Хусусан, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Қарши филиалида ҳам ўрганув ўтказилмоқда.
Мазкур жараёнда олий таълим муассасаларидаги таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича ўқув-меъёрий ҳужжатлар, профессор-ўқитувчиларни ишга қабул қилишда шаффофлик таъминлангани, олий таълим жараёнини бошқаришда ахборот тизимидан фойдаланиш ҳолати, аттестация жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш билан боғлиқ қатор масалаларга эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда филиалда 1 997 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларга 78 нафар профессор-ўқитувчи таълим беряпти.
Қайд этиш лозимки, бу каби ўрганувлар Қарши давлат университети, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти, Қарши ирригация ва агротехнологиялар институти, Тошкент кимё-технология институти Шаҳрисабз филиалида ҳам олиб борилмоқда, дейилади инспекция ахборот хизмати хабарида.