Ўзбекистон бугун электр энергияси масаласини “фақат электр етказиб бериш” доирасидан анча кенгроқ кўра бошлади: энергетика бу саноатнинг ишлаши, аҳолининг турмуши сифати, инвестиция муҳити барқарорлиги ва ниҳоят давлатнинг иқтисодий мустақиллиги демакдир. Шу сабаб “яшил” энергия энди фақат экология эмас, балки энергия мустақиллиги ва иқтисодий барқарорлик билан бевосита боғлиқ масалага айланганини амалий саъй-ҳаракатлар ҳам тасдиқламоқда.
Шу ўринда “Яшил энергия ўзини оқлаяптими?” деган саволга жавобни уч йўналишда излаймиз: кеча — муаммо ва зарурат; бугун — натижа ва реал кўрсаткич;
эртага — ESS (энергия сақлаш тизимлари), энергия самарадорлиги ва “zero-carbon” ёндашуви асосидаги янги босқич.
Энергетикадаги бугунги ўзгаришлар бирдан пайдо бўлгани йўқ. Улар реал ҳаётдаги оддий ҳолатдан бошланди: иқтисодиёт ўсди, аҳоли кўпайди, ишлаб чиқариш кўлами кенгайди. Демак, энергияга талаб ошди. Бундай вазиятда тизимнинг энг катта вазифаси — электр энергиясини ишончли, узлуксиз ва барқарор етказиб бериш. Аммо талаб ошиб борар экан, фақат анъанавий йўлдан юриш ҳар доим ҳам етарли бўлмайди. Кечаги даврнинг асосий сабоғи шу бўлдики, талаб ва таъминот мувозанатини сақлаш учун энергия манбаларини диверсификация қилиш, йўқотишларни камайтириш, тежамкорликни кучайтириш ва энг муҳими, тизимни замонавий бошқарувга ўтказиш зарур эди.
Шу нуқтада “яшил” энергиянинг моҳияти Ўзбекистон шароитида фақат экологик фойда эмас, балки ресурс тежамкорлик, энергия хавфсизлиги ва иқтисодий барқарорлик масаласи экани яққол кўринди.
Ўзгаришлар суръати ошган давр сифатида 2023 йил алоҳида ажралиб туради. Чунки “яшил” энергетика сиёсати тажриба ва лойиҳа босқичидан давлат миқёсида жадаллаштириш босқичига ўтди. Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Бу бурилишнинг кучли жиҳати — ёндашувнинг фақат йирик станциядан “йирик + тарқатилган (уй, корхона, ижтимоий объект)” моделига кенгайгани бўлди. Хонадонлар ва объектларда кичик қувватларни ёйиш, 100 киловаттгача қурилмалар учун преференциялар бозорни оммалаштирди ва қонуний оқимга олиб кирди.
Натижада талабни рағбатлантириш, лойиҳаларни ишга тушириш, бозорни тартибга солиш ва энергия тежамкорлигини давлат сиёсати даражасига кўтариш асосида 2023 йил “ғоя йили” эмас, балки механизм йили бўлди.
Режадан ишлаб чиқаришга
Ўтган йили 5 декабрь куни янги энергетика қувватлари ва инфратузилма объектларини ишга тушириш маросимида сўнгги йилларда энергетика тизимига 35 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этилгани, 9000 мегаваттли янги қувватлар ишга туширилгани таъкидланди. Шунингдек, электр ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилдаги 60 миллиард киловатт-соатдан 2025 йилда 85 миллиард киловатт-соат атрофида кўтарилгани қайд этилди.
Қисқаси, тизимда “қувват етмай қолиши” хавфини камайтирадиган янги манбалар кўпайди, энергия ишлаб чиқариш ҳажми ўсди, инфратузилмага инвестиция киритиш кучайди.
Ўтган йил якунига доир соҳавий ҳисоботларда 2025 йилда 42 та янги генерация лойиҳаси ишга туширилгани (жами 4647 мегаваттли), электр ишлаб чиқариш ҳажми 86,7 миллиард киловатт-соатга етгани, шундан 16,8 миллиард киловатт-соати қайта тикланувчи манбалар ҳиссасига тўғри келгани қайд этилган. Қуёш ва шамолдан электр энергияси олиш ҳажми 10,5 миллиард киловатт-соатга етган.
Бу нимани англатади? Яшил энергия фақат режа бўлиб қолмаяпти, аксинча, миллий статистикада кўринадиган реал ишлаб чиқаришга айланмоқда. Қайта тикланувчи энергия ҳисобидан 3,2 миллиард куб метр газ тежалгани ва 4,7 миллион тонна зарарли ташланмалар олди олингани фикримиз тасдиғидир.
Бу ерда энг муҳим хулоса шуки, яшил энергия экология билан бирга иқтисодий босимни ҳам юмшатади. Газ ресурси тежалади. Демак, у бошқа энергия эҳтиёжларига йўналтирилиши мумкин.
Бугунги босқичда станция ва генерация кўпайди. Барчаси шу билан тугади дейиш мумкин эмас. Аслида, трансформация фақат генерация билан якунланмайди. Тармоқ, диспетчерлик, ҳисоб, йўқотишларни камайтириш каби йўналишлар параллел мустаҳкамланиши зарур.
Бу ўринда “тарқатилган генерация” (уй, корхона, ижтимоий объектлар) йирик станцияларини тўлдирадиган иккинчи қанот эканини алоҳида таъкидлаш керак. Тарқатилган генерация тармоқдаги юкламани енгиллатиши, жойида истеъмолни қоплаши, айрим ҳудудларда кучланиш ўйнаши, энергия йўқотилиши муаммоларини камайтириши мумкин. Бироқ у ҳам тартиб-қоида, техник маданият, ҳисоб ва мониторингни талаб қилади.
Шунинг учун ҳисоб ва тасдиқ масаласи кейинги босқичда жуда муҳим: 2023 йилда яшил энергия сертификати тизими йўлга қўйилгани, 2025 йилда низомга ўзгартиришлар киритилгани бозорнинг шаффофликка ўтаётганини кўрсатади.
Келажакнинг асосий ғояси битта: энергия ишлаб чиқаришнинг ўзи етарли эмас, энергияни бошқариш даври келмоқда. Бу гап оддий туюлади, лекин унинг ичида учта катта йўналиш бор — ESS, энергияни тежаш ва zero-carbon ёндашуви.
ESS — “нотекис”ни текислайди
Энергия сақлаш тизимлари — ESS (Energy Storage System) кўпчиликка “катта аккумулятор” бўлиб кўринади. Аслида, вазифаси бундан кенгроқ: у электр тизимидаги учта энг долзарб муаммони юмшатади: узилишларда захира бўлиши, тиғиз соатлардаги юкламани пасайтириш ва қуёш-шамол каби ўзгарувчан манбаларни тармоққа барқарор улаш.
Буни оддий қилиб тушунтириш мумкин: қуёш электр станцияси кундузи кўпроқ энергия ишлаб беради, лекин кечқурун одамлар уйга қайтиб, истеъмол ортадиган пайтда талаб кучаяди. Шамолда ҳам шундай: у бир маромда эсмайди. ESS эса айнан шу “нотекислик”ни текислайди: ортиқча энергияни йиғиб, талаб ошган вақтда тармоққа ёки истеъмолчига қайтариб беради.
ESS қаерда энг кўп самара беради?
Биринчидан, йирик ESS тизимлари юкламани камайтиради, тармоқ барқарорлигини оширади ва диспетчерлик бошқарувини енгиллаштиради.
Иккинчидан, узилишлар ишлаб чиқаришни тўхтатиб қўймаслиги, кучланиш тебранишлари камайиши, айниқса, тиғиз вақтларда энергия харажати қисқариши мумкин.
Учинчидан, узоқ узилишларда минимал ҳаётий эҳтиёжлар — ёритиш, интернет, музлаткич, сув насоси ишлаши каби юкламаларни ушлаб туради.
ESS ҳамма жойга бир хил қўйиладиган қурилма эмас. Унинг ўзини оқлаши одатда узилишлар нечоғлиқ тез-тез бўлиши ва келтирадиган иқтисодий зарар, тиғиз пайтларда юклама ва энергия нархи босими, тизимда қуёш/шамол улуши қанчалик юқори экани каби омилларга боғлиқ.
Шунинг учун эртанги босқичда асосий вазифа кўп ўрнатиш эмас, балки ESSни тўғри жойда, тўғри қувватда ва тўғри бошқарув билан жорий этишдир. Бу ёндашув ESSни шунчаки техника эмас, балки яшил энергиянинг барқарор ишлашини таъминлайдиган тизимли ечимга айлантиради.
Эртанги куннинг иккинчи таянчи — энергия самарадорлиги. Бу ғоя жуда оддий: электрни фақат кўпайтириш билан муаммони енгиб бўлмайди. Аввал уни беҳуда сарфлашни камайтириш керак. Шунинг учун ҳам энергетикада кўп ишлатиладиган ибора бор: “энг арзон мегаватт — тежалган мегаватт”. Яъни ишлаб чиқарилмаган, тармоқдан олинмаган, лекин тежалган энергия энг арзон ва энг тез натижа берадиган қувватдир.
Сўнгги йилларда энергия тежамкорлигига эътибор кучаяётгани бежиз эмас. Чунки энергия самарадорлиги бир вақтнинг ўзида тармоқдаги юкламани камайтириш, корхона ва хонадон харажатини қисқартириш, янги қувватларга босимни юмшатиш каби масалаларга ечим бўлади.
Шу маънода, 2025-2027 йилларда энергия сарфи юқори бўлган субъектлар кесимида тежамкорлик чораларини жадаллаштириш режалари эълон қилингани ҳам “яшил иқтисодиёт” фақат станция ва мегаваттлар эмас, балки тежамкорлик маданияти эканини англатади.
Энергия самарадорлиги кўпинча катта қурилиш ёки катта харажат талаб қилмайди. Масалан, кўп жойда энергия “қозонда эмас”, девор ва томда йўқолади. Иссиқлик изоляцияси, дераза-эшикларнинг зичлиги, том қисми — булар тўғриланса, қишда иситиш, ёзда совитиш учун кетадиган энергия сезиларли камаяди.
Эски двигатель, насос, компрессор ёки ёритиш тизими кўпинча керагидан ортиқ электр “ейди”. Бу ерда ечим оддий: энергия тежамкор моторлар, тўғри танланган насос-компрессор, LED ёритиш, автоматик бошқарув каби янгиланишлар “тез қайтадиган” инвестиция бўлиши мумкин.
Баъзан техникани алмаштирмаса ҳам натижа чиқади: мониторинг (ҳисоб ва таҳлил), иш режимини тўғри созлаш, ортиқча ишлаётган ускунани ўчириб қўйиш, юкламани тиғиз соатлардан бошқа вақтларга кўчириш — булар энергияни сезиларли тежайди. Энг муҳими, бу йўналиш одатда энг арзон, лекин энг тез таъсир қиладиган чорадир.
Энергия самарадорлиги майда тежамкорлик эмас, балки катта тизимнинг пойдевори. Агар бир мамлакат энергияни оқилона ишлатишни ўрганса, у нафақат электр етишмовчилиги хавфини камайтиради, балки саноат учун барқарор шароит яратади, аҳоли харажатини қисқартиради ва яшил энергия самарадорлигини ҳам оширади. Шунинг учун эртанги куннинг энг тўғри йўли — аввал тежамкорлик, кейин қувват.
Учинчи таянч: “Zero-carbon уй”. Бу ибора баъзан одамларга қиммат тренддек туюлади. Аслида, бу дабдаба эмас, энергия тежамкорлик ва мустақилликни босқичма-босқич ошириш ғоясидир. Уни “иссиқлик изоляцияси + иссиқлик насоси + қуёш электр тизими + ESS + мониторинг” каби оддий формулага жамлаш мумкин.
Муҳим жиҳати шундаки, “zero-carbon” дегани бир кунда ҳаммасини сотиб олиш дегани эмас. Бу — уй хўжалиги учун ҳам, иқтисод учун ҳам энг тўғри ёндашув: аввал ортиқча энергия йўқотишни камайтириш, кейин самарали иситиш, сўнг ўз энергиясини ишлаб чиқариш ва бошқариш — учта қадамдан иборат.
Энг биринчи ва энг арзон қадам — иссиқлик йўқотиладиган жойларни ёпиш. Том, девор, пол изоляцияси, дераза-эшикларнинг зичлиги, ёриқларни бартараф этиш — булар қишда иситишга, ёзда совитишга кетадиган энергияни сезиларли камайтиради.
Кейинги қадам — иситиш тизимини энергия тежамкор қилиш. Бу ерда иссиқлик насослари алоҳида ўрин тутади: тўғри танланган ва тўғри ўрнатилган иссиқлик насоси бир хил иссиқликни камроқ энергия билан таъминлаши мумкин. Қишда юклама ошадиган шароитда бу нафақат хонадон харажати, балки тармоқдаги тиғиз пайт босимини ҳам юмшатади. Тизимни оптималлаштириш (созлаш, автоматик режим) ҳам шу босқичга киради.
Учинчи босқичда уй фақат истеъмолчи эмас, қисман ишлаб чиқарувчига айланади. Қуёш электр тизими кундузи энергия беради, ESS эса кечқурунги эҳтиёжни қўшимча таъминлайди ва узилишларда захира бўлиб туради. Мониторинг эса энергия сарфини онгли бошқаришда жуда муҳим.
Шундай қилиб, “zero-carbon уй” тежамкорликдан бошланади, самарали иситишга ўтади, сўнг ўз энергиясини ишлаб чиқариш ва сақлаш билан якунланади. Энг муҳими, бу ёндашув қиммат технологиядан кўра кўпроқ тўғри кетма-кетлик ва техник маданият масаласидир.
Келажакни чуқур таҳлил қилишда битта нозик нуқта бор — технология тез кириб келсаю, сифат ва хавфсизлик ортда қолса, янгиликнинг оҳорига ҳам путур етиши мумкин. Яшил энергия тизимлари “ўрнатиб қўйиладиган” оддий буюм эмас. Бунинг учун лойиҳа, тўғри ўрнатиш ва мониторинг талаб қилинади. Шу сабаб “тизим” деганда фақат станция эмас, бутун экотизим тушунилади.
Бу ерда тармоқ ва тизим мустаҳкамлиги учун йўқотишларни камайтириш, диспетчерлик, ҳисоб ва назорат параллел кучайиши шарт.
Янги энергетик тафаккур
Трансформация технология билан бошланади, аммо кадрлар билан барқарорлашади. Олий ва профессионал таълимда қайта тикланувчи энергия бўйича кадрлар тайёрлашга эътибор кучайгани, таълим — ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш бўйича ҳуқуқий асослар янгилангани бу йўналишда сифатли ўсишга хизмат қилади.
Амалиёт шуни кўрсатадики, энг кўп натижа берадиган омиллар — тўғри лойиҳалаш, монтаж маданияти, ҳимоя ва ерга улаш, сервис, мониторинг, реал истеъмол профилига таянган ҳисоб-китобдир. Эртанги кун фақат яшил энергия ускуналари эмас, балки шу соҳадаги малакали мутахассислар биландир.
Шу ўринда “яшил энергия” бўйича стартаплар ва амалий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда молиялаштиришга урғу берилаётгани бежиз эмас. Энергетикага инвестиция оқими жалб этилаётгани, йирик лойиҳалар йўлга қўйилаётгани, ESS тизимларининг пайдо бўлиши ва тармоқ инфратузилмаси билан боғлиқ ишлар Ўзбекистоннинг минтақадаги ролини кучайтириши, ички барқарорликни мустаҳкамлаши ва минтақавий рақобатбардошликни ошириши мумкин.
Бу жараён саноатнинг барқарор ишлаши учун энергия чекловини камайтиради. Энергия барқарорлиги ва тизимнинг прогноз қилиниши ташқи инвестиция оқимини оширади. Яшил энергетика, ESS ва энергия самарадорлиги айнан шу прогноз қилинадиган барқарорликни кучайтиради.
Бугун Ўзбекистон яшил энергетикада тўғри йўлни танлаганини 2023 йилдан бошланган саъй-ҳаракатлар, 2025 йилги давлат дастури, йирик инвестициялар, ишга туширилган қувватлар ва қайта тикланувчи энергиянинг реал статистикага кириб келгани тасдиқлайди.
Лекин эртанги босқичнинг муваффақияти уч омилга боғлиқ бўлиб қолади: сифат ва хавфсизлик (стандарт, ҳимоя, сервис), кадрлар (таълим — амалиёт интеграцияси), бошқарув (мониторинг, энергия самарадорлиги, ESS). Шу шартлар уйғун ишласа, “яшил энергия ўзини оқлаяптими?” деган саволга оддий ва профессионал жавоб бундай бўлади: ҳа, оқлаяпти. Чунки у алоҳида қурилма эмас. Бу янги энергетик тафаккур: тежамкорлик, техник маданият, шаффоф ҳисоб, ақлли бошқарув ва малакага таянган ёндашувдир.
Ўзбекистон “яшил энергия” орқали фақат электр ишлаб чиқаришни эмас, балки келажак авлодлар учун барқарор иқтисодиёт, энергия мустақиллиги ва замонавий тараққиёт пойдеворини яратмоқда.
Зоир КЕНЖАЕВ,
физика-математика фанлари
бўйича фалсафа доктори, доцент