TAV компаниялар гуруҳи йирик аэропорт платформаларининг дунёдаги етакчи операторлари ва яратувчиларидан бири ҳисобланади. TAV Airports Holding аэропортларга комплекс хизмат кўрсатиш, хусусан, уларни қуриш, эксплуатация қилиш ва молиялаштириш билан шуғулланади. 8 та мамлакатдаги 15 та аэропорт ҳажмидаги лойиҳалар портфелига эга TAV 30 та мамлакатнинг 101 та аэропортида тўғридан-тўғри фаолият юритади. У ўз шўъба корхоналари орқали аэропортларга кўплаб турдаги хизматлар кўрсатиб келяпти. Шу боис ҳам TAV Airports Holding Ўзбекистон Республикаси аэропортларининг амалдаги инфратузилмасини такомиллаштириш ва модернизациялаш бўйича қатор тайёр инновацион ечимларни таклиф этяпти.

Учрашувда С. Сенер TAV Airports Holding янги «Тошкент» Халқаро аэропортини халқаро стандартлар ва талабларга жавоб берадиган, юқори технологияли, инновацион ечимлардан фойдаланган ҳолда барпо этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва инвестициялар киритишга тайёр эканини билдирди. Учрашув натижаларига кўра, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва TAV Airports Holding компанияси ўртасида Англашув меморандуми имзоланди, шунингдек ҳамкорликда инвестицион лойиҳани ишлаб чиқишга келишилди.

Мазкур меморандумда томонлар Ўзбекистон Республикасида янги аэропортлар ташкил этиш, амалдагиларини модернизациялаш, аэропорт тизими бошқарувини такомиллаштириш, шу соҳадаги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш масалаларида ҳамкорлик қилишга келишдилар, деб хабар беради Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати.