Инновацион ривожланиш вазирлиги муълумотига кўра, мулоқот чоғида томонлар “Ўзбекистон учун экологик тоза қишлоқ хўжалиги техникаси платформасини яратиш” лойиҳасини муҳокама қилишди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижрочи директори Бунёджон Охунов лойиҳа ҳар икки томон учун ҳам  муҳимлигини таъкидлар экан, Ўзбекистон томони мазкур лойиҳанинг мастер-режаси билан танишгани ва ўз фикрларини билдирганини қайд этди.

– 2016 йилдан буён Jeonbuk технопарки Ўзбекистон, Эфиопия, Индонезия каби мамлакатларга мўлжалланган қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасида Тараққиёт мақсадидаги расмий ёрдам (ODA) лойиҳаларини илгари сурмоқда, - деди Jeonbuk технопарки директори Янг Жунг.

Учрашувда Ўзбекистон томонидан экологик тоза (CNG) қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб беришни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси илгари сурилиши мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини механизациялашга ҳамда энергетика мустақиллигига ижобий таъсир кўрсатиши кутилаётганлиги таъкидланди.

Мулоқот давомида Сурхондарё вилояти инновацион ривожланиш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Шерхон Кичкилов Сурхондарё вилоятидаги Термиз инновацион тумани ҳақида маълумот берар экан, унда саноат, қишлоқ хўжалиги, иссиқхона хўжаликлари, балиқчилик саноати ривожланган бўлиб, инновацион структурани амалга ошириш учун барча имкониятлар етарли эканини маълум қилди. Шерхон Кичкилов Термиз инновацион туманида Jeonbuk технопаркининг филиалини очиш ёки ҳамкорликда технопарк ташкил этиш таклифини илгари сурди.

Jeonbuk технопарки директори Янг Жунг мазкур таклифни илиқ кутиб олди ва уни атрофлича ўрганиб чиқишга тайёр эканлигини билдирди.

Келажакда Jeonbuk технопарки Ўзбекистон билан узлуксиз алмашув ва ҳамкорлик орқали ODA дастури бўйича янги лойиҳалар амалга оширилишига умид изҳор этилди

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, “Ўзбекистон учун экологик тоза қишлоқ хўжалиги техникаси платформасини яратиш” лойиҳаси доирасида мамлакат қишлоқ хўжалиги техникаларини экологик тоза сиқилган табиий газ балон ёқилғисига ўтказиш ҳамда R&D-тадқиқот маркази фаолиятини йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Корея томонидан Jeonbuk технопарки бошчилигида консорциум тузилиб, унинг таркиби Корея машинасозлик саноати ассоциацияси (KOAMI), “Agro Solution Korea” ташкилоти ва Корея саноат технологиялари институтидан (KITECH) иборат. Ўзбекистон томонидан асосий ҳамкор ташкилотлар – Инновацион ривожланиш вазирлиги, “Ўзавтосаноат” АК, Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги.