Мазкур акция давлатимиз раҳбари томонидан аҳолини, хусусан кам таъминланган оилалар, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларга зарур шарт-шароитлар яратишга оид илгари сурилган ташаббуслар ижроси доирасида амалга оширилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш борасида қатор лойиҳалар ҳаётга тадбир этилаяпти. Мавжуд камчиликларни аниқлаш ва манзилли кўмак дастурини амалга ошириш бўйича «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» каби институтлар жорий этилди. Мақсад жамиятда камбағалликни қисқартириш, хотин-қизлар ва ёшлар бандлиги ҳамда тадбиркорлигини ривожлантиришдан иборат.

Мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги  дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари яқинда Хоразм вилоятида бўлиб, минтақанинг ижтимоий-иқтисодий имкониятларини ўрганди. Вилоятга хорижий инвестициялар жалб қилиш бўйича маҳаллий мутасаддилар билан учрашувлар ўтказилди, ҳудуд маҳаллаларида мавжуд камчилик ва аҳоли хоҳиш-истаги тингланди.

Мамлакатимизнинг Қозоғистондаги элчиси Саидикром Ниёзхўжаев Ҳазорасп туманида ҳам бўлиб, инвестиция ва беғараз ёрдам лойиҳаларини амалга ошириш бўйича долзарб масалаларни ўрганган эди. 

Яқинда элчихона томонидан ташкил этилган беғараз ёрдам жўнатмаси вилоятга етказилди. 10 та тикув машинаси туманнинг «Оқ майдон» маҳалласи аёлларига тақдим этилди. Машиналар “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизларга топширилди.

Туман ҳокимлиги ва «Оқ майдон» маҳалласи вакиллари кўрсатилган ушбу ёрдам учун Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимиз элчихонасига миннатдорлик билдирди.