Мулоқот Марказий ва Жанубий Осиё, МДҲ, Европа, Осиё-Тинч океани минтақаси, Америка, Яқин Шарқ мамлакатларидан сиё­сий-иқтисодий ва бизнес доиралар вакиллари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар аъзолари, молия институтлари, шунингдек, жаҳоннинг турли илмий-тадқиқот ва таҳлил марказларининг нуфузли экспертларидан 200 га яқин кишини ягона мақсад йўлида жамлади.

Термиз мулоқоти йиғилишининг биринчи куни мазмунли ва конструктив муҳокамалар муҳитида ўтди. Тадбир иштирокчилари тинч­лик ва дўстликда ўзаро боғлиқлик, ҳамкорлик ва ишонч бутун минтақа хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашнинг асосий устунларига айланиб бораётган бир ­шароитда мазкур мулоқотнинг долзарб эканини таъкидлашди.

— Термиз мулоқоти Марказий ва Жанубий Осиёда минтақавий ташкилотлар иштирокида тинчлик, хавфсизлик ва бутун минтақанинг барқарор ривожланиши билан боғлиқ долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун майдон, муҳим ва ноёб платформа саналади. Шу жиҳатдан икки минтақа ва минтақалар ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида қабул қилинган резолюция­нинг аҳамияти ўзига хос бўлади, — дейди БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе. — Мен 2021 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган конференцияни эслатиб ўтмоқчиман. У ва давомли ташкил этилаётган, тинчлик ва дўстлик, фаровонликни таъминлашни бош мақсад қилаётган бундай халқаро тадбирлар шахсан Президент ­Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан экани ­эътиборга молик.

Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 2021 йилда “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Қийинчиликлар ва имкониятлар” халқаро конференцияси ўтказилган эди. Шу билан бирга, БМТ томонидан 2022 йилда қабул қилинган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш резолюцияси ҳам бу халқаро даражадаги мулоқотга асос бўлиб хизмат қилди.

Ўзбекистон Президентининг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқадорликни ­мустаҳкамлаш бўйича 2022 йил БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қўллаб-қувватланган ташаббусини илгари суришда кўп томонлама мунозара майдонини шакллантириш учун Сурхондарёда ташкил этилган форум Ўзбекистоннинг Афғонис­тон чегарасидаги Марказий Осиёда муқобили йўқ “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси билан танишувдан бошланди.

Бу халқаро савдо маркази Карачи — Термиз — Тошкент — Қозоғистон — Россия транспорт коридорининг муҳим боғловчи қисми ҳисобланади ва Ҳинд океани портларига чиқиш имконини бериши билан ғоят аҳамиятли.

Йирик мажмуада замонавий технология­лар асосида маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш иншоотлари мавжуд бўлиб, юкларни “Ягона дарча” тамойили асосида тезкор расмийлаштириш учун барча қулайликлар яратилган. Тадбир давомида хорижлик меҳмонларга ҳужжатлаштириш борасидаги ишлар хусусида ҳам батафсил маълумот берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ташқи ишлар вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида уч кун давомида ўтказилган форум жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди. ­Мулоқотларда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақалараро ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилди. Бунда хавфсизлик, барқарорлик ва изчил ривожланишни таъминлаш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, иқтисодий ўсишни таъминлашда хусусий сектор ва молиявий тузилмаларнинг ролини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Термиздаги форумда йирик халқаро инс­титут ва марказлар вакиллари иштирок этди. Россия Фанлар академиясининг Евгений Примаков номидаги Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар миллий тадқиқот инс­титути, АҚШнинг Марказий Осиё ва Кавказ институти, Буюк Британия Қироллик халқаро муносабатлар институти, Финляндиянинг Мартти Ахтисаари номидаги Тинч­лик жамғармаси, Германиянинг ­Бергхоф ­жамғармаси, Ҳиндистоннинг ­“Обсервер ­Ресерч Фоундашн” таҳлилий маркази ва халқаро ишлар бўйича кенгаши, Покис­тоннинг Стратегик тадқиқотлар институти, Хитой Ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти каби нуфузли ташкилотлар экспертлари шулар жумласидан.

Мулоқотнинг ҳар бир кунидан жой олган тадбирларда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривож­лантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Икки минтақа — Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари тобора ўсиб бораётган катта бозорга эга. Уларда 2 миллиарддан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Бу дунё аҳолисининг 25 фоизидан ортиғи деганидир. Маълумотларга кўра, 2024 йилда Жанубий Осиё давлатларининг умумий ташқи савдо айланмаси 1,4 триллион долларга, Марказий Осиёники эса 253 миллиард долларга етган. Бироқ бу борада ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжуд. Иқтисодий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида экспертлар савдо соҳасида минтақа давлатларининг ишга солинмаган имкониятидан тўлиқ фойдаланиш, транспорт-логистика тизимини ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.

Масалан, трансафғон темир йўли лойи­ҳаси амалга оширилиши натижасида юк ташиш муддати ва нархини 30-40 фоиз қисқартиришга эришилади. Минтақалар давлатларини Ҳинд океани портлари орқали Россия, Хитой ва Европа бозорлари билан боғлашда алоҳида аҳамиятга эга.

— Термиз мулоқоти ўзига хос янги формат, Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегарасида ташкил этилган илк катта ва муҳим форум. Менимча, бу Ўзбекистоннинг минтақадаги қатор муаммоларга ечим топишга қаратилган муҳим ташаббусларидан яна бири. Ҳақиқатан, бу ҳудудларда инфратузилма билан боғлиқ муаммолар етарлича: ривожланган транспорт тузилмаси йўқлиги, минтақа давлатлари ўртасидаги иқтисодий алоқалар етарли даражада эмаслиги маълум ҳолат. Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари натижасида Афғонистон аста-секин минтақада муҳим иқтисодий майдонга айланмоқда. Агар бугун муҳокама қилинаётган лойиҳалар амалга ошса, келажакда Афғонистон транзит давлат сифатида катта имкониятга эга бўлади, — дейди россиялик таниқли эксперт, сиёсий таҳлилчи Станислав Притчин. — Трансафғон темир йўли лойиҳаси Ўзбекистон ва Афғонистонни асосий транзит давлатларга айлантиради. Бу оддий инфратузилма лойиҳаси эмас, балки минтақавий логистика харитасини тубдан ўзгартириши мумкин бўлган стратегик йўналиш. Бу билан Ўзбекистон нафақат минтақадаги энг муҳим транзит марказига, балки Россия билан Афғонис­тонни боғлайдиган муҳим стратегик давлатга айланмоқда. Энг асосийси, агар ушбу лойиҳалар амалга оширилса, Афғонистон ажратувчи эмас, балки Жанубий ва Марказий Осиёни бирлаштирувчи мамлакатга айланади. Буларнинг барчаси Ўзбекис­тон томонининг катта қадамлари ва муҳим ташаббуслари саналади.

Халқаро тадбирда Ўзбекистон томони ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш орқали Марказий ва Жанубий Осиёни барқарор ривожланиш зонасига айлантириш стратегиясини илгари сурди. ­Ўзаро мулоқотлар ­давомида Афғонистон вакиллари Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича минтақавий платформа тақдимотини ўтказди. Бу ташаббус иштирокчи мамлакатларнинг Савдо-саноат палаталари масъуллари томонидан қўллаб-қувватланди.

— Бизга қўшни ва Афғонистонга доимо ­суянч Ўзбекистонда ташкил этилган форум умумий муаммоларни биргаликда ҳал этиш, ўзаро манфаатларни илгари суриш, минтақалараро кун тартибини амалий мазмун билан таъминлаш учун мисли кўрилмаган имкониятлар очиб беради, — дейди Афғонис­тон ташқи ишлар вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Муҳаммад Наим Вардак. — Форумда иштирок этаётганимиздан жуда мамнунмиз. Ўзбекистон, Термиз минтақадаги ўзаро боғлиқликнинг кучли бир рамзига айланмоқда. Мулоқотлар эса ўзаро боғлиқликни чуқурлаштириш орқали можаролар ва геосиёсий қарама-қаршиликлардан холи ҳамкорликнинг умумий маконини шакллантириш учун зарур шарт-шароитларни яратади.

— Бу ерда бугун Марказий ва Жанубий Осиёдан, қолаверса, Афғонистондан келган иштирокчиларни кўряпмиз. Улар билан биргаликда дуч келаётган умумий муаммолар ва имкониятларни муҳокама қилдик. Бунда Ўзбекистон минтақа халқларини бирлаштириш ва долзарб бўлган масалаларни очиқ муҳокама қилишга чорлаб, чинакам етакчилигини намоён қилмоқда, — дейди БМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий координатори Сабина Махл. — Форумнинг иккинчи кунида биз турли мавзуларни, жумладан, иқлим ўзгариши масаласини муҳокама қилдик. Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган, қуруқлик билан ўралган давлатлар учун инновацион ечимлар зарур ва бу ерда айнан шу масалаларга эътибор қаратилаётганини кўриш қувонарли. Иқтисодий жиҳатдан ҳам масаланинг долзарблиги катта. Шундай экан, биз ҳаммамиз учун иқтисодий ўсиш ва умумий фаровонликка олиб борувчи йўлларни топишимиз зарур.

Уч кун давомида ўтказилган мулоқотлар келгусида минтақалар ўртасида тинчлик ва ўзаро дўстлик, ҳамкорликни янада ривож­лантиришда муҳим қадамлардан бирига айланиши шубҳасиз.

Сарвар ТЎРАЕВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири