Бу йил Янги Ўзбекистон ислоҳотлари бошланганига роппа-роса ўн йил бўлади. Ўтган тарихан қисқа даврда халқимиз “Янги Ўзбекистон” ғояси ва Учинчи Ренессансни яратишдек буюк мақсадлар йўлида бирлашди. Ҳамма замонларда ҳам ғоявий бирлашиш саодати давлатлар ва халқларга қудрат бахш этган. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган бундай буюк эврилишлар замирида эзгулик, одамийлик, инсонпарварлик ғояларини кўраяпмиз, унинг амалий ифодаларини ҳар биримиз ўз ҳаётимизда ҳис қиляпмиз. Ана шу қутлуғ жараёнда мамлакатимиз етакчиси “Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир” деган тамойилни илгари сургани бежиз эмас. Бу қараш замирида бугун миллий ўзлигимиз ва тараққиётимизнинг маънавий асослари мужассамлашганини кўрмоқдамиз.

Буни биргина мамлакатимизда шоир ва ёзувчиларнинг эркин ижод қилиши учун барча шарт-шароит яратилгани, хусусан, уларнинг янги асарлар битиши ва китобларини чоп эттиришига давлат даражасида алоҳида эътибор қаратилаётгани мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Сирожиддин САЙЙИД билан суҳбатимиз ана шундай қутлуғ янгиланишлар, маънавий юксалишимиз борасидаги фикр-мулоҳазалар билан кечди.

— Сирожиддин ака, ўзингизга яхши маълум, сўнгги йилларда мамлакатимизда ижодкорларга жуда катта имкониятлар эшиги очилди. Айниқса, кейинги қарийб ўн йилда яратилган бундай шароитларни тарихий ва оламшумул ўзгаришлар деб аташ мумкин. Давлатимиз раҳбари ижодкорлар билан учрашувларда ҳам адибларимизга алоҳида эътибор қаратилишини, буюк тарихимизни чуқур ўрганиш билан бирга янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар моҳиятини халқимизга кенг ёйишда ижодкорларнинг ўрни беқиёс эканини таъкидлаган эди. ­Келинг, суҳбатимизни ана шу тарихий жараёндан бошласак.

— Адабиёт, Ёзувчилар уюшмаси ва жамиятимизда кечаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида гапирганда, албатта, ушбу янгиланиш­ларнинг, бу янги замон биносининг бош меъмори бўлган Президентимизнинг бор шиддати, эзгу мақсад-муддаолари ва улуғ нияти кўз ўнгимизда гавдаланади. Давлатимиз раҳбари фаолиятини бошлаган илк кунларданоқ, биринчи нав­батда, диққат-эътиборини адабиётга қаратди. Биргина мисол: ҳозир биз ўтириб, суҳбатлашаётган мана шу муҳташам бино яқин ўтмишда йўқ эди.

Етти-саккиз йил олдинги ҳолатни эсласак. Ўша қаҳратон, рутубатли кунларда Ёзувчилар уюшмаси пойтахтдаги эски бинолардан бирида ижарада турарди ва ҳаммамиз турли қаватларга тарқалиб кетган эдик.

Бировнинг қош-қовоғига қараб, бошқа бировдан хижолат тортиб ишлардик. Улуғ устоз­лар келиб-кетарди... Хуллас, ўша пайтдаги ноқулайликларни айтаверсак, гап чўзилиб кетади.

Шундай оқшомларнинг бирида давлатимиз раҳбари ижодкорларни чақираётгани, зудлик билан Алишер Навоий номидаги Миллий боғга тўпланишимиз ҳақида хабар келди. Қиш кириб келаётган кунлар эди. Ҳали қурилиш бошланмаган, ён-атрофи хароб ҳолатда, каттакон ва омонат елим чодир ичида йиғилдик. Айнан ўша ерда “Адиблар хиёбони” ғояси ўртага ташланди. “Шу Миллий боғ ичида адабиётимиз намояндалари хотирасига атаб Адиблар хиёбони бунёд этсак, қолаверса, Ёзувчилар уюшмасига ҳам шу ерда муҳташам бир қароргоҳ қуриб берсам, нима дейсизлар?” деган савол берилди.

Худди шу пайт осмондан паға-паға лайлакқор ёға бошлади. Биринчи сўз менга берилганида “Муҳтарам Президент, эскилардан, момоларимиздан қолган бир гап бор: эзгу ният қилинганда қор ёки ёмғир ёғса, демак, бу ният ижобат бўлади. Ҳозир осмону фалаклар ҳам Сизнинг бу улуғ ниятларингизни тасдиқлаб, қўллаб-қувватлаб турибди!” дейилди.

Эсингизда бўлса, бир муддат тўхтаб қолган ёш ижодкорларнинг Зомин семинарлари ҳам айнан шу паллада қайта тикланди. Бу семинарнинг дастлабки ташаббускори ҳам, ўз вақтида вилоятга раҳбарлик қилган пайтларида Президентимиз бўлганини ҳамма яхши билади.

Мазкур анжуман ёш ижодкорлар орасидаги катта қизиқишни, ёшликка хос сурур ва орзу-­умидларни ўзида мужассам этган ҳолда қайта тикланди. Мана, бугунга келиб, ушбу анжуман ҳар йили мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Устозларимизнинг бир ҳикмати бор: “Олтин кондан фақат олтин чиқади”. Ёшлар бизнинг олтин фондимиздир. Ана шундай олтинларимизни улғайтириб, тарбиялаб, камолга етказмоқ бизнинг инсоний бурчимиз.

Агар ташқаридан қарасангиз, бу мажмуалар жуда тез ва осон бунёд этилгандек туюлиши мумкин. Баъзилар бундай шиддатли ўзгариш­лар ўз-ўзидан пайдо бўляпти деб ўйлар балки. Лекин буларнинг ортида катта тафаккур, тинимсиз меҳнат ва келажакни ўйлаб қилинган орзу-умидлар ётибди. Ёзувчилар уюшмасининг муҳташам биносини ва Адиблар хиёбонини келажакни кўзлаб қурилган буюк меъморий маж­муа деб биламан. Улар ўзаро уйғунлашиб ­кетган яхлит ансамблни ташкил этади. Энг баланд айвонда эса Президентимиз ташаббуси билан буюк бобомиз Ҳазрат Алишер Навоийнинг ҳайкали салобат тўкиб турибди.

Чет элдан келган ёзувчи ва шоирлар, турли мамлакатларнинг Ёзувчилар уюшмаси раҳбарлари бу масканни кўриб, ҳайратда қолмоқда. Улар “Адабиётга эътибор мана шундай бўлиши керак, биз ҳавасдамиз ва ҳайратдамиз!” деб ҳурмат бажо келтириб кетяпти.

— Ҳақиқатан, шундай, Сирожиддин ака. Ўзимиз ҳам хориждан келган меҳмонлар, адиблар билан учрашиб суҳбатлашганимизда, кўпчилик ўз ҳайратини яширмайди. Ўзбекистонда шоир ва ижодкорларга шунчалик катта шароитлар яратиб берилганидан улар лол қолганини айтади. Шу саволнинг мантиқий давоми сифатида сўрамоқчи эдим: биз ҳозир суҳбатлашиб турган Ёзувчилар уюшмасининг янги биноси, ёнимиздаги муҳташам ва кўркам Адиблар хиёбони, Дўрмон, Зомин ва Паркент ижод уйлари, шунингдек, адибларимизга берилаётган уй-жойлардан ташқари, ижодкорлар учун яна қандай қўшимча шароитлар яратилмоқда?

— Бу хайрли лойиҳалар ҳақидаги суҳбатлар илк бор бошланганида устозларимиз ва бошқа ижодкорлар ҳам қатнашган эди. Бунёдкорлик кўлами шунчалик кенг бўлишига ва бундай юқори суръатда амалга оширилишига кимдир ишонган, кимдир эса ишонмаган ўшанда. Лекин айтилган ният жуда улуғ эди: биз ёруғ жаҳонга икки буюк Уйғониш даврини туҳфа этган миллатмиз. Шунчалик улуғ аждодларимиз борлигидан ҳақли равишда ғурурланамиз, аммо бугун фақат фахрланишнинг ўзи билангина иш битмайдиган, шиддатли замонларга келдик. Буюк алломалар, муҳаддислар, соҳибқиронларни дунёга келтирган, устозларимиз эътироф этганидек, қалами билан бутун дунёни эгаллаган буюк мутафаккирларни берган халқ шунчаки тарих саҳифаларида қолиб кетмаслиги керак. Бу буюклик қонимизда бор, томирларимизда оқмоқда. Биз ана шу қонни, миллат қалбини уйғотишга сафарбар этилганмиз.

Чархи фалак то айланар экан, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Имом Термизий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратлари, қолаверса, қатағон йилларида ёки ундан кейинги шўро замонида яшаб ўтган улуғ устозларимиз айнан ўзимизнинг олтин конимиздан чиққан бебаҳо маъданлардир. Бундай улуғ адабиётни яратган халқнинг келажаги ҳам, албатта, шунга муносиб бўлади.

Мана, давлатимиз раҳбари томонидан ўшанда илгари сурилган “Мақсадни, ниятни улуғ ва баланд олайлик” деган улуғвор ғояларнинг рўёбини бугун ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. Миллатнинг миллат эканини, халқнинг халқлигини унинг адабиёти ҳам намоён этадиган замонлар келди.

— Бугунги кун — янги технологиялар ҳаётимизга шиддат билан кириб келаётган давр. Айниқса, сўнгги йилларда сунъий интеллектнинг ривожланиши ва бу борадаги технологик тараққиёт халқаро майдондаги вазиятга, хусусан, инсоният маънавиятига ижобий таъсир кўрсатиш билан бирга салбий таъсирини ҳам ўтказаётганини афсус билан айтишимиз керак. Шу маънода, юртимиз адиблари ва ижодкорлари олдида бугун қандай долзарб вазифалар турибди? Яъни миллий маънавиятимизни асраб-­авайлаш ва янада юксалтириш борасида қандай юмушларни бажаришимиз зарур?

— Улуғларимизнинг бир буюк ҳикмати бор: эзгуликни емириб ташлайдиган ҳар қандай тараққиёт ёвузликдир. Демак, тараққиёт фақат эзгуликка хизмат қилсагина, ватан ва халқ чиндан тараққий топади, фаровонликка эришади.

Яқинда бир мактабдаги учрашувда иштирокчиларга қарата “Навоий бобомизнинг компьютери бўлганми?” деган саволни бердик. Биласиз, ҳозирги ёшлар ҳаётини замонавий телефонларсиз, гаджетларсиз умуман тасаввур қила олмайди. Бу саволни эшитиб, улар ҳайрон қолди. Мен уларга ҳазиломуз “Навоий бобомизнинг замонавий моноблок компьютери бўлган”, дедим.

Гап шундаки, ёшлар Навоий бобомизни асосан кексалик даври акс этган суратлари орқали тасаввур қилади. Ҳаммамиз мактабда ўқиганмиз: бобомизнинг ҳали болалигидаёқ ёзган икки мисраси даврнинг буюк шоирлари томонидан қанчалар юксак баҳоланган! Ёки Шарафуддин Али Яздийдек буюк аллома ёш Алишер билан савол-жавоб қилиб, унинг илм олган мактаблари, мутолаа қилган китоблари ҳақида суриштиргани ва келгусида бу зийрак, зеҳнли боладан улуғ инсон етишиб чиқишини башорат қилгани тарихдан маълум.

Хуллас, ўқувчилар мендан “Навоийда компьютер бўлганини қандай исботлайсиз?” деб сўраганида, уларга бобомизнинг “Фарҳод ва Ширин” достонини мисол қилиб келтирдим. Унда “ойнаи жаҳон” (сеҳрли ойна) ҳақида сўз боради. Фарҳод сеҳрли ойна орқали узоқ Арманистондаги гўзал Ширинни кўриши ва унга ғойибона ошиқ бўлиши тасвирланган. Ахир бу ҳозирги видеоалоқа ёки интернетнинг башорати эмасми? Бу бугунги мўъжизавий кунларни неча асрлар олдиндан кўра билиш, улуғ тафаккур парвози эмасми?!

Навоий бобомизнинг бундай мазмундаги фикрлари бор: буюклар ёзган китобларни қанча кўп ўқисангиз, сиз ҳам шунчалик буюклашиб бораверасиз. Биз бобомизнинг буюк асарлар ёзгани ҳақида кўп гапирамиз, аммо у киши ўзидан аввал ўтган улуғлар ижодини жуда чуқур ва мукаммал ўрганганини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Масалан, Низомий Ганжавий ҳақида “Эмас осон бу майдон ичра турмоқ, Низомий панжасига панжа урмоқ”, дея бежиз ёзмаган.

Ҳазрат Навоийга илҳом берган, у зотнинг ижодини жаҳоншумул даражада юксалтирган асосий сабаблардан бири Амир Хусрав Деҳлавий, Низомий Ганжавий, Абдураҳмон Жомий ва бошқа мутафаккирларнинг асарларини тинимсиз мутолаа қилганидир. Шу боис, бугун Президентимиз китобхонлик масаласига алоҳида эътибор қаратиб, миллатни, хусусан, ёшларни китобхон ва зиёли авлод этиб тарбия­лаш лозимлигини доимо таъкидлаб келмоқда. Бу борада кўплаб чора-тадбирлар, махсус дас­турлар ва режалар қабул қилинаётгани, илм-фан ва таълим масаласига шунчалик катта куч ҳамда маблағ сафарбар этилаётганининг асосий боиси ва туб моҳияти ҳам аслида шудир.

— Бугун биз Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш ва уни янада мустаҳкамлаш йўлида изчил ҳаракат қилмоқдамиз. Мана шундай муҳим тарихий жараёнда ижод аҳлининг ўрни ҳамда масъулияти нималардан иборат? Айниқса, бугунги ёш ижодкорлар ушбу эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришда қай даражада фаол иштирок этиши лозим деб биласиз?

— Шу ўринда маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитрат домланинг “Бу дунё кураш майдонидир” деган ҳикматли сўзлари ёдга тушади. Президентимиз ҳам бу теран фикрни турли учрашувларда кўп бора таъкидлаб келади. Демак, ҳаётнинг ўзи ҳам, ижод ҳам аслида катта бир кураш майдонидир. Шундай экан, ёш ижодкорлар масаласига тўхталар эканмиз, энг аввало, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Маълумки, Республика ёш ижодкорлари семинар кенгаши айнан давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан йўлга қўйилган эди. Ўз вақтида Президентимиз устоз Абдулла Ориповга ­Зоминда ёш ижодкорлар анжуманини ўтказиш таклифини билдирганида Абдулла ака “Ҳемиримиз йўқ бўлса, номимиз улуғ, супрамиз қуруқ бўлса, буни қандай ташкиллаштирамиз?” деган экан. Шунда давлатимиз раҳбари “Сиз менга истеъдодларни йиғиб беринг, қолган барчасини ўз зиммамга оламан”, деган қатъий оҳангда. Мана, кўриб турганингиздек, шу биргина эътибор туфайли бугун Зомин ёш ижодкорлар семинари ҳақиқий маънода минглаб истеъдодлар “устахонаси” вазифасини ўтамоқда.

Шунингдек, бу йил Қорақалпоғистон Рес­публикаси ва Хоразм воҳасида ҳам “Ақчакўл илҳомлари” республика ёш ижодкорлар семинари қайта тикланди. Бу ташаббусларнинг барчаси Президентимизнинг бевосита эътибори ва доимий қўллаб-қувватлови самарасидир.

Устозларимиздан қолган яна бир ҳикмат бор: буюк завқу шавқ билан ижод оламига кириб келган ёш истеъдод эгасига, токи унинг иккинчи ёки учинчи китоби нашр этилгунига қадар, албатта, ёрдам бериш керак. Агар учинчи китобидан кейин ҳам ундаги ижодга иштиёқ, меҳнатсеварлик ва ҳаётга муҳаббат баланд бўлса, кейин у, шубҳасиз, ўз йўлини топиб кетади.

Бугун адабиётга қаратилаётган бундай юксак эътибор халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилмоқда. Кўплаб хорижлик меҳмонлар юртимиздаги адабий муҳитда юз бераётган ижобий ўзгаришларни алоҳида қайд этмоқда. Яқиндагина Қирғизистон, Тожикистон ва ­Корея Рес­публикасидан келган ижодкорлар билан қатор учрашувлар ўтказилди, Россия билан ҳамкорликда ўзбек шеърияти антологиясининг уч жилди нашр этилди. Шунингдек, меҳнаткаш таржимонларимиз ҳам муносиб рағбатлантирилиб, давлат мукофотларига лойиқ кўрилди.

Ҳар йили 15-20 ёш ижодкорнинг, айниқса, ­Зомин семинаридан муваффақиятли ўтган умидли ёшларнинг биринчи китоби навбатсиз ва катта ададда чоп этилмоқда. Илгари бирор китобнинг минг нусхада чиқиши ҳам катта гап, катта воқеа ҳисобланган бўлса, бугун ёш ижодкорларнинг китоби 5000 — 20 минг нусхада нашр этилмоқда.

Жойларда ўтказилаётган “Ватан манзумаси” номли театрлаштирилган шеърият кечалари ҳам кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар тафаккурида кенг акс садо бермоқда. “Маърифат карвонлари” каби маънавий тадбирлар ҳам барчага маъқул. Бундай маънавий лойиҳаларни янада кучайтиришимиз зарур. Уларнинг асл самараси, албатта, вақт мезони билан баҳоланади, бироқ бугуннинг ўзидаёқ улар жамиятимиздаги ижодий муҳитга янгича жон бағишлаётгани яққол сезилмоқда.

Тўғри, ҳар қандай истеъдодни ҳам бир куннинг ўзидаёқ буюклик даражасига кўтариб бўлмайди ёки ҳеч кимни дарҳол даҳо ёзувчи деб эълон қилишнинг имкони йўқ. Аммо шунчаки қўллаб-қувватлашнинг ўзиёқ ижодкорга улкан маънавий туртки беради. Кўплаб ёш ижодкорларимиз илк китоби нашр этилгач, ижодий йўлини, мақсад ва муддаосини аниқ белгилаб олаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Эътиборлиси, биз бугун фақат китоб чоп этиш билан чекланиб қолмаяпмиз, муаллифларнинг иштирокида тақдимот маросимларини ташкил қиляпмиз, уларга устоз­ларни таклиф этяпмиз.

Энг муҳими, муаллифлик ҳуқуқи ва қалам ҳақи масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёш ижодкорга қалам ҳақини чиройли хатжилдга солиб, катта ҳурмат билан топшириш шунчаки моддий рағбат эмас, балки ижодкорнинг кўз нури ва қалб меҳнатининг юксак қадрланишидир.

Ўтмишни эслаганда, беихтиёр ўзимнинг бошимдан кечирганларим билан қиёслайман. Чунки мен илк китобимни чиқариш учун нашриётлар остонасида ойлаб сарғайганман. “Ана чиқади, мана чиқади” деб умид қилиб, бир ярим-икки йил деганда зўрға тежаб-тергаб иқтисод қилинган қоғозлар ҳисобига чиққан эди биринчи тўпламим. Бугун бу ҳолатларни ёш авлодга гапириб берсангиз, кулгиси қистайди. “Наҳотки, шунчалик қийин бўлган?” деб ҳайратланади.

Шу боис, ҳамма жойда кўп-кўп таъкидлайман: ижод учун шунча шароит яратилмоқдами, демак, унинг қадрига етмоқ керак! Бунинг шук­ронасига атаб миллат юзини ёруғ қиладиган ­гўзал асарлар битиш бурчимиз. Қувонарлиси, бугун савияли китоблар сони ошди, яхши-яхши романлар ёзилмоқда. Биз ёш ижодкорлардан бундан-да каттароқ натижалар, юксак асарлар кутиб қоламиз.

Устозимиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов китобларига ёзиб берган дастхатларида бундай ўтли сўзлар бор эди: “Ижоднинг юлдузли онлари ҳамиша сизга ҳамроҳ бўлсин!”. Қаранг, қандай гўзал ва теран тилак. “Юлдузли онлар” — бу туннинг қоп-қоронғи ярмида, ҳамма ухлаётган пайтда уйғоқ бўлиш деганидир. Туннинг қоқ ярмида дунёдан узилиб шеър битиш саодатини, масалан, мен бошқа ҳеч қандай ҳиссиётга алмашгим келмайди. Чунки бу — қалб меҳнатининг энг олий шодлиги. Ана шу покиза туйғу барҳаёт экан, ҳақиқий истеъдод ҳам, асл адабиёт ҳам мангу яшайди.

— Халқаро ҳамкорлик ҳақида гапириб ўтдингиз. Озарбайжон, Туркия ва бошқа мамлакатлардан ижодкорларнинг Ўзбекис­тонга ташрифи, шунингдек, ўзимизнинг ижодкорларнинг хорижий давлатларга сафарини уюштириш борасида уюшма сермаҳсул ишламоқда. Айтинг-чи, 2025 йилда халқаро ҳамкорлик бўйича уюшманинг фаолияти қанчалик шиддатли ва самарали кечди?

— Ота-боболаримиз таърифи билан айт­ганда, 2025 йил кўз юмиб очгунча ўтиб кетди. Вақт бунчалик тез ўтгандек туюлишининг асосий сабаби ўтган йилнинг ўта шиддатли давр бўлганидир. Шу билан бирга, у йирик ислоҳотлар ва тарихий воқеаларга жуда бой бўлди. Президентимизнинг бундай шиддатли ва тарихий воқеаларга бой фаолияти барчамизга чинакам ўрнак бўлади.

Биргина мисол: мана, куни кеча давлатимиз раҳбарининг “Ватан ва халқ ҳақида ўйлар” китоби қўлимизга тегди. Ушбу китобда биз фаолиятимизда, хусусан, халқаро ҳамкорликни ташкил этишда бевосита қўллашимиз мумкин бўлган кўплаб бой тажриба ва йўналишлар мавжуд. Бугун халқаро алоқалар борасида Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) ҳамда унга аъзо давлатлар билан ҳамкорликда жуда катта лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз.

Мана, яқиндагина Анқарадан махсус таклиф тушди. Биз Ҳазрат Алишер Навоий таваллудига бағишлаб Туркияда ўтказилган маданий тадбирлар ва нуфузли конференцияларда ­қатнашдик. Буюк бобомизнинг у ерда ­ўрнатилган ҳайкали пойига гулчамбар қўйдик. Сўнг

4 миллиондан ортиқ китоб фондига эга бўлган Туркия миллий кутубхонасида бўлиб, у ердаги ўзбек адабиёти бўлимини кўздан кечирдик. Ушбу кутубхона очилишида давлатимиз раҳбари томонидан фондга туҳфа қилинган ўзбек адабиёти дурдоналарини, қолаверса, қардош халқнинг ўзбек адабиётига чексиз қизиқиши ва юксак ҳурматини кўриб, қалбимиз фахр-­ифтихорга тўлди. Шунингдек, Туркия Ёзарлар бирлиги (Ёзувчилар уюшмаси) ва Анқара ижти­моий фанлар университетида маҳаллий адиблар, шоирлар ҳамда соҳа масъуллари билан учрашувлар ўтказдик. Натижада келгуси йилларда ҳамкорликда ташкил этиладиган янги лойиҳа ва ташаббуслар бўйича муҳим келишув ҳамда шартномалар имзоланди.

Айни шу кеча-кундузда Гуржистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан халқаро адабиёт фес­тивалига таклифнома олдик. Бундан ташқари, йил давомида Кашмир халқаро адабиёт фестивалида ва Озарбайжонда ўтказиладиган китоб тақдимотларида қатнашиш бўйича қизғин тайёргарлик кўриляпти. Шу билан бирга, Тожикис­тон давлат университетининг ўзбек тили факультетига бориб, ижодий учрашувлар ташкил этиш бўйича режаларимиз ҳам ниҳоясига етиб қолди.

Албатта, бундай кенг кўламли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишда давлатимиз раҳбарининг очиқлик сиёсати муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзаро тажриба алмашиш, турли ўлка ижодкорларининг асарлари билан яқиндан танишиш юртдошларимиз учун янги ва салмоқли асарлар яратишда кучли туртки бўлади. Биринчи навбатда, бу жараён ёш ижодкорлар учун жуда фойдали ва ўзига хос катта тажриба майдони бўлиб хизмат қилади. Президентимиз кўп бор “Сиз ахир осмонни олмоқ бўлсангиз, Не учун елкамни тутиб бермайин!” дея таъкид­лаганидек, бугун чин маънода ўзбек ёш ижодкорларига ўз истеъдодини намоён этиши учун улкан имкониятлар ва кенг шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.

Бугун Ўзбекистоннинг кўплаб мамлакатлар билан кучли ва дўстона алоқалари мавжуд. Бу хоҳ адабиёт, хоҳ маданият ёки иқтисодиёт соҳаси бўлсин, давлатимизга ҳар томонлама катта манфаат келтиради. ­Масалан, АҚШ Президенти ташаббуси билан таъсис этилган ва Ўзбекистон таъсисчи мамлакатлардан бири сифатида таклиф қилинган, Ғазо секторини қайта тиклашни мақсад қилган Тинчлик кенгашининг биринчи йиғилишида ҳам Президентимиз муносиб иштирок этиб қайтди. Бу ҳам Ўзбекис­тоннинг халқаро сиёсий майдондаги ўрни ва нуфузи тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради. Бундай глобал миқёсдаги эзгу ташаб­бусларни давлатимиз раҳбари, Янги Ўзбекистон сиёсати доимо қўллаб-қувватлайди. Зеро, дунё миқёсида барқарор тинчликни сақлаб қолиш фақат битта давлат ёки битта Президентнинг саъй-ҳаракатига боғлиқ эмас. Аммо шуни унутмаслик керак: фақат тинчлик барқарор бўлган жойдагина чинакам тараққиёт ва ривожланиш бўлади.

Насиб этса, келгусида АҚШ билан бевосита адабиёт йўналишида ҳам кенг ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятимиз бор. Маълумки, Америка адабиёти дунё­нинг энг йирик адабий меросига эга бўлиб, Уолт Уитман, Жек Лондон, Марк Твен, Уильям Фолкнер, Эрнест Хемингуэй сингари жаҳонга машҳур улуғ ижодкорларни бизнинг ўқувчиларимиз яхши билишади.

— Яқинда Президентимизнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон — 2030”

стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги муҳим фармони қабул қилинди. Айтинг-чи, мана шу тарихий ҳужжатдан келиб чиққан ҳолда, бугун Ёзувчилар уюшмаси зиммасига қандай долзарб вазифалар юкланмоқда?

— Ёзувчилар уюшмасига ҳар куни ўнлаб хатлар, мурожаатлар келиб тушади. Уларнинг аксарияти бевосита маҳаллалар ва мактаблардан йўлланган бўлади. Ҳозир маҳаллаларимизда жуда ажо­йиб китоб дўконлари ва замонавий кутубхоналар ташкил этилмоқда. Бу масканларда маҳалла ва мактаб аҳли мутолаа қилиш имкониятига эга. Мурожаатларнинг асосий қисми айнан мана шу кутубхоналар фондини янги китоблар билан тўлдириш ҳақида. Биз улар билан тўғридан тўғри алоқа ўрнатиб, ушбу масканлар фондига ўзбек адабиётининг энг нодир дурдоналарини мунтазам етказиб беряпмиз.

Шунингдек, бу йил юртимизда маҳалла­лараро китобхонлик танловларини ўтказиш режалаштирилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, албатта, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ва самарали ўтказиш ҳамда маънавий тафаккурини янада юксалтиришдир. Ҳозир кўп ёшлар телефон ва компьютерларга қаттиқ боғланиб қолган. Юқоридаги каби қизиқарли ва оммавий танловлар эса уларни мутолаага қайтаради. Чунки мутолаа, энг аввало, инсондаги гўзал туйғуларни тарбиялайди.

Шу мақсадда Ёзувчилар уюшмаси бугун қатор китобларни ўз ҳомийлигида чоп эттирмоқда. Ҳар йили юбилейи муносабати билан атоқли адибларимизнинг сайланма ва танланган асарлари, шунингдек, “Мард аскарга совға”, “Назм бўстони”, “Наср гулшани” каби йирик туркумдаги асарларни нашр этиб келмоқдамиз. Бу йил ҳам халқимиз ва ёшларимиз учун кўплаб янги асарларни чоп эттирамиз.

Шу билан бирга, таълим муассасаларида ижодий учрашувлар ўтказмоқдамиз. Биргина ўтган йилнинг ўзида мана шундай жонли учрашувларда ва турли маънавий тадбирларда 1 миллион 300 минг нусхадан ортиқ китоб бепул тарқатилди. Жорий йилда ҳам ушбу хайрли ишларни изчил давом эттирамиз. Тўғри, бу рақамлар бир қараганда жуда кўпдек туюлиши мумкин, аммо бугун 38 миллиондан ортиқ юртдошимиз борлигини ҳисобга олсак, бу кўрсаткич ҳали кам экани сезилади. Шунинг учун кейинги йилларда ҳамкор ташкилотлар билан бирга китобхонлик тарғиботини янада фаол ва кенг кўламда олиб борамиз. Олдимизда адабиёт соҳаси ривожи учун қилишимиз керак бўлган муҳим ишлар ва катта марралар ҳали жуда кўп.

— Сирожиддин ака, мазмунли суҳбатингиз учун сизга кўпдан кўп раҳмат! ­Албатта, биз Ёзувчилар уюшмаси жамоаси бугун қанчалик шиддат, юксак самарадорлик ва фаоллик билан ишлаётганини кўриб турибмиз. 2026 йилда ҳам уюшма жамоасига ижодий баркамоллик ва улкан муваффақиятлар тилаймиз. Ёзувчилар уюшмамизга бутун юртимиз маънавиятининг асл тарғиботчиси ва уни янада юксалтирувчи буюк куч бўлиб хизмат қилишида зафарлар ёр бўлсин!