Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси маълумотига кўра, Термиз шаҳрида 217 туп дарахтнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ жиноят иши апелляция инстанциясида кўриб чиқилди.
Суд материалларига кўра, собиқ Термиз шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи ҳамда Мансур Текстиль Термиз раҳбари ўзаро тил бириктириб, Термиз шаҳри «Дўстлик» маҳалласидаги Юридик техникум ҳудудида дарахтларни кўчириш ишларини ташкил этишга уринган. Бу мақсадда улар ўртасида дастлаб 20 миллион сўмлик шартнома расмийлаштирилган.
Бироқ ҳудуддаги дарахтлар Вилоят Экология бошқармаси ҳамда Миллий гвардия ходимлари томонидан хатловдан ўтказилиб, қимматли дарахтларни кўчириш ва кесиш бўйича мурожаат қонунчилик талабларига асосан рад этилган.
Шунга қарамасдан, қурилиш ҳудудидаги 61 туп «Элдор қарағайи», 36 туп «Виржин арчаси», 101 туп «Шарқ биотаси», 16 туп чинор ва 4 туп тут дарахти — жами 217 туп дарахт ўзбошимчалик билан кесиб ташланган.
Экология идораси ҳисоб-китобларига кўра, ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдори 2 миллиард 69 миллион 437 минг 500 сўмни ташкил этган.
Апелляция инстанциясида собиқ шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи ўзини айбсиз деб ҳисоблаб, оқлов ҳукми чиқаришни сўраган. У судда дарахтларни кесишга рухсат бор деб ўйлаганини ва қурилиш ташкилотига фақат «ёрдам бергани»ни билдирган.
Бироқ суд ҳайъати тўпланган далиллар, гувоҳлар кўрсатмалари ва экспертиза хулосаларини таҳлил қилиб, уни Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топди.
Суд ҳукмига кўра, унга иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинадиган 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Дастлабки қамоқда сақланган муддат инобатга олиниб, якуний жазо муддати 1 йил 5 ой 15 кун этиб белгиланди.