Кўнглингиздаги ғашлик бўсаға ҳатлаб уйга кирганингиздаёқ тумандек тарқаганини сезмайсиз. Намозшом пайти ҳадсиз осмоннинг бир четидан рўдапо булут судралиб келаркан, деворларига бутун бир асрнинг хўрсиниғини сингдириб олган шийпон соясида сувга томган сиёҳ каби недир ҳавода оҳиста ёйиладию, шу зайлда одам шаклида йиғилади. Ушбу ўрта бўй, хушбичим, қорачадан келган ва тим қора кўзларида мубҳам бир ифода қотган, кийимлари эса ўзига ярашиқлиғ, паришонҳол йигит ёнгинангиздан ўтаркан, сизни пайқамайди. Қўш табақали дарвоза олдида бир зум тўхтаб қолади — иккиланади.
Ҳа, тизгинсиз хаёллар ўз оғушига олган бу киши — элнинг севимли ёзувчиси Абдулла Қодирий. У ён-веридан ўтаётган таниш-нотанишларнинг бош ирғаганини гоҳ илғайди, гоҳида йўқ. Негадир бугун дилтанг. Йўқ, хайрли ишларнинг бари маромида. “Ўткан кунлар” қўлма-қўл ўқилмоқда, антиқа фельетонлар, ҳажвиялар пешма-пеш “Муштум” юзини кўрмоқда. Лекин буларнинг ҳаммаси уни ҳали тўла қаноатлантирмас, хаёлида чарх ураётган қиёфалар ва воқеалар тизмаси уни туганмас беоромлик гирдобига тортиб кетарди. Қолаверса, давр барча зиддиятларни юзага чиқарган, бу зиддиятларни ҳал этишда эса мавқеларни, маслакларни белгилаш муҳим эди — янги ҳаёт сари йўл кўп оғирликлар устидан солинаётганди. Қодирий ана шундай фикрлар оғушида уйидан қандай чиқиб кетганини билмай қолади. Шу билан қайтиб келмайди…
Марказий Осиё зиёлилари орзуси
Абдулла Қодирийнинг отаси Қодирмуҳаммад Эски Жўва маҳалласи Хўжа кўчасида яшовчи Ҳожимуҳаммад бобонинг 1822 йилда туғилган иккинчи ўғли эди. Қодирмуҳаммад бақувват, серғайрат,
шижоатли ва дунё кўрган киши бўлиб, Эски Жўва бозорида баққоллик дўкони очиб,
ипак, идиш-товоқ, чой каби моллар билан савдо қилган. Қодирмуҳаммад 1870
йилгача савдода, кейин Эшонгузар маҳалласидан ер олиб боғбонлик билан
шуғулланган. Тўрт марта уйланган. Бунга фарзандсизлик сабаб бўлган.
Қодирмуҳаммад тўртинчи бор Жосият бибига уйланган. Улар 1879 йилда ўғил кўриб,
Раҳимберди деб исм қўйган. Аммо ундан кейинги туғилган ўн икки фарзанд сабабсиз
нобуд бўлаверган. Бу ҳолдан ирим қилган Қодирмуҳаммад Эски Жўвадаги ҳовлисини
сотиб, ҳозирги Самарқанд дарвоза маҳалласидаги ерига кўчиб ўтади. Мана шу масканда
Абдулла Қодирий дунёга келади. Ундан сўнг 1897 йилда Абдулланинг укаси
Қудратилла туғилади. Қодирмуҳаммад узоқ умр кўриб, 1924 йил
5 апрелда 103 ёшда вафот этади.
Қодирмуҳаммаднинг илми бўлмаса-да, фарзандларининг таълим олишига катта
эътибор берган. У: “Ўзимни хатим йўқ-да, бўлмаса ҳаммангни бармоғимда
ўйнатардим”, деган сўзларни кўп такрорлаган. Боғда меҳнатнинг кўплигига
қарамай, ўғли Абдуллани мактабга берган. Акаси Раҳимбердининг эса ўқишга
унчалар қизиқиши бўлмаган. Абдулла Қодирий дастлаб 1904-1906 йилларда мусулмон
мактабда ўқиган.
Дастлабки саводини Зангиота маҳалласидаги мулла Олим ва мулла Зиё
домлалардан олган. Қодирмуҳаммаднинг уч ўғли ҳам шу домлалар қўлида савод
чиқарган. Қодирий ушбу муаллимлардан ташқари Мирлар маҳалласидаги Юсуфхон домла
ва Чорсуга яқин жойда жойлашган мулла Ғулом исмли муаллимлардан таълим
олган. Сўнг 1908-1912 йилларда рус-тузем
мактабида ўқиган.
— Илгари марказда яшаган одамларнинг шаҳар ташқарисида боғи бўлган. Бу
ҳудуд бобомнинг боғи ҳисобланган. Қодир бободан беш гектарга яқин ер қолган.
Шуни уч ака-ука ўртада тенг тақсимлаган, икки гектари Абдулла Қодирийга насиб
қилган. Ўттизинчи йилларда шу жойларни ўз диди ва кўнглидагидек обод этиб,
чиройли боғ яратган. Ўз даврида бу гўзал боғ “Абдулла Қодирийнинг боғи”,
“Қодирий шийпони” деган турли номлар билан танилган. Кейинчалик дала ҳовли
майдони қисқариб бораверди. Боиси, совет даврида йирик ер эгаларини синдириш
учун атай катта-катта солиқлар қўйилган, уни тўлай олмаганлар эса ерининг
қанчадир қисмини сотишга мажбур бўлган,
— дея эслайди Абдулла Қодирий уй-музейи директори Хондамир Қодирий.
Ушбу файзли ҳовлида Қодирий яшаган икки қаватли уй ва
шийпон бўлиб, уни ёзувчининг ўзи 1928-1929 йилларда усталар ёрдамида қуриб
битказган. Адиб бу хонадонда 1937 йилгача, яъни ўша машъум кунга қадар яшаган.
Абдулла Қодирий вафотидан кейин унинг фарзандлари, хусусан, ўғли Ҳабибулла
Қодирий ҳам уйни музейга айлантириш ташаббуси билан анча йил югурди, бироқ ўша
даврнинг бизга номаълум баҳоналари билан ният амалга ошмади. Хондамир Қодирий
ҳам музей масаласида кўп йиллар давомида турли ташкилотларга мурожаат қилди.
Ниҳоят, 2019 йили давлатимиз раҳбарининг қарори билан муҳташам уй-музей ташкил
этилди.
Бугунги кунда умумий майдони 70 сотих бўлган уй-музей 4 та хона, алоҳида
ёзги шийпон ва унинг биринчи қаватидаги битта хонадан иборат. Музейда жами 500
га яқин экспонат мавжуд. Уларнинг аксарияти адиб ва унинг оиласига тегишли.
Қодирий ўтириб ижод қилган тут дарахтидан ясалган танча (сандал), қўл ювган
офтоба, ҳужжатлар сақланган темир сандиқ, “Муштум” журналидаги фаолияти
давомида кийган костюм-шим, бир қанча яктак, калиш, кийим илгич сифатида
фойдаланилган ҳўкиз шохи, рафиқаси Раҳбарниса ая келинликда олиб келган сарпо
сандиғи, идиш буюмлар авлодлари томонидан табаррук хазинадек сақлаб келинмоқда.
Ёзувчининг оиласи билан тушган бир дона сурати эса бебаҳо экспонатдир.
2019 йили ҳовлида ёзувчининг ҳайкали ўрнатилди. Истеъдодли ҳайкалтарош
Баҳром Норбоев ижодига мансуб ушбу асарда Абдулла Қодирийнинг бир қўлида китоб
ушлаган ҳолда ўтиргани тасвирланган.
Бундан ташқари, олдин ёзувчининг отхонаси бўлган ҳудудлар ўрнига
кутубхона, конференция ва кўргазма заллари қурилди. “Ўткан кунлар” романи
қаҳрамони Кумуш Марғилондан Тошкентга келган рамзий арава монументи ҳам
ўрнатилди.
— Музей бўлмасидан олдин ҳам бу ерга жуда кўп одамлар ташриф буюрган.
Ҳовли қаровсиз бўлса-да, Қодирий асарларини ўқиб, қизиқиб, қидириб келишган.
Бугунги кунда эса меҳмонлар сони анча ортди. Очиғи, музей ташкил этилишини
бутун Марказий Осиё зиёлилари кутаётган эди. Ҳозир мактаб ўқувчиларидан тортиб,
кекса китобхонларгача келишади, зиёрат қилишади. Нафақат қўшни давлатлар, балки
Европадан ҳам ташриф буюришади, — дейди Абдулла Қодирий уй-музейи кузатувчиси
Нилуфар Ортиқова.
— Мана бу арава ёнидаги икки табақали дарвозадан
ҳовлига кирилган. Шу йиллар давомида уни таъмирлаб, ўз ўрнига қўйдик. Энди
бунинг яна бир оғриқли жиҳати ҳам борки, одамни ўйлантиради, кўнгилларни
ўкситади. 1937 йил 31 август куни охирги марта Қодирий шу дарвозадан чиқиб
кетгану, қайтмаган… — дея хотирлайди Хондамир Қодирий. — Аравага эътибор
беринг. Ишонасизми, бу композицияни биз “Ўткан кунлар” китобида келтирилган
кичкина бир парчадан олдик. Тошкентга қудалар келгандан кейин аёллар орасида
бир суҳбат бўлади. “Чарчамадингларми йўлда?” дея сўралганда, “Чарчамадик,
баҳорда ҳаммаёқ яшил бўлди, секин-секин дам олиб келдик. 10 кунлик йўл экан,
биз 12 кунда келдик”, дейилади. Асардаги ана шу эпизодни олдик-да, Қўқондан
етти авлоди аравасоз бўлган усталарни топдик. Уларга араванинг 100 йил олдинги
кўринишини қилишини, ортиқча ҳашам керакмаслигини тушунтирдик. Чунки асардаги
ўша руҳ предметга кўчиши керак эди, менимча, шундай бўлди ҳам.
Хўжа Маъозда бир кеча
Шу ўринда бир савол туғилади: “Ўткан кунлар”даги тарихий жойлар ҳақиқийми?
Асар воқеалари асосан икки шаҳарда: Тошкент ва
Марғилонда бўлиб ўтади. Асар Марғилондаги марказий бозор яқинидаги мусофирлар
саройи тасвири билан бошланади. Бу жой ҳозир ҳам мавжуд бўлиб, Марғилон шаҳри
марказидан Гўраввал тарафга кетишдадир. Кумушбибининг маҳалласи ҳам шу ерда.
Отабек билан Кумушни учраштирган ариқ ҳали ҳам бор дея тахмин қилинади. Шу
кўчадан озгина юқорига юрилса, асарда тасвирланган жоме масжиди ва пойабзал
растасига чиқилади. Илгари бу ерда жуда катта ҳунармандлар, косиблар бозори
бўлган, ҳозир эса улгуржи савдо бозорига айланган. Гарчи Марғилоннинг тарихий
дарвозалари аслича сақланмаган бўлса-да, номлари шундай қолган: Тошлоқ, Қўқон,
Ёрмозор...
Асарда бир неча марта таъкидланган Хўжа Маъоз мозори ҳозир ҳам мавжуд. Бу
мозор зиёратгоҳ жой бўлиб, Қодирийнинг ўзи ҳам бу мозорда тунаб қолган экан.
Ҳабибулло Қодирийнинг хотира китобларида бундай воқеа бор: “Мен Марғилон
кўчаларида юриб, карвонсарой, эски ўрда ўринларини белгиладим. Мирзакарим
қутидор, Уста Алим, Ҳомид, Содиқлар уйини тахминладим ва Хўжа Маъозда бир кеча
тунадим, — дерди дадам баъзан ҳуши келганда, бизнинг роман ҳақидаги майда-чуйда
эзма саволларимизга жавоб бериб. — Масжид айвонида узоқ ўтирдим. Ҳаммаёқ
қоронғи; одам деган гап йўқ... Бора-бора уйқу босди. Ухлаб олмоқчи бўлдим.
Бироқ ётиб кўз юма олмадим. Чунки туновчилар келтирганми, масжидда қандала кўп
экан, чақавериб безор қилди. Ҳовлига тушуб ётай десам, турли ҳашаротлардан хавф
қилардим... Ниҳоят тобутхонага кириб ётдим...”.
Қодирий асардаги ҳар бир ҳолатни мукаммал тасвирлашга
қанчалик эътибор бергани ҳақида “Ёзувчи ўз иши тўғрисида” номли мақоласида яна
бундай мисол келтиради: “Асарни ёзиш чоғида Марғилонга борганимда, бир кўчадан
ўтатуриб, намозшом маҳалида, доғ қилинаётган зиғирёғнинг ҳиди бурнимга урилди,
мен буни эсда тутиб қолишга тиришдим. “Ўткан кунлар”нинг бир жойига шу кичкина
деталь киргизилганида, берилаётган тасвирнинг яна ҳам одам ишонарли бўлиб
чиққани эсимда...”.
Қодирий шийпони
Қодирий даврида ҳовлилар ичкари-ташқари ҳовлига бўлинган. Ташқи ҳовлида
эркаклар келган меҳмонни кутиб-кузатган бўлса, ички ҳовлида бегоналарнинг
кўзидан нари бўлган оила яшаган. Шийпон ташқари ҳовлида қурилган. Бу ерда
ёзувчи ўзига алоҳида бир ижодхона қилган ва келган меҳмонларни шу ерда кутган.
Ушбу шийпонда Сўфизода, Ойбек, Ғафур Ғулом, Садриддин Айний, Абдулла Қаҳҳор,
Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Ҳамид Олимжон, Юнус Ражабий каби ёзувчи ва
санъаткорларнинг қизғин суҳбатлари, ижодий баҳслари кечган. Бу ҳақда батафсил
маълумотлар Ҳабибуллоҳ Қодирийнинг адиб ҳаёти ва ижодига бағишланган энг муҳим
манбалардан бири — “Отам ҳақида” китобида учрайди.
“Икки қаватли шийпоннинг пастки қисмидаги хонада Қодирий бобомиз ўтирган.
Албатта, биз у кишини кўрмаганмиз, лекин ўтирган жойидан биламизки, у ерда
бобомнинг бир салобатли руҳи турибди. Ўзимда шундай бир кечинма борки, шу ёшга
кириб, ҳали ҳам шу жойнинг тўрига ўтиришга журъат қилолмайман. Буям бир ҳурмат,
эҳтиром белгисидир балки, — дея эслайди Хондамир Қодирий. — Хона четидаги
дутордан билиш мумкинки, у созни жуда ҳам яхши кўрган. Ўзи чалмаган бўлса-да,
нафис оҳангларни сезиш қобилияти мусиқага бўлган эътиборини бир зум
пасайтирмаган. Яна бу ерда ёзувчининг тўн ва шими, яктак кўйлаги сақланади,
кўришингиз мумкин, ёнида аёлларнинг 100 йил олдин кийган паранжи ва бошқа
либослари ҳам бор. Мана бу жойнамознинг эса ўзига яраша қизиқ тарихи бор.
Бу туркман жойнамози ҳисобланади. Туркманистонда тўқилса-да, асосан,
Бухоро бозорида сотилган. Буни намозлиқ ҳам дейишади. Унга Нил сувидан
тайёрланган бўёқда ишлов берилган. Нил дарёси кўпирган чоғ ўша кўпигидан олиб
бўёқ қилинар экан.
Ушбу жойнамознинг яна бир хусусияти табиий маҳсулот эканида. Негаки, мана,
мисол учун, синтетик материал билан жунни ёнма-ён қўйиб, устида чанг
кўтарсангиз, синтетик материал ўзига сингдирмайди, жун эса ўзига тортади.
Хонадаги ҳавони тозалайди. Айтмоқчиманки, шундай майда деталга ҳам эътибор
беришганки, шу жойнамоз ҳовлидаги тозалик, озодаликдан далолат беради”.
— Ички ҳовлидаги иморатнинг пастки қисмида ёзувчининг онаси — Жосият
бувига алоҳида хона қилинган. Хоналараро эгилиб кирса бўладиган торроқ йўлак
ташриф буюрувчиларнинг эътиборини доимо тортади. Она олдига таъзим бажо
келтириб, эгилиб кириш керак, деган мақсадда йўлакча атай паст қилиб қурилган.
Онаси бетоб бўлгани боис, бу уйни Қодирий табиблар билан маслаҳатлашган ҳолда
қурдиргани ва хонани ловия пояси билан сувоқ қилгани айтилади, — дейди Нилуфар
Ортиқова. — Иккинчи қаватдаги хоналарда каттагина тикув машинаси бор.
Аёлларимиз бир ҳунар эгаси бўлсин, ҳам кийим-кечаклар ўзимиздан чиқсин, деган
мақсадда ишлатилган. Шу баҳона аёллар ҳам ҳунар ўрганган, ҳам ўз таъминотини
таъминлаган.
Жонфидо ўғил ва қайнотасига салом бериш
насиб этмаган келин
Адибнинг 1918 йили туғилган тўнғич ўғли Ҳабибулла Қодирий падари
бузруквори ҳибсга олинганида 20 ёшда, тиббиёт институти толиби эди. Отасининг
ҳаёти, ижоди, қисматига оид жамики воқеа-ҳодисадан хабардор эди. Афсуски, унинг ҳам гарданига отанинг куни тушади —
1945 йил 28 майда ҳибсга олиниб, “аксилинқилобий ёшлар ташкилотининг раҳбари
бўлган, отасининг тақиқланган асарларини уйида сақлаган, совет ҳукуматига қарши
агитация ишлари олиб борган” деган айбловлар билан 10 йил қамоқ ва сургун
азобларини бошдан кечиради.
У ёқдан қайтгач, чала қолган таълимини давом эттиради. Тугатгач,
пойтахтдаги 10-шифохонада шифокор бўлиб хизмат қилиши баробарида юрагида тугиб
юрган энг катта орзуси — отасининг ижодий меросини тўплаш, ҳаёти, шахсияти,
ижодий қисматига оид маълумотларни жамлашга қаттиқ бел боғлайди. Абдулла
Қодирийни кўрган-билган замондошларидан у ҳақдаги хотираларни йиғиб, “Абдулла
Қодирий замондошлари хотирасида”, ўз қаламига мансуб “Отам ҳақида” хотиралар
китобларини ёзади. Умри поёнида оғир хаста бўлишига қарамай, “Қодирийнинг
сўнгги кунлари” хотира-қиссаси устида ишлади. Абдулла Қодирийнинг энг таҳликали
кунлари ҳақидаги фиғонларга тўла насрий ҳужжатли достонини охирига етказди,
шеър, драма, ҳажвия, публицистик ва адабий-танқидий мақолаларини қидириб
топиб, нашрга тайёрлади. Олтмишга яқин адабий тахаллусни аниқлаб, 1969 йили
“Кичик асарлар” китобини чоп эттирди.
Ҳабибулла Қодирийдек ўғилнинг ана шундай заҳматли
ишлари туфайли биз ва келажак авлод муфассал адабиётлар билан танишиш бахтига
муяссар бўлиб турибмиз. Шуни ҳам унутмаслигимиз керакки, Абдулла Қодирий
нафақат ўғилдан омади чопган, қолаверса, қўлидан бир пиёла чой ичмаган
бўлса-да, келиндан ҳам ёлчиган эди. Ижодий мероси тикланишида ўғли
Ҳабибулланинг ҳиссаси қанча бўлса, келини — Ҳабибулла Қодирийнинг умр йўлдоши
Мукамбар Миряҳё қизининг меҳнати ҳам беқиёсдир.
Нурхон Элмирзаеванинг “Абдулла Қодирийга салом беролмаган келини”
мақоласида Ҳабибулла Қодирийнинг қизи Манзума ая ўша даврларни аниқ-тиниқ
эслайди: “Ойим дадамнинг буюк ишга қасд қилган мақсадини яхши тушуниб, ижод
қилишига шундай шароит яратиб берганки, ортиқча тиқ этган товуш бўлмаган,
ҳаттоки оёқ учида юрарди. Биз ҳам шовқин-сурон қилмасдик.
Қайнона-қайнотани кўрмаган бўлса-да, уларга садоқат
билан яшади. “Ўткан кунлар”ни ҳар куни қўлларига олиб, ўқиб, ўпарди. Айримлар
ўпманг, бу муқаддас китобмас-ку деб эътироз билдиришса, йўқ, бу улуғ
инсонларнинг китоби, дерди. Ҳатто ўлимидан олдин касал бўлиб ётганидаям китобни
тик қўйиб силаб турарди...
Янги йил байрами бизникида ҳеч қачон нишонланмаган. Бир куни йиғлаганман,
ўсмир эканман, фалончиникида столларни безатиб, янги йил кутишяпти, биз-чи,
десам, ўчир овозингни деган. Эсимни танибманки, дадам 31 декабрда
касалхоналарида навбатчилик олиб, ўша ёқда бўларди. Тансиқ овқатни ҳам ойим
дадам кетгач қилиб берарди. Сабабки, Абдулла Қодирий бобомизни 1937 йил айнан
янги йил кечаси 23:30 да, ҳамма байрамни кутаётган вақтда олиб кетишган экан…
Дадамнинг энг асосий мақсади битта, бувамнинг топталган номини қайтадан тиклаш
бўлган. Умрининг охиригача тиш-тирноқлари билан, гард юқмаган ҳолатда шунга
интилди ва эришди”.
Ҳабибулла Қодирийдек жонфидо ўғил ва Мукамбар онанинг тарбиясини кўрган
зурриётлари ҳам Қодирийлар шаъни, қадрини улуғлаб, шунга мос бўлишга интилди.
Ҳабибулла Қодирий икки ўғли — Хондамир ва Шерконни ёнига олиб, уларни ҳам
қодирийшунос қилиб тарбиялаган эди. Хондамир Қодирий отаси раҳбарлигида қисса,
ҳажвия, очерк, мақолалар ва фельетонлар тўплами — “Ғирвонлик Маллавой” ҳамда
“Ўткан кунлар”нинг 1926 йилги нашри асосида асл тўла нусхасини, “Меҳробдан
чаён”нинг 1929 йилдаги китоб вариантига асосланган нашрини тайёрлаб, яхлит
китоб ҳолида нашрдан чиқарди. Шеърлар, ҳикоялар, саҳна асарлари, ҳангома,
фельетон ва мақолалардан иборат нисбатан энг тўлиқ ҳисобланган салмоқли
мажмуани “Диёри бакр” номи остида чоп эттирди. У бобоси мероси баробарида
падари бузруквори асраб-авайлаб, асарларини қайта нашрга тайёрлади — “Отамдан
хотира” ана шу меҳнат маҳсулидир. Кичик ўғил Шеркон Қодирий ҳам бу қутлуғ ишда
акасига камарбасталик кўрсатиб, “37-хонадон” китобини чоп этди. Абдулла Қодирий
уй-музейидаги экспонатларнинг сони йилдан йилга бойиб бораётгани бундай эзгу
ҳаракат ҳануз давом этаётганидан дарак беради.
— Бу
ерга нафақат экскурсия, балки мутолаа учун ҳам келишингиз мумкин. 2019 йил
уй-музейига қўшимча қурилган кутубхона, конференция ва кўргазма заллари сизга
шундай имконият туҳфа этади. Мўъжаз кутубхонада 20 мингга яқин китоб бор, —
дейди Нилуфар Ортиқова. — Ёш авлод тасаввурида маърифатпарвар инсонларнинг
сиймосини жонлантириш, буюк адибларимиз ва уларнинг шахсияти ҳақида тушунча
ҳосил қилиш биз учун шарафли вазифа. Ҳовлини шунчаки уй-музей дейиш хато, бу ер
адибнинг яхши ва ёмон хотиралари маскани, “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”
туғилган даргоҳ. Бу каби қутлуғ жойлар ҳар доим эътибор марказида бўлиши ва
абадийлаштирилиши керак.
Азизбек ЮСУПОВ,
“Янги
Ўзбекистон” мухбири