Ачинарлиси, етарли дунёқарашга эга бўлмаган, диний саводхонлиги ҳаминқадар бўлган, оқни қорадан ажратолмайдиган ёшларимиз уларнинг тузоғига тушиб, ўз атрофидагиларни, ҳатто яқин қариндошларини ҳам жиноятга кўчасига олиб киришмоқда.

Жумладан, Бухоро шаҳрида яшовчи, 1999 й.т. шахс ёт ғоялар таъсирида 2019 йилда Сурия давлатидаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти сафига бориб қўшилди. У жангарилар сафида фаолият олиб бориш билан бирга, ижтимоий тармоқлар орқали турли баҳоналар билан бошқалардан пул йиғиб, террористик ташкилотнинг молиявий таъминотини яхшилашга кўмаклашди.

2021-2025 йиллар давомида мазкур шахс интернет орқали ўзбекистонлик фуқаролар билан мулоқотга киришиб, уларни криптовалюта кўринишида пул маблағлари юборишга даъват қилди ва натижада катта миқдорда пул йиғишга муваффақ бўлди.

Ҳозирда унинг алдовларига учиб, пул юборган 8 нафар шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 155³-моддаси, яъни терроризмни молиялаштириш айби билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, у ўзининг қабиҳ ишларига Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи, 1965 й.т. ўз отасини ҳам жалб қилди. Ота эса ўғлининг айтганларини бажарди.

Хусусан, 2022-2025 йиллар давомида ота “BINANCE” халқаро крипто-биржаси орқали жами 13 597 USDT крипто-валютасини ўғлига юборди.

Таъкидлаш лозимки, ота муқаддам диний экстремизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарқатиш билан шуғулланганлиги учун 2019 йилда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олиниб, Жиноят Кодексининг 244¹-моддасига асосан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Кейинроқ эса Бухоро шаҳар судининг ажрими билан, у шартли равишда озод қилинган.

Лекин, у давлат томонидан ўзига нисбатан кўрсатилган инсонпарварликнинг қадрига етмасдан, билдирилган ишончни суиистеъмол қилди.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида унинг ҳаракатларига чек қўйилиб, жиноят иши қўзғатилди.

Бухоро шаҳар судининг ҳукми билан 1965 й.т. мазкур фуқаро Жиноят Кодексининг 155³-моддаси 2-қисми “а” банди ва 278⁸-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 10 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Унинг 1999 й.т. ўғли эса Жиноят Кодексининг 244¹, 244², 155², 155³-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги учун, унга нисбатан қидирув эълон қилинди.