Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари темир йўл соҳасини ислоҳ қилиш бўйича Япония тажрибасини ўрганди.

Япония темир йўл тизими дунёдаги энг илғор тизимлардан бири бўлиб, унинг умумий узунлиги 30 минг 625 километрни ташкил этади. Кунчиқар юртда темир йўл соҳасида "Japan Railways" (JR Group) компаниялар гуруҳи фаолият юритади. JR Group 1987 йилда давлатга қарашли Япония миллий темир йўллари (JNR) компаниясини  ўзгартириш орқали ташкил этилган.

Ислоҳотнинг асосий сабаблари:
- Давлатнинг компания бошқарувига аралашуви;
- Стандартлаштирилган бошқарув;
- Менежерлар ва касаба уюшмалари фаолиятида ўзаро мувофиқликнинг йўқлиги;
- Ташкилотнинг йириклиги;
- Менежерлар ўртасида рақобатнинг аҳамияти ҳақида етарлича тушунча бўлмаганлиги.

Ислоҳотнинг асосий йўналишлари:
- Рақобатни жорий этиш;
- Ортиқча ходимлар сонини қисқартириш;
- Вазифалар ва оператив жавобгарликни аниқ тақсимлаш;
- Аффилланган бизнесни ривожлантиришга туртки бериш.

Ислоҳот хусусий капитални темир йўл саноатига жалб қилишни рағбатлантирди. Бу эса марказий ҳукумат субсидияларидан деярли воз кечишга имкон берди.

Темир йўл транспорти соҳасида темир йўл инфратузилмасини яхшилаш, янги линияларни қуриш ва мавжудларини модернизация қилиш, юк ва йўловчи вагонлари паркини янгилаш учун шароит ва рағбатлантириш тизимини яратиш, транспортда, шу жумладан, вокзалга ёндош ҳудудлар ва станцияларда хизматларни тубдан ўзгартириш учун давлат-хусусий шериклик (ДХШ) тамойилларини жорий этиш мақсадга мувофиқ.