Унда Ташкилотга аъзо мамлакатлар экспертлари иштирок этди. Улар ТДТ доирасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб йўналишларини кўриб чиқди ҳамда кутилаётган Вазирлар йиғилишининг кун тартибидаги асосий масалаларни ҳисобга олган ҳолда уни ривожлантириш йўлларини муҳокама этди.

Хусусан, ТДТ Инвестиция жамғармасини ташкил этиш, савдо тартиб-қоидаларини соддалаштириш бўйича чора-тадбирлар кўриш, Ташкилот доирасида «Савдо ҳамкорлиги бўйича тадқиқот маркази» ва «Муҳандислик ва технологиялар маркази»ни ташкил этиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини тасдиқлаш истиқболлари кўриб чиқилди.

Иқтисодиётни рақамлаштириш жараёнларини фаоллаштириш ва электрон тижоратни кенгайтириш, ТДТ мамлакатларида савдо уйлари фаолиятини ташкил этиш механизмлари ва тамойилларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда Туркий савдо-саноат палатасининг аниқ чора-тадбирлари режасини ишлаб чиқиш бўйича конструктив таклифлар билдирилди.

Учрашув якунида экспертлар кўриб чиқилаётган ташаббусларни амалга оширишнинг аниқ ва изчил механизмларини ишлаб чиқди ва шу йил 9 ноябрда бўлиб ўтадиган ТДТ мамлакатлари иқтисодиёт ва савдо вазирларининг 11-йиғилиши доирасида имзолаш учун коммюнике тузди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.