Давра суҳбатини ташкил этишдан асосий мақсад — Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси ҳамда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган чора-тадбирлар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг устувор йўналишларини таҳлил қилиш ва уларнинг ижроси юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни аниқлаб олишдан иборат.

Таъкидланганидек, Давлат дастури 273 банддан иборат бўлиб, режалаштирилаётган тадбирларни молиялаштиришга умумий қиймати 29 492,7 млрд. сўм ҳамда 2 600,4 млн. АҚШ доллари ва 57,5 млн. евро миқдоридаги маблағлар ажратилиши кўзда тутилган.

Тадбир иштирокчилари Давлат дастурининг бешинчи, яъни ташқи сиёсат ва хавфсизлик йўналиши 30 та ўта муҳим вазифаларни қамраб олганлиги билан аҳамиятли эканлигини эътироф этдилар. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолияти концепциясини янгилаш ва ҳар томонлама такомиллаштириш ҳақида қўйилган вазифа ниҳоятда долзарб ва ўринлидир.

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолият концепцияси 2012 йилда қабул қилинган бўлиб, концептуал ҳужжат сифатида ўтган давр (2012-2020 йиллар) мобайнида Ўзбекистон Республикаси прогрессив ташқи сиёсатининг асосий мақсад-вазифаларини ва устувор йўналишларини ўзида қайсидир маънода мужассам этиб келди.

Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепциясининг такомиллаштириш таклифи мамлакатимиз ташқи сиёсатининг прогрессив моҳиятини, кучайиб бораётган иқтисодий-дипломатик саъй-ҳаракатларини, очиқлик характерини дунёга намойиш этиш билан бевосита боғлиқдир.

Давлат дастурида Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши ва мазкур мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш йўлидаги глобал саъй-ҳаракатларни фаол қўллаб-қувватлаш, Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган Транс-афғон транспорт йўлагини барпо этиш борасида аниқ манзилли тадбирларни амалга ошириш вазифаси ҳам алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Транс-афғон коридорининг барпо этилишидан Марказий ва Жанубий Осиёдаги барча мамлакатлар келгусида бирдек манфаат топади. Бугунги кунда мамлакатимизнинг Покистон ва Ҳиндистон билан товар айирбошлаш ҳажми 500 млн. доллардан ошмайди. Бунинг сабаби – бизни ушбу мамлакатлар билан тўғридан тўғри боғлайдиган транспорт коридорининг мавжуд эмаслигидир. Ваҳоланки, салкам 2 миллиард аҳоли яшайдиган Жанубий Осиё мамлакатлари саноати тобора юксалиб бораётган Ўзбекистон учун улкан бозор вазифасини ўташи мумкин.