Телевизион  дўконларининг юқори даражада машҳурлигининг асосий сабаби битта — бу қулайлик.   Гўёки келтирилган нархлар бир қарашда арзондек ва сиз исталган вақтда, ўзингиз хоҳлаган маҳсулотни уйни ўзиданоқ буюртма қилишингиз мумкин.

Мамлакатимизнинг бир қанча телеканалларида “онлайн теледўкон”лардан чиқишлар  кунига бир неча бор такрор-такрор намойиш этилади.  Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига жорий йилнинг ўтган даврида таниқли теледўконлардан бири “Hop shop”га эътироз билдириб мурожаатлар қилинган.  Агентликка тушган 90 дан ортиқ мурожаатлар ўрганилганда, жами зарар миқдори 51 милион сўмдан ортиқни ташкил этгани  маълум бўлди. Аслида товарларни ўрганиш учун фурсат йўқлиги сабаб истеъмолчилар кўпинча етказиб берилгандан кейин унга ачиниб қоладилар. Буюртма  айнан  истеъмолчи кутганидек, яъни телевизорда кўрганидан бутунлай  бошқача  бўлиб чиққани учун  унга нисбатан эътироз билдиришади.

Бошловчилар турли-туман маҳсулотларнинг юқори сифати ва нархи барчани қониқтириши мумкинлигини мақтаб таъриф берадилар. Ажабланарлиси, мазкур рекламаларда чегирмалар фақат намойишлар вақтида бўлиши таклиф қилинади! Телеканалда маҳсулот жуда сифатли ва нархи арзонлаштирилган деб  таъриф берилади. Ана шу фаол реклама қилинаётган даврда истеъмолчи беихтиёр айёрона маркетинг тузоғига илиниб қолади. Устига-устак ролик сўнггида зудлик билан кўрсатилган рақамларга қўнғироқ қилиш ва маҳсулотни харид қилиш таклиф этилади! Истеъмолчи бундай ҳолатни пайқамай қолиб, буюртма қилишга шошилади.

Қонунга мувофиқ, агар товар ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилгани, зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар сотиб олинишига сабаб бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилишга ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир;

Истеъмолчининг товар ҳақидаги нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблари сотиб олинган товарнинг хоссалари ва жиҳатлари ҳақида истеъмолчи махсус билимга эга эмас, деган тахминга асосланиб қараб чиқилади.

Нотўғри реклама оқибатида сотиб олинган товар (иш, хизмат) туфайли истеъмолчига етказилган зарар ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

Ҳурматли истеъмолчилар, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда истеъмолчи нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, ўз хоҳишига қараб  истеъмолчи қуйидаги бешта  ҳуқуқларидан бирини талаб қилишга ҳақли эканлигини айтиб ўтиш лозим. Булар товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш, товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиш, товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш, харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш ва шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплашдан иборатдир.  Истеъмолчи мазкур ҳуқуқларидан кафолат муддати давомида товарнинг нуқсонлари аниқланган тақдирдагина фойдаланади.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ходимларининг саъй-ҳаракатлари туфайли барча истеъмолчилар мурожаатлари ижобий ҳал этилмоқда. Нуқсонли товар харид қилинган ёки рекламада берилган хусусиятларга эга бўлмаган товарни албатта қайтариш ҳуқуқига эгасиз.