Фармонга кўра, Миллий сифат инфратузилмасини ривожлантиришнинг 2026 йил учун асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • Барқарор ривожланиш учун сифат инфратузилмаси индексида Ўзбекистон Республикаси ўрнини камиида 20 поғонага кўтариш;
  • Халқаро тарози ва ўлчовлар бюроси томонидан эътироф этилган калибрлаш имкониятлари сонини 2,5 баробарга ошириш;
  • халқаро даражада тан олинган аккредитация хизматлари улушини камида 80 фоизга етказиш.

Шунингдек, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги тизимидаги Ўзбекистон аккредитация маркази Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилади.

Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази фаолияти тўхтатилади ҳамда унинг таркибидаги мувофиқликни баҳолаш органлари тугатилади.

Ўзбекистон стандартлар институти унга Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати марказини қўшиб олиш орқали қайта ташкил этилади.

Фармонга кўра, 2026 йил 1 апрелдан мувофиқликни баҳолаш соҳасида тадбиркорларга қуйидаги енгилликлар жорий этилади:

  • мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан аккредитация соҳасида кўрсатилган пуллик хизматлар тушумидан ажратмалар 2,5 баробарга
  • камайтирилиб, 2 фоиз миқдорида белгиланади ҳамда тўлиқлигича Ўзбекистон аккредитация маркази ихтиёрида қолдирилади;
  • тадбиркорлар томонидан 2 ва ундан ортиқ аккредитациядан ўтган ҳолда мувофиқликни баҳолаш хизматлари йўлга қўйилган соҳада давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ушбу соҳада синов лабораториялари ва сертификатлаш органлари ташкил этилишига йўл қўйилмайди;
  • мувофиқликни баҳолаш органларига Миллий аккредитация тизимида аккредитация ўтган ҳолда экспорт бозорларида талаб этилаётган хорижий стандартлар асосида мувофиқликни баҳолаш ишларини ўтказишга рухсат этилади.

Қуйидаги иқтисодиёт тармоқларида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тўлиқ халқаро стандартлар асосида ташкил этилади:

  • 2026 йил 1 июлдан тўқимачилик, чарм, мебель, электротехника, автомобилсозлик, ахборот технологиялари;
  • 2027 йил 1 январдан нефть ва газ, металлургия, транспорт, қурилиш маҳсулотлари, тиббий буюмлар;
  • 2028 йил 1 январдан энергетика, кимё, экология, хизмат кўрсатиш соҳалари.

Фармонга кўра, метрология соҳасини халқаро талаблар билан мувофиқлаштириш мақсадида 2027 йил 1 январдан бошлаб:

  • ўлчаш воситаларини қиёслаш амалиётидан воз кечган ҳолда, қонунлаштирувчи метрология доирасида верификациялаш тизими жорий этилади;
  • саноатда фойдаланилаётган ва маҳсулот сифатига бевосита таъсир қиладиган ўлчаш воситалари калибрлашга ўтказилади ва стандарт намуналарни аттестациядан ўтказиш тартиби бекор қилинади;
  • калибрлаш лабораторияларининг Халқаро тарози ва ўлчашлар бюроси базасида эътироф этилган калибрлаш имкониятлари қайд этилган йўналишлари аккредитациядан ўтишдан озод қилинади.

2026/2027 ўқув йилидан стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш йўналишларида таҳсил олаётган олий таълим муассасалари талабалари учун:

  • “Махсус стипендия” таъсис этилади;
  • ривожланган давлатлар, хусусан Европа Иттифоқининг техник жиҳатдан тартибга солиш (Technical Regulation) тизимини ўрганиш модели асосида дарс соатлари жорий қилинади;
  • сўнгги 2 йилни хорижий университетда давом эттиришни назарда тутувчи "2+2" шаклидаги қўшма таълим дастурлари ишлаб чиқилади.