Янги ўқув йилидан Тошкент давлат юридик университети иқтидорли талабалар, ходимлар ҳамда истиқболли битирувчиларига хорижда ўқиш учун стипендия тақдим этади. Махсус танловдан ўтган номзодлар дунёнинг етакчи ўқув ва илмий муассасаларида магистратура ёки докторантура таҳсилини давом эттириши мумкин. Бу бўйича университет ректорининг алоҳида буйруғи имзоланди.

ТДЮУ илмий бошқармаси бошлиғи Икром Эргашевнинг маълум қилишича, стипендияга талабгорлар ариза ва ҳужжатларини даставвал факультет ишчи гуруҳига тақдим этади. Бу жараён 17-21 август кунлари электрон тарзда ташкил қилинди. Кейинги босқичда ўқув ишлари бўйича проректор бошчилигидаги университет комиссияси ҳар бир номзод бўйича ўз хулосасини бериши керак. Бунда талабгор танлаган олий таълим ёки илмий муассасанинг нуфузи, у ерда ўқиш харажатларининг миқдори, эгалламоқчи бўлган мутахассислигига университетда қанчалик эҳтиёж борлиги, чет тилини билиш даражаси, ўқиш, илмий ёки касбий фаолиятидаги ютуқларига алоҳида эътибор қаратилади.

- Университет ўзи тайёрлаётган ҳуқуқшунос кадрлар дунёнинг етакчи таълим даргоҳларида билимини мустаҳкамлаши ва тажриба орттиришидан манфаатдор, — қайд этди И.Эргашев. — Бундай ёндашув пировард натижада мамлакатдаги ҳуқуқий таълим ва фан ривожи, соҳада нафақат малакали, балки замонавий мутахассислар сафининг кенгайишига олиб келади. Инчунин, Президентимизнинг жорий йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида ҳам кадрлар сифатини ошириш масаласига устувор аҳамият берилган. Шуни назарда тутиб, бўлғуси стипендиатларга халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингларининг биринчи мингталик рўйхатидан ўрин олган олий таълим муассасаларига ўқишга кириш шартини қўйяпмиз.

Яна бир гап. Касбимда юксаламан, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшаман, деган мутахассис борки, жаҳондаги илғор университетлар дарсхонасида сабоқ олишга интилади. Тошкент давлат университети мана шундай эзгу мақсадларга эш ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга тайёр. Шу боис ҳам тўлов масаласида уларга ёрдам бериш ташаббусини билдирди. Албатта, ҳар қандай танлов соғлом рақобат руҳида ўтиши, адолат асосий мезон қилиб олиниши, ҳаммага тенг шароит ва имкониятлар яратилиши даркор. Бироқ орамизда ижтимоий аҳволи туфайли бошқаларга қараганда кўпроқ эътиборга муҳтож инсонлар ҳам учрайди. Улар ҳақида қайғурмоқ инсоний бурчимиздир.

Юқоридаги мантиқ-мулоҳазадан келиб чиқиб, ТДЮУ раҳбарияти хорижда ўқиш харажатларини қоплаш учун ўтказиладиган танловда давлат ҳимоясига олинган етим болалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган фуқаролар ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига муайян устунлик бериш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолмоқда.

Танловнинг якуний натижалари сентябрь ойида эълон қилинади.

Тошкент давлат юридик университети

жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими