Янги автошоҳбекат қурилишига старт берилиши тадбирида Сурхондарё вилояти ҳокими, Термиз тумани ҳокими, вилоят Транспорт бошқармаси бошлиғи ҳамда соҳага алоқадор бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этишди. Шу ернинг ўзида янги автошоҳбекат имкониятлари тақдимоти ўтказилди.
Мазкур автошоҳбекат бир вақтнинг ўзида 950-1000 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиб, бекат ишга тушиши билан М-41 халқаро автомагистраль йўли йўналишидаги 7 та туман аҳолиси учун транспорт хизматлари кўрсатиш янада кенгаяди. Бу эса Термиз шаҳрига кириш-чиқиш жараёнларини осонлаштириб, янги йўналишлар ташкил этилишига хизмат қилади.
Бундай лойиҳаларнинг амалга оширилиши нафақат транспорт хизматлари ривожланишига, балки вилоятнинг умумий ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилашга ҳам замин яратади. Замонавий автошоҳбекат фақатгина Термиз шаҳрини эмас, балки бутун Сурхондарё вилояти учун муҳим инфратузилма объекти ҳисобланади.