Сўнгги пайтларда мамлакатимизнинг давлат ташқи қарзи тўғрисидаги мавзу ижтимоий тармоқлар ва интернет нашрларда фаол муҳокама этилаётганини ижобий баҳолайман. Мазкур ҳолат, аввало, халқимизнинг сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий тафаккури ошаётганини, қолаверса, ватанимиз тақдирига бефарқ эмаслигимизни намоён этади.

Бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан халқимизнинг нафақат келажакда, балки бугун ҳам яхши яшаши учун шароит яратиш тамойили асосида барча жабҳаларда кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Албатта, аҳолининг хаёт даражаси, турмуш сифатини ошириш, саломатлигини сақлаш, иш билан таъминлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш имкониятини кенгайтириш мақсадида ижтимоий инфратузилмаларни такомиллаштириш, саноат корхоналарини ишга тушириш учун катта миқдордаги сармоя талаб этилади.

2020 йилнинг якуни бўйича жами давлат ташқи қарзининг 17,5 фоизи ёки 3,7 миллиард доллар давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга, 12,4 фоизи ёки 2,6 миллиард доллар энергетика соҳасига, 13,7 фоизи ёки 2,9 миллиард доллар электр энергетикаси соҳасига, 11,5 фоизи ёки 2,4 миллиард доллар транспорт ва транспорт инфратузилмасига, 11,0 фоизи ёки 2,3 миллиард доллар уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларига йўналтирилгани фикримизнинг тасдиғидир.

Айни пандемия шароитида талаб этиладиган катта маблағларни фақатгина солиқ, божхона ва бошқа йиғимлардан тушадиган маблағлар ҳисобига шакллантириш мураккаб. Одатда тўлов баланси манфий, давлат бюджети тақчиллиги мавжуд бўлган, имкониятлар чекланган ҳолатларда йирик лойиҳаларни молиялаштириш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида ташқи қарзга мурожаат қилиш жуда кенг тарқалган амалиётдир. Нафақат ривожланаётган, балки энг ривожланган мамлакатлар ҳам ўз иқтисодиётини юксалтиришда учун ташқи қарз омилидан моҳирона фойдаланади. Масалан, ташқи қарз суммаси ЯИМга нисбатан АҚШда 138 %, Японияда 237 %, Францияда 99 %ни ташкил этади. Ҳатто АҚШда ташқи қарз халқаро монетар тизим асосини ташкил этувчи омилдир. Шундай экан, бугунги глобаллашган ва молиявий ресурслар чекланган замонда ташқи қарз жалб этиш ва уни самарали бошқариш мамлакатнинг энг муҳим молиявий воситаларидан бири ҳисобланади.

Арзон ва узоқ муддатли ташқи қарздан фақатгина бугунги давр харажатларини қоплаш учун эмас, балки мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга имкон берадиган йирик инфратузилма ва саноат корхоналарини барпо этиш учун фойдаланиш эртанги тараққиёт учун мустаҳкам пойдевор яратади.

2021 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган ташқи қарз 21,1 миллиард долларни, ЯИМга нисбатан эса 36,5 фоизни ташкил этмоқда. Ўзбекистон давлат қарзининг сўнгги йиллардаги ўсиш суръати барчамизни бироз ташвишга солаётгандай. Лекин ташқи қарзга хизмат кўрсатиш харажатларининг ЯИМга нисбатан 1,7 %ни, давлат ташқи қарзининг Ўзбекистоннинг халқаро захираларига нисбати 60 %ни ташкил этиши, кейинги йилларда иқтисодиётимизнинг реал ўсиши 5-6 % прогноз этилаётганини инобатга олсак, ташқи қарзни қайтаришда ҳеч қандай муаммолар туғилмаслиги равшан бўлади.

Ташқи қарзнинг барча мамлакатлар учун умумий хатарли бўлган максимал кўрсаткичини белгилашнинг имконияти мавжуд эмас. Ушбу кўрсаткич ҳар бир давлатга нисбатан хусусий ёндашувлар асосида мамлакатнинг экспортидан тушадиган валюта маблағлари миқдори, мамлакатнинг олтин ва бошқа валюталардаги захиралари каби кўрсаткичларни таҳлил қилган ҳолда тавсиявий характерда ишлаб чиқилади.

Шундай бўлса-да, ташқи қарз умумий миқдорининг кескин ортиши ёки ундан самарасиз фойдаланиш салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Бу эса бугунги кунда нафақат иқтисодиётимизни издан чиқариши, шунингдек, келгуси авлодга ҳам тизимли муаммоларни вужудга келтириши мумкин. Айнан шу боис, давлат ташқи қарзи билан боғлиқ ножўя оқибатларнинг олдини олиш мақсадида ҳукумат томонидан бир қатор муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, қонун ҳужжатлари билан давлат қарзи миқдорининг ялпи ички маҳсулотга нисбатини 60 фоиздан оширмаслик қатъий белгилаб қўйилди. Давлат қарзини жалб қилиш ва ишлатишда шаффофликни таъминлаш мақсадида давлат қарзи ҳисобидан молиялаштирилган ва якунланган барча лойиҳалар мажбурий тартибда Ҳисоб палатаси томонидан аудитдан ўтказилади. Қонунчилик палатаси депутатлари ва ОАВ иштирокида муҳокама қилиниб, кенг оммага мунтазам равишда эълон қилиниши таъминланмоқда.

Шу ўринда ташқи қарзни камайтириш омилларига ҳам тўхталиб ўтсак. Бунинг учун мамлакатнинг ички қарз миқдорини ошириш ҳамда капитал бозорини ривожлантириш муҳим омилдир. Бугунги кунда давлатимизнинг ички қарзи 2,2 миллиард АҚШ доллари бўлиб, жами давлат қарзининг 9,2 %ини ташкил этади. Ички қарз шаклланиши жараёнида молиявий маблағларнинг мамлакат ҳудудидан чиқиб кетмаслиги ҳамда мазкур жараёнда давлатнинг асосий инвестори халқ бўлиши давлатимизга бўлган юксак ишончни англатади.

Хулоса қилиб айтганда, ташқи қарзни самарали бошқариш, ички қарз ва капитал бозорларини уйғунликда ривожлантириш орқали аҳолимизнинг ҳаёт даражаси ва турмуш сифати юқори, энг ривожланган мамлакатлар қаторидан ўрин олишига эришамиз.

Нодир ТИЛОВОЛДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати