Айни пайтда университет қабул комиссия 2021-2022 ўқув йили учун хорижий фуқаролардан аризаларни қабул қилмоқда.
Хорижий фуқароларни ўқишга қабул қилиш шартлари қанақа?
Миллий қонунчиликка кўра, мамлкатимизда яшаш гувоҳномасига ёки инвестиция визасига эга бўлган хорижий инвесторлар ҳамда уларнинг оила аъзолари Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун назарда тутилган шартларда ўқишга кириш ва таълим олишга ҳақлидир.
Талабалар ўқиши қонун ҳужжатларида хорижий фуқаролар учун назарда тутилган тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Имтиҳон қай тарзда амалга оширилади?
ТДЮУ бакалавриатига хорижий фуқароларни қабул қилиш тест синовларисиз, университетда ўтказиладиган суҳбат натижаларига кўра ва рейтинг тизимига мувофиқ тўпланган балларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.
Хорижий фуқаролардан ҳужжатларни қабул қилиш тартиби қандай?
ТДЮУ бакалавриатига қабул қилиш учун ҳужжатлар онлайн тарзда топширилади.
Хорижий фуқаролар аниқ вақт режимида электрон шаклдаги қабул қилиш тўғрисидаги аризани тўлдириб, унда таълим йўналиши, таълим тили ва шакли, олий таълим муассасасини тугатгани ёки унда олий маълумоти мавжуд эмаслиги, суҳбат ўтказиш қоидалари билан танишгани хусусида белгини кўрсатиши керак.
Электрон аризага қандай ҳужжатлар илова қилинади?
Қабул қилиш тўғрисидаги электрон аризага хорижий фуқаронинг паспорти ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат, белгиланган тартибда легализация қилинган ёки апостиль қўйилган хорижий давлатнинг ваколатли органлари томонидан берилган, ўрганилган фанлар ва улар бўйича имтиҳонларда олинган баҳолар (баллар) кўрсатилган таълим ҳақидаги ҳужжат, 3,5 x 4,5 см ўлчамдаги рангли фотосурат электрон шаклда илова қилинади.
Ҳужжатларда камчиликлар бўлса нима қилиш керак?
Тақдим қилинган ҳужжатлар белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган тақдирда, 72 соат ичида аризада кўрсатилган электрон почта манзил бўйича хорижий фуқарога тегишли хабарнома юборилади ҳамда унга кўрсатиб ўтилган камчиликларни тузатиш ва ҳужжатларни қабул қилишнинг белгиланган муддати тугагунга қадар уларни такроран тақдим этиш имкони берилади.
Ҳужжатларни қабул қилишнинг белгиланган муддати тугагандан сўнг уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш мумкин эмас.
Ўқишга кириш суҳбати қачон ўтказилади?
Суҳбат 2–10 август кунлари бўлиб ўтади.
Суҳбат натижалари хорижий фуқарога қўйилган баллар (0 дан 100 гача) бўйича рейтинг тизими бўйича аниқланади.
Хорижий фуқаролар жадвал бўйича суҳбатга келмаганда (0 балл қўйилади) ва белгиланган максимал баллнинг 55 фоизи ва ундан кам балл тўплаганда ўқишга қабул қилинмайди.
Ўқишга қабул қилингач хорижий фуқаро контракт суммасини қачон ўтказиш керак?
Хорижий фуқаролар белгиланган тўлов-контрактни 15 сентябрдан кечиктирмай тўлаши шарт ва шундан сўнг уларга ўқишга қабул қилиш тўғрисида ТДЮУ ректори буйруғи расмийлаштирилади. Шунингдек, улар 2 сентябрдан бошлаб дарсларга қатнашиши мумкин.
Тошкент давлат юридик университети
Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими