Президентимиз 2019 йил 30 апрель ва 1 май кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Термиз шаҳрининг Боғишамол маҳалласи Фаровон массивида барча қулайликларга эга замонавий мактаб барпо этиш вазифаси берилган эди. Шунга мувофиқ вилоятнинг Инвестиция дастури доирасида мазкур таълим муассасасини қуриш белгиланиб, қарийб 39 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ва пардозлаш ишлари амалга оширилди. Замонавий усулда жиҳозланиб, ўқувчилар ва ўқитувчилар учун барча қулайлик яратилди.

Энг улуғ,энг азиз байрамимиз арафасида янги ўқув йилига совға қилинган таълим-тарбия масканимиз воҳадаги энг йирик мактаб, — дейди таълим даргоҳи директори Ихтиёр Зиётов. — 1 540 ўқувчига мўлжалланган. Тўрт қаватли замонавий бинодан иборат бу даргоҳда иккита спорт зал, 250 ўринли ошхона, 350 ўринли фаоллар зали, ахборот-кутубхона маркази, ўқув зали, сунъий қоплама тўшалган стадион, спорт майдонлари ҳам бунёд этилган. Барча хоналар компьютер, интернет, кондиционер, кузатув камераси, ичимлик суви билан таъминланган. Бу ерда таълим ўзбек ва рус тилларида олиб борилади. Мактаб шаҳардаги Боғишамол ва Каттабоғ маҳаллалари ҳудудидаги 1-11 синф ўқувчиларини тўлиқ қамраб олишга имкониятига эга. Мактабга энг сара ўқитувчилар танлов асосида ишга қабул қилинади.

Салобатли мактаб кутубхонасига 200 дан ортиқ бадиий китоб совға қилинди, деб хабар беради Сурхондарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.