Жумладан, Президентимизнинг “2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш давлат дастури тўғрисида”ги  ҳамда  “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини копмлекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарорларига мувофиқ, Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш, янги иш жойлари яратиш, шунингдек, минтақанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, минтақада соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш каби кенг кўламли чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Эътироф этиш керакки, бевосита давлатимиз раҳбари ташаббуси билан  мураккаб экологик муаммолар таъсирида галобал инқирозга юз тутган Орол денгизи ва унга яқин ҳудудда яшовчи одамлар ҳаётида рўй берган ижтимоий-иқтисодий таназзул талафонларини бартараф этишга бугун бутун ўзбекистонликлар бел боғлади. Айни кунларда Қорақолпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманлари ҳамда узоқ ва яқин овулларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳудудлар инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқларини янгилаш ишлари изчил амалга оширилаяпти. Бу борадаги эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришда турли вилоятлар томонидан кўрсатилаётган беғараз ёрдамлар муҳим аҳамият касб этаётир. Жумладан, Тахиатош тумани Сурхондарё бириктирилган бўлиб, 2022-2023 йилларда вилоят тадбиркорлари кўмаги билан саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида қиймати 239,6 миллиард сўмлик 19 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Пировардида 4 мингга яқин иш ўрни яратилади.

— Ҳозирда Тахиатош туманида Сурхон воҳаси тадбиркорлари, банк раҳбарлари ва мутасаддилардан иборат вилоят штаби тузилган. Улар маҳаллий мутасаддилар билан бирга туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ишлар олиб боришмоқда. Бу борада қилинаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов бошчилигидаги делегация Қорақалпоғистонга ташриф буюрди, — дейди Респулика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Наргиза Раҳматуллаева. — Вилоятимизнинг энг илғор тадбиркорлари ва фермер хўжаликлари ўз лойиҳаларини Тахиатош туманида амалга ошириш, пировардида янги иш ўринлари яратиш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга бел боғлашмоқда. Бу ерда ташкил этилган штабда амалга оширилаётган ишлар ва йўлга қўйилаётган янги лойиҳалар тақдимоти  ўтказилди. Рости, бундай амалий тадбирлар бизни тахиатошликлар билан қалбан яқинлашишга, ўзаро самимий дўстлик-биродарлик ришталарини мустаҳкам боғлашга катта туртки бераяпти. Ўтказилган маънавий-маърифий тадбирлар, янгидан-янги лойиҳалар ижроси, айниқса, ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатлар Тахиатош ҳаётида сурхондарёликлар салмоқли из қолдираётганидан далолатдир.

Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда  узлуксиз таълимнинг барча бўғинлари, шу жумладан, мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш, айниқса, жамиятда китобхонлик маданиятини ривожлантириш, ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик билим ҳамда дунёқарашини бойитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунга биноан Тахиатош тумандаги 1 ва 4-сонли умумтаълим мактаблари ҳамда 11-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларида сурхондарёлик ва Қорақолпоғистонлик ўқувчи-ёшлар ўртасида “Беш ташаббус – беш имкон” шиори остида тадбирлар, спорт мусобақалари ва кўрик-танловлар уюштирилди. Тадбир доирасида ўқувчи-ёшларга 3000 дона бадиий китоблар жамланмаси тақдим этилди. Шунингдек, 11-сонли мактабгача таълим ташкилоти фаолияти, бу ерда болаларнинг таълим-тарбия олишлари учун яратилган шарт-шароитлар билан ҳам танишиш асносида турли хилдаги ўйинчоқлар ва болалар таълими учун мўлжалланган анжомлар совға қилинди.

Таъкидлаш жоизки, Найманкўл овулида юзта бир сотихлик иссиқхоналар барпо этилаяпти. Ҳозирга қадар Тахиатош туманидаги “Кенегес” каналининг 5,7 км. қисми, “Суенли” каналининг 1,5 км. қисми тозаланиб, 500 гектар ер майдонининг суғориш тизими яхшиланди. Бундан ташқари, ҳудудда пиллачилик ва боғдорчиликни ривожлантириш учун 7 минг туп тут, 10 минг туп мевали ва манзарали кўчат экилди. Шунингдек, Сурхондарё вилояти вакиллари тахиатошлик нуронийлар ва фаоллар ҳамроҳлигида “Обод макон” маҳалласида барпо этилаётган “Ёшлар боғи” лойиҳасини кўздан кечиришди ва “Яшил йиллик” умуммилий лойиҳаси доирасида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.

—  “Аёллар дафтари” платформасига киритилган хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларнинг бандлигини таъминлашга яқиндан кўмаклашиш мақсадида “Обод макон” ва “Дўстлик” маҳаллаларида жойлашган Мономарказлар фаолияти билан яқиндан танишдик, — дейди Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари — оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зулхумор Хидирова. — Аёл бахти — эл-юртнинг бахти. Аёл қачон ўз ҳаётидан рози бўлади? Уйида тинчлик, рўғорида файзу барака, фарзандлари юзида табасссум зоҳир бўлсагина аёл том маънода ўзини бахтли ҳис қилади. Айни мана шу ҳақиқатга таянган ҳолда, ҳудуд аёлларини моддий ва маънавий қўллаб-қуватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, даромад олиш манбаларини яратишга интиляпмиз. “Остона килем” масъулияти чекланган жамиятининг кооперация асосида жундан ип йигирув ва гилам тўқиш фаолиятини ташкил этиш лойиҳаси доирасида хотин-қизлар гилам тўқишга ўргатилмоқда. Шунингдек, бу ерга келиб 20 та хонадонга инкубатор, 50 та хонадонга тикув машиналари ҳамда дастгоҳлар етказиб бердик. Тахиатошда ишсиз хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш бўйича Сурхондарё тажрибасини жорий этиш бўйича галдаги вазифаларни белгилаб олдик.

Азимбек САМАДОВ,

 “Янги Ўзбекистон мухбири