бошлади.

Ижтимоий ҳимоя ва камбағалликка қарши кураш

Авваллари ижтимоий ҳимоя соҳасида жуда катта камчиликлар мавжуд бўлиб, моддий ёрдам ҳақиқий камбағал четда қолиб, таниш-билишлик орқали ўзига тўқ оилаларга берилиш ҳолатлари ҳам учрарди. Президент Шавкат Мирзиёев аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳимоя қилишни давлатнинг энг муҳим ижтимоий функцияларидан бирига айлантирди. Натижада Ҳаракатлар стратегияси доирасида пенсионерлар, ногиронлар, ёлғиз кексалар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд тоифаларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг бутунлай янги тизими яратилди.

Тегишли идоралар вакиллари маҳалллама-маҳалла, хонадонма-хонадон юриб, вазиятни жойида ўрганиб, кам таъминланган, ишсиз, камбағал оилалар, аёллар, ёшлар рўйхатини тузди ва улар учун мос равишда алоҳида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” яратилди. Мана шу дафтарларга киритилган фуқароларнинг, аввало, тадбиркорлик салоҳиятини аниқлаш, кейин уларга мос шарт-шароитлар яратиш, қўллаб-қувватлаш тизими ишлаб чиқилди, уларга “старт капитали” берилди.

Кейинги олти йилда ижтимоий ёрдам кўлами 5 баробар ошди ва 2 миллиондан ортиқ оилани қамраб олди. Бу мақсадларга бюджетдан 2016 йили 2,2 триллион сўм ажратилган бўлса, бугун бу маблағ 18 триллион сўмга етказилди. Ижтимоий таъминотга йўналтирилган маблағларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2016 йилдаги 0,9 фоиздан 2022 йили 2, 2 фоизга ёки 2,5 баробар кўпайди.

Тизим янада такомиллаштирилмоқда. Жумладан, яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. У шу кунга қадар 6 та вазирлик ва идорада тарқоқ ҳолда фаолият кўрсатган ижтимоий хизматларни ягона ташкилотда бирлаштиради.

Ижтимоий ҳимоя ҳақида гапирганда, камбағаллик масаласини четлаб ўтиш мумкин эмас. Ўзбекистонда камбағалликка қарши фаол кураш 2020 йилда бошланди. 2021 йилдан буён кам таъминланганларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритиш орқали уларни ҳисобга олиш механизми жорий этилди. 2017 йилда кам таъминланган 500 минг оила ижтимоий ёрдам олган бўлса, бугунги кунда ижтимоий ҳимоя реестрида кам таъминланган 2,3 миллион оила, аёллар, ёлғиз қариялар ва ногиронлиги бўлган шахслар моддий ёрдам билан қамраб олинган. Ажратилган маблағ ҳажми 7 баробар ошиб, йилига 11 триллион сўмга етди.

2022 йилдан бошлаб эса Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашиш умуммиллий тус олди, “маҳаллабай” тизими яратилди. 2022 йил 1 январдан ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозими таъсис этилди. Унга эҳтиёжманд оилалар ҳисобини юритиш ҳамда касб эгаллашда, ўз ишини очишда, кредит ва субсидиялар олишда оддий одамларга кўмаклашиш вазифаси топширилди.

Камбағалликни қисқартириш борасида сезиларли натижаларга эришилмоқда, камбағаллар сони қисқармоқда. 2022 йилда 1 миллион аҳоли камбағалликдан чиқарилди, жорий йил бу рақам янада ўзгариши кутилмоқда.

Бундай натижалар хорижий экспертлар томонидан тан олинмоқда. Жумладан, 2023 йил 18 май куни Тошкентда ўтказилган “Камбағалликни қисқартириш бўйича илғор тажрибаларни татбиқ этиш” II халқаро форумида қатнашган иқтисод соҳасида Нобель мукофоти совриндори Абхижит Банержи мамлакатимиз ўз намунаси билан бошқа мамлакатларга камбағалликка қарши қандай курашиш кераклигини кўрсатаётганини эътироф этди.

Арзон ва сифатли уй билан таъминлаш соҳасида инқилобий ўзгаришлар амалга оширилди

2016 йилгача бўлган даврда ўз ҳолига ташлаб қўйилган масалалардан бири аҳолини уй-жой билан таъминлаш эди. Давлатнинг бу масалага эътибори камлиги туфайли ўз уйига эга бўлмаган ва уй олишни орзу ҳам қилмай қўйган юз минглаб одамлар қатлами пайдо бўлди. Бу жуда катта ва жиддий муаммога айланган эди.

Шавкат Мирзиёев бу ишда ҳам инқилобий ўзгаришларни амалга оширди. У ҳокимият тепасига келган заҳоти зудлик билан уйсиз қолган аҳоли учун арзон ва сифатли уй-жой қуришни бошлаб юборди. Уй қуришга материаллар ишлаб чиқарадиган барча вазирлик ва идораларни бу ишга сафарбар қилди ва уларга уйларнинг нархи арзон бўлиши учун жуда катта имтиёзлар берди.

Натижада ўтган 6 йилда қарийб 300 мингта ёки аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп уй-жой қурилди. 2023 йили янада кўп, яъни 90 минг оилани уй-жой билан таъминлаш режа қилинган. Келгуси 7 йилда эса 1 миллион хонадонли уй-жойлар қуриш режалаштирилган ва бунга жами 15 миллиард доллар йўналтирилади.

Ҳажда ҳам инсон қадри баланд бўлди

Юртимизда 2016 йилдан бошланган янги даврда ҳаётимизнинг барча жабҳалари қатори ҳаж маросимини ташкил қилиш тизимида ҳам кескин сифат ўзгаришлари юз берди. Саудия Арабистонининг ҳаж амалларини бажариш ҳудудларидаги шароитлар тубдан яхшиланди, ҳажга жўнатиш квоталари уч баробар оширилди ва 2023 йилда 15 мингга етказилди. Шундай имконият туфайли мен ҳам 2023 йил муқаддас ҳаж зиёратини адо этиш бахтига мушарраф бўлдим.

Давлатимиз раҳбарининг юртимизда инсон қадри ҳамма нарсадан азиз туриши кераклиги тўғрисидаги фикрлари ҳаётга қанчалик татбиқ этилаётганини ҳаж маросимида ўз кўзим билан кўрдим. Ҳажнинг барча амалларини бажаришга ҳамиша автобусларда олиб боришди. Мино, Арафот, Муздалифа каби барча ҳудудларда автобуслар хизматимизга шай турди. Биз транспорт қидиришга вақт ва қўшимча маблағ сарфлаганимиз йўқ. Бу ҳаж амалларини бажаришда ўта муҳим омил бўлди. Чунки қаттиқ ва қуруқ иссиқ ҳароратда кўчада такси ушлаш ортиқча ташвиш, кўп вақт ва харажатларга сабаб бўларди.

Мадина ва Макка шаҳарларида ҳашаматли, ҳамма қулайликларга эга меҳмонхоналарда яшадик. Ҳаж амаллари Мино водийсида, Арафот, Муздалифа, Жаморот ҳудудларида, яъни очиқ майдонларда бажарилади. У ерларда чодирларда яшадик. Яшаш жойларимизда ҳар бир киши учун тоза матодан тайёрланган оппоқ чойшаблар солинган юмшоқ ётиш ўринлари бор. Совуткичлар 24 соат чодирларни совутади. Ҳар қадамда салқин ичимликлар билан тўлдирилган махсус идишлар қўйилган. Чодирлар олдига қўйилган самоварларда сув ҳамиша қайнаб туради, кўк, қора чой, кофе, шакар, қуруқ сут билан муттасил таъминланади.

Ўзбекистондан ҳажга борганлар ҳамма вақт ва ҳамма жойда 3 маҳал иссиқ овқат билан таъминланди. Овқатлар ўзбекона, сифатли, калорияли ва хилма-хил, деярли ҳар икки кунда ош едик. Ҳаж пайтида меҳмонхоналарда ва ҳатто Мино водийсидаги чодирларда ҳам замонавий кичик шифохоналар барпо этилди. Юртимиздан 50 нафар малакали тиббиёт ходими ва керакли барча дори-дармон олиб борилган, ҳатто ётиб даволанадиган койкалар ҳам ўрнатилган. Мазкур касалхоналарда шифокорлар 24 соат навбатчилик қилди. Зарур ҳолларда беморлар Саудия Арабистони шифохоналарига олиб борилиб, жарроҳлик амалиётлари ўтказиб келинди. Ҳатто ана шу қиммат операциялар ҳам бемор учун бепул бажарилди.

Қўшни давлатлардан борган таниш ҳожиларимиз Ўзбекистонда ташкил этилган тиббий хизматга ҳавас билан қаради. Табиийки, биз, ҳожилар, “Ҳаж амалларини қулай ва ажойиб тарзда бажариш учун барча шарт-шароитларни яратиб берган Президентимиз ва мутасаддиларимиздан Аллоҳ рози бўлсин”, дея дуолар қилдик!

 Хориждаги ватандошларимизга муносабат ўзгарди

Тан олиш керакки, 2016 йилгача халқимиз узоқ йиллардан буён орзу қилган муносиб жамият яратиб бера олмадик. Аксинча, бу даврда халқимизнинг адолатга бўлган ишончи йўқолди, яхши яшашга интилиш орзуси барбод бўлди, асрлар давомида қўшни халқларни ҳам таъминлаб келган заминимиз энди ҳатто ўз аҳолимизни ҳам боқа олмай қолди. Ўз юртида тирикчилигини таъминлай олмаган 2 миллион ватандошимиз эса хорижга иш қидириб бориб, “гастарбайтерлар”га айланишга мажбур бўлди. Юртимиздаги сифатсиз таълим тизими туфайли улар чет элда “қора ишчи” бўлишга маҳкум эди. Боз устига, биз уларни “дангаса, ишёқмас” деб таҳқирлаб, шаънини ерга уришга ҳаракат қилардик.

Шавкат Мирзиёев мазкур ватандошларимизга муносабатни бутунлай ўзгартирди, уларни “Ўзбекистонимизнинг азиз фарзандлари, ака-укаларимиз, жигарларимиз”, деб атаб, мигрантларимизга ҳар тарафлама ёрдам кўрсата бошлади. Хорижга ишлаш учун бораётган аҳолимизни касбга ва чет тилларига ўқитиш кўлами кенгайтирилди. Улар Европа ва Осиёнинг юқори ҳақ тўланадиган мамлакатларига ишга бориши учун кўмаклашиляпти. Ватандошларимизга дунёнинг исталган нуқтасидан мамлакатимиздаги давлат хизматларидан масофадан туриб фойдаланиш имконияти яратилмоқда. Хорижда мураккаб вазиятга тушиб қолган юртдошларимизга ҳуқуқий ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш кўлами кенгайтирилмоқда. Меҳнат мигрантларимиз ва уларнинг оила аъзолари давлатимиз, халқимизнинг доимий ғамхўрлигида бўляпти. Фарзандларининг ўқиши ва олий ўқув юртларига ўқишга киришида ҳам енгилликлар бериляпти.

Натижада меҳнат мигрантларимиз ҳам ўзларини Ўзбекистоннинг азиз фарзандлари эканини ҳис қилмоқда, бундан ғурурланмоқда.

Хориждаги ватандошларимиз ичида ўша ёқларда олий таълим олиб, катта муваффақиятларга эришганлари ҳам бор эди. Лекин аввал улар ҳам Ўзбекистон учун гўё бегонадай эди, улар ҳақида гапирилмас, матбуотда ёзилмасди. Президентимиз бу масалада ҳам инқилоб қилди, яъни уларни юртимизга ишга келишга даъват қилди. Тегишли шароитлар яратилгач, улар ҳам юртимизга қайтиб кела бошлашди. Айни пайтда хориждан қайтиб келган ёшларимиз Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, етакчи вазирлик ва идораларда раҳбарлик лавозимларида ишламоқда, янги Ўзбекистонни яратиш жараёнида карвонбошилар сафида бормоқда.

Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси – инсон қадрини улуғлаш сари улкан қадам

Мамлакатимиз тараққиёти кейинги босқичининг вазифаларини белгилаб бериш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2022–2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди. Тараққиёт стратегиясининг пировард мақсади 2026 йилга аҳоли жон бошига ЯИМни 1750 доллардан 2800 долларга етказиш, 2030 йилга эса бу кўрсаткични 4000 АҚШ долларидан ошириш ва Ўзбекистонни даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига киритиш, яъни аҳоли турмуш фаровонлигини кескин ошириш ҳисобланади.

Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши Ўзбекистон тараққиётини янги босқичга олиб чиқади, жамиятимиз ҳаётини тубдан ўзгартиради, халқимиз фаровонлигини кескин оширади, Учинчи Ренессанснинг ташкилий-ҳуқуқий, илмий, маънавий-маданий, ижтимоий-иқтисодий асосларини яратади, халқимиз қадр-қимматини янада кўтаради.

Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ, зеро, Президентимиз айтганидек, “биз буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган халқмиз. Барчамиз бир тану бир жон бўлиб, якдил ва аҳил бўлиб ҳаракат қилсак, ҳалол-пок бўлиб, яхши ният билан меҳнат қилсак, ҳар қандай марраларни эгаллашга, бошқача айтганда, тарихимизнинг янги саҳифасини яратишга қодир халқмиз!”

Одил ОЛИМЖОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси

ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бош

илмий ходими, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор