Аммо узоқ йиллар давомида бу имкониятлардан деярли фойдаланилмади. Мавжуд корхоналар ҳам ишлай олмасдан, узоқ йиллар ташландиқ қолдирилгани ҳақиқат. Бир неча йил олдин юртимизда хусусийлаштириш жараёнлари фаоллашган дастлабки даврларда шундай йирик корхоналарнинг бир нечтасига борганимиз ёдимда. Улкан қувватга эга, йирик ишлаб чиқариш заводлари мутлақо қаровсиз, кимсасиз масканга айланганди.

Имконият ва шароит бўлмагани ҳудуднинг иқтисодий ҳолатида ҳам яққол акс этди. Тошкент вилояти пойтахтимизга энг яқин, гигант корхоналар манзили бўлишига қарамай, яқин йилларгача ривожланишдан ортда қолаётган ҳудуд сифатида тилга олинарди. Саноат имкониятлари нафақат мамлакат иқтисодиёти ривожи, балки аҳоли турмуш тарзини яхшилашга ҳам таъсир кўрсатмасди.

Ҳозир Тошкент вилоятидаги ўзгаришлар ҳамда умумий тараққиёт қиёфасига қараб туриб, ҳудуддаги фаол ислоҳотлар 2017 йилдан кейин бошланганига ишониш қийин. Аммо давлатимиз раҳбарининг қатъий иродаси билан қисқа вақтда вилоят туб ўзгаришларга юз бурди. Ҳудудда мутлақо янги имкониятлар очилиб, узоқ йиллар давомида ишлатилмай келган улкан салоҳият, ер ости ва ер усти бойликлари, ­саноат қуввати, меҳнаткаш халқининг бор имкониятлари тўла ишга солиняпти. Тошкент вилояти яна мамлакатимиздаги энг йирик саноатлашган ҳудуд сифатида тилга олиняпти, фақат бу гал кўлам ҳам, кўрсаткичлар ҳам, лойиҳалар ҳам анча улкан.

Бунга доир мисоллар талайгина. Сўнгги саккиз йилда вилоятга 10 миллиард долларлик ҳудудий ва 8 миллиард долларлик тармоқ инвестициялари жалб қилинганининг ўзиёқ янги қувватлар ҳақида тасаввур ҳосил қилади. Буларнинг ҳисобига ҳудудда 10 мингга яқин саноат, савдо ва сервис корхонаси очилди. Маълумотларга кўра, охирги уч йилда йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан юқори бўлган корхоналар сони 1,8 баравар кўпайди, 100 миллиард сўмдан зиёд айланмага эга корхоналар сони эса қарийб 200 тага етди. Ҳар йили юзлаб янги лойиҳалар ишга тушириляпти.

Бу тараққиётда ҳар бир туманнинг ўз ўрни бор. Масалан, вилоятнинг Оҳангарон тумани ҳудуди олтин, кумуш, мис каби қимматбаҳо металларга бой. Аммо яқин йилларгача ривож­ланишдан ортда қолган, энг оғриқли нуқталардан бири эди. Улкан ер майдони, бой саноат хомашёси ва чорвачилик учун беқиёс табиий иқлимга эга бўлишига қарамай, энг қолоқ туманлардан бири сифатида кўрилган. Бугун эса Оҳангарон вилоятнинг энг йирик индустриал манзилига айланди.

2016 йилдан кейин кириб борган ислоҳотлар шиддати сабаб ҳудудда бирин-кетин гигант саноат корхоналари қад ростлади. Қурилиш материаллари саноати шу қадар ривожландики, бу йўналишда улкан кластер занжири ҳосил бўлди. Айниқса, ҳудуддаги табиий маъданлар захираси ва мустаҳкам хомашё базаси электротехника саноатини ривожлантиришга қулай шарт-шароит яратмоқда.

Жорий йилнинг 13 февраль куни давлатимиз раҳбари Тошкент вилояти Оҳангарон туманига ташрифи давомида ана шундай йирик саноат зоналаридан бири — “Eltech Industrial” технопаркида бўлди. Мазкур мажмуа электротехника саноатини янги босқичга олиб чиқиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт географиясини кенгайтиришга қаратилган йирик саноат кластерига айланмоқда. Технопарк тўртта ҳудуддан иборат бўлиб, умумий майдони 362 гектарни ташкил қилади. Ҳозирги кунда 4 та лойиҳа ишга туширилган, 27 та лойи­ҳа шакл­лантирилган. Умумий қиймати 797 миллион доллар бўлган корхоналарда минглаб янги иш ўринлари яратиш ва салмоқли экспорт ҳажмига эришиш режалаштирилган.

Жумладан, технопаркда электротехника саноатининг йирик ишлаб чиқариш қувватлари жойлашган. Кабель маҳсулотларидан тортиб, маиший техникаларгача ишлаб чиқарилади. Президентимизнинг мазкур замонавий корхонага ташрифи бу объектнинг мамлакатимиз саноати сиёсатидаги стратегик аҳамиятини яна бир бор тасдиқлади. Давлатимиз раҳбари технопаркдаги лойиҳалар билан танишиш давомида электротехника саноатини иқтисодиётимиз драйверларидан бирига айлантириб, кўрсаткичларни келгусида ўн миллиард долларга етказиш, бунинг учун ички ва ташқи бозорларда мустаҳкам ўрин эгаллаш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда соҳа учун етук, замонавий билим ва кўникмаларга эга кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

70 минг тонна маҳсулот, 800 та янги иш ўрни

Бугун электротехника саноати дунёда энг ривожланаётган тармоқлардан бири ҳисобланади. Халқаро таҳлилларга кўра, 2025 йилда электротехника хизматлари бозори ҳажми 135 миллиард доллардан ошган ва кейинги йилларда ўртача 5 фоизли ўсиш сақланиб қолиши кутиляпти. Бундай ижобий тенденцияни юртимиз шароитида ҳам кўришимиз мумкин. Хусусан, сўнгги йилларда мамлакатимиз ­электротехника саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 8,1 баробар ошиб, умумий саноат ишлаб чиқаришдаги улуши 3,5 фоизга етди. Айни пайтда соҳада мингдан ортиқ кичик ва ўрта корхона фаолият юритяпти. Уларда 52 мингдан зиёд аҳоли банд.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Оҳангарон тумани электротехника саноати учун зарур бўлган хомашё базасига бой. Биргина мис хом­ашёси ишлаб чиқариш бўйича кейинги йилларда жаҳоннинг етакчи давлатлари қаторига қўшилганимиз имкониятларни яққолроқ намоён этади. Маҳаллий корхоналар ҳам бундан унумли фойдаланишга интиляпти. Технопаркда ишга туширилган лойиҳалар доирасида мис қувурлар ва фитинглар, микропроцессор модуллари ва сим-карталар, юқори кучланишли кабеллар ҳамда маиший техника маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Давлатимиз раҳбари технопаркда ишга туширилаётган бир неча янги қувват билан танишди. Улар орасида мамлакатимизда мис қувурлари ва фитинглар ишлаб чиқариш ҳажми бўйича етакчилик қилаётган “Infinity Copper Group” корхонаси ҳам бор.

 

Анвар НОДИРХОНОВ,

“Metal Processing technology” корхонаси раҳбари:

— Корхонамизда тўртта ишлаб чиқариш заводи мавжуд бўлиб, уларнинг бири Оҳангарон туманидаги технопаркда очилди. Бу қиймат ва кўлам жиҳатидан анча йирик лойиҳа. Хитой ва Германия компаниялари билан ҳамкорликда технопарк ҳудудидаги 10 гектар майдонда амалга ошириляпти. Жараёнда 14,9 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилди. Айни пайтда қурилиш ишларининг 90 фоизи якунланган.

Фаолиятимиз мис қувурлар ва фитинглар ишлаб чиқаришга қаратилган. Бунда нарх ва сифатга алоҳида эътибор берилади. Янги завод Европа ва Хитойнинг энг илғор технологиялари асосида жиҳозланган бўлиб, энергиятежамкор ва аниқ ишловчи ускуналар ёрдамида халқаро стандартларга мос маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 36 миллион доллар бўлиб, уч босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқичда йиллик 35 минг тонна ҳажмда мис қувурлар ва фитинглар ишлаб чиқарилиб, 300 та иш ўрни яратилади. Иккинчи босқичда ишлаб чиқариш 50 минг тоннага, учинчи босқичда эса 70 минг тоннага етказилиб, 800 кишининг бандлиги таъминланади. Ҳозирги кунда биринчи босқич ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик.

Давлатимиз раҳбари корхонамиз фаолияти билан танишиш давомида ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, юқори қўшилган қийматга эга саноат маҳсулотлари улушини ошириш муҳимлигини таъкидлади. Шу каби замонавий, рақобатбардош корхоналар сонини кўпайтириш орқали ички бозор эҳтиёжини тўлиқ қондириш ва экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш зарурлигини айтди.

Асосий вазифамиз маҳаллийлаштириш кўрсаткичларини ошириб боришга қаратилган. Маҳаллий саноат корхоналари ҳисобига бунга эришилаётгани қувонарли. Биргина корхонамиз мисолида олсак, бугунги кунда маҳсулотларимиз импорт ўрнини тўлиқ босади. Масалан, юртимизга ўтган йили 15 миллион долларлик мис қувурлар ва фитинглар импорт қилинган. Дастлабки босқичдаёқ 350 миллион долларлик экспорт қилиш режалаштирилган. Маҳсулотлар Бирлашган Араб Амирликлари, АҚШ, Африка қитъаси ҳамда Европа давлатларига етказиб берилади.

Ҳозир ҳам асосий харидорларимиз Европа ва МДҲ давлатлари бўлиб, маҳсулотларнинг 90 фоизи экспорт қилиняпти. Илгари мис қувурлар ва фитинглар юртимизга асосан Европа ва Хитойдан импорт қилинган бўлса, ҳозир ички бозорни тўлиқ ўзимиз таъминлаш қувватига эгамиз.

Икки йилдан кейин лойиҳанинг учинчи босқичини ҳам якунлаймиз ва ишлаб чиқариш қуввати 70 минг тоннага етказилади. Янги заводимиз тўлиқ ишга тушгач, йилига 10 мил­лион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ички бозордаги таннархни

5 фоиз тушириш кутиляпти.

Ҳамёнбоп нарх, юқори сифат

Кейинги йилларда Ўзбекистон электротехника саноати сезиларли даражада ривожланди. Гап фақат сонда эмас, сифат жиҳатидан ҳам ички ва ташқи бозорда харидорлар ишончини қозонмоқда. Ҳар куни дуч келадиганимиз электрон ускуналарнинг аксари бугун миллий брендларимиз остида ишлаб чиқарилаётгани одамни қувонтиради. Айниқса, маиший техника бозорида ҳозир миллий маҳсулотларимиз харидоргирлик жиҳатидан унча-мунча хориж брендиникидан устунлик қилмоқда. Чет мамлакатлар бозорида ҳам талабгирлиги юқори эканига гувоҳ бўляпмиз.

Бу мазкур саноат тармоғи ривожи учун кенг йўл очилиб, барча имкониятлар яратиб берилгани, маҳаллий тадбиркорларимиз эса катта бозор ҳамда рақобатда ўрин эгаллаш учун тинимсиз ҳаракат қилаётганининг маҳсули. ­Бундан ўн йиллар олдин ички бозорда маиший техника ишлаб чиқарадиган битта маҳаллий бренд номини билардик. Унга ҳам ишончимиз йўқ, сифати борасида анча паст баҳо берганимиз ҳозиргача ёдимда. Бугун эса ўнлаб маҳаллий брендлар мавжуд ва аксари нарх ҳамда сифат борасида хорижникидан қолишмаяпти. Кўпчилигимиз бозорда ўзимизнинг брендни танлаяп­миз. Арзон бўлгани учун эмас, сифати сабаб.

Оҳангарондаги технопаркда давлатимиз раҳбари замонавий электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётган “Premier” корхонасида ҳам бўлди. Президентимиз иш жараёни, маҳсулотлари сифатини кўздан кечириб, мутахассис ва ишчилар билан суҳбатлашди. Шу ернинг ўзида корхонанинг 2026-2027 йилларга мўлжалланган ривожланиш дастури тақдимот қилинди.

 

Саидмухтор САИНУРИДДИНОВ,

“Premier” корхонаси раҳбари:

— Бу корхонамизнинг иккинчи йирик заводи ҳисобланади. 2023 йилнинг август ойи­да давлатимиз раҳбари совиткичлар ишлаб чиқариш заводимизга ташрифлари чоғида янги лойи­ҳамиз учун ер майдони ажратиш топшириғини берган эди. Технопарк ҳудудидан

10 гектар ер ажратилганидан сўнг ўн ой ичида заводни қуриб битказиб, ишга туширдик. Айни вақтда 11,3 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилган.

Лойиҳа Бирлашган Араб Амирликларининг “Fajr Al Mustaqbal General Trading” корхонаси билан ҳамкорликда амалга ошириляпти, умумий қиймати 30 миллион долларни ташкил қилади. Жараёнда 250 та янги иш ўрни яратилиб, 4 миллион доллар экспорт қилиш кўзда тутилган. Маҳсулотлар асосан Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Россия, Қирғизистон, Афғонистон каби давлатларга экспорт қилинади.

Ҳозирги кунда корхонамиз ишлаб чиқариш ҳажми бўйича Ўзбекистонда иккинчи ўринда туради. Марказий Осиё бўйича ҳам шундай йирик корхоналар орасида етакчилик қиляпмиз. Бу ишлаб чиқариш қувватларимиз шунга яраша экани, ички бозор талабларини қондириш имкониятимиз юқорилигини кўрсатади. Келгусида технопаркдаги мажмуа тўлиқ ишга тушиши ҳисобига 87 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиши кутиляпти.

2021 йилда ташкил этилган корхонамиз учун бу катта натижа. Аммо мақсадларимиз бундан-да баланд. Чунки юртимизда тадбиркорлар, хусусан, электротехника саноати ривожи учун барча шарт-шароитлар яратиб берилгани биз каби ишлаб чиқарувчиларни қувватларни бир неча баробар оширишга ундаяпти. Айни пайтда яна 4 та янги завод қуриш лойиҳаси устида ишлаяпмиз. Янги бозорларга кириб бориб, экспорт кўрсаткичларини каррасига оширишни мақсад қилганмиз. Давлатимиз раҳбари бу борада бир қанча кўрсатмалар берди. Уларни бажариш учун барча имкониятларимиз бор.

Қолаверса, маҳсулотлар тури, сифати ва нархи борасида доимий изланишдамиз. Боиси, брендимиз премиум сифатдаги маҳсулотларни ҳамёнбоп нархларда етказиб бериши билан харидорлар ишончини қозониб келмоқда. Сифат ва замонавий дизайн уйғунлиги, ҳудудларда сервис хизматларини кўрсатиш узлуксизлиги таъминлангани учун брендимиз қисқа вақтда бозорда мустаҳкам ўрин эгаллашга эришди. Эндиликда янада кўпроқ янги бозорларга кириб бориш орқали ишлаб чиқариш қувватларини оширишни мақсад қилганмиз.

Технопаркдаги лойиҳамиз бу жараёнда энг йирикларидан бири бўлади. Чунки бу ерда имкониятлар кенглиги, инфратузилма узлуксизлиги, локация жиҳатидан барча вилоятларга қулай жойлашув ишимизни янада жадаллаштиради.

 

* * *

Бугун дунёни электроника воситаларисиз тасаввур қилиш қийин. Қўлимиздаги мобил қурилмадан тортиб, ҳар куни фойдаланадиганимиз компьютер технологиялари, автомобиллар, маиший техника, электр энергияси ва алоқа тармоқлари симларининг бари электротехника саноати маҳсулотларидир. Ана энди ушбу тармоққа бўлган талабни тасаввур қилаверинг. Унинг ривожланиши эса бевосита мамлакат тараққиёти, иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари билан боғланаётганининг боиси шунда.

 

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири