У илгари “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалига фахрий меҳмон сифатида Самарқандга келганида бошланган дўстлигимиз бу сафарги дийдорлашувга мустаҳкам кўприк бўлди. У мени Токио миллий музейига олиб борди. Кўплаб экспонатлар, хусусан, мусиқа асбоблари орасида шиша ортида турган бир кийим диққатимни тортди. Бу “ҳаори” — японларнинг анъанавий устки кийими эди. Бир зум тўхтаб қолдим. Шиша ортида турган бўлса-да, кўз олдимда худди ўзбек миллий чопони тургандек эди. Бичимию қадди, нақши — барчаси ўша-ўша. Фақат номи бошқа.
Мен бу ҳақда профессор Эгучига айтдим. У кулиб қўйди-да, бундай деди:
“Бу тасодиф эмас. Буюк ипак йўли икки халқни нафақат савдо-сотиқ, балки
маданият орқали ҳам чамбарчас боғлаган”. Ўша лаҳзада кўнглимда узоқ йиллардан
буён шаклланиб келаётган бир фикр янада равшанлашди: биз японлардан ўрганамиз
деб юрган қадриятларнинг кўпчилиги аслида ўзимизда ҳам бўлган, аммо биз уларни
вақт ҳукмига топшириб, эътиборсиз қолдирганмиз. Японлар эса бу меросни
эҳтиёткорлик билан асраб-авайлаб, замон талабларига мослаган ҳолда ҳаётнинг
ўзагига сингдира олган.
Бу ўхшашлик нафақат буюмларда, балки одамларнинг хатти-ҳаракатларида
ҳам яққол кўзга ташланди. Ўша сафарда ўғлим Мурод билан бирга эдик. Токио
кўчаларини кезиб юрган кунларимизнинг бирида пиёдалар йўлагидаги светофорнинг
қизил чироғи ёниб турган жойдан ўтишимизга тўғри келди. Йўл бўм-бўш, бирорта
ҳам машина кўринмасди. “Секин ўтаверамизми?” деб сўрадим. Мурод тўхтади.
Йўлнинг нариги бетида бир неча япон болалари яшил чироқ ёнишини жим кутиб
турарди. “Йўқ, — деди ўғлим, — болалар қараб турибди. Уларга ёмон намуна
бўламиз”. Иккаламиз ҳам яшил чироқ ёнгунча кутиб турдик. Мен ўша кўчада
ўғлимдан ўзим учун жуда катта сабоқ олдим: қоидаларга риоя қилиш жазо
қўрқувидан эмас, балки ўзини жамиятнинг ажралмас бир бўлаги деб ҳис қиладиган
инсоннинг табиий эҳтиёжидан келиб чиқиши керак. Японлар буни “ката” — шакл ва
тартибга бўлган чуқур, онгли ҳурмат деб атайди. Биз, ўзбеклар эса бу туйғуни
азалдан битта сўз билан ифодалаб келганмиз: одоб. Икки халқ, икки тил, аммо
маъно ва илдиз бир.
Ўша куни музейдан чиққач, бир фикр бутун хаёлимни банд этди: биз бугун
замонавий тушунча деб атаётган кўплаб ғоялар аслида тарихимизда аллақачон
мавжуд бўлган экан-ку! Фақатгина уларни бошқа номлар билан атаб, бошқача тил
билан ифодалар эканмиз, холос. Бугун тарбия ва тараққиётга оид баҳсларда кўп
такрорланаётган когнитив капитализм тушунчаси ҳам шулар жумласидан.
Навоий етти аср олдин
нима деган эди?
Йигитликда йиғ илмнинг махзани,
Қарилик чоғи харж қилғил ани.
Ҳазрат Навоий бобомизнинг ушбу мисраси кўп бор такрорланади. Лекин
унинг замиридаги иқтисодий мантиқ камдан-кам ҳолатларда тўлақонли англаб
етилади. “Харж” сўзи арабчада сарфланадиган маблағ маъносини англатади. Инсон
бирор нарсани сарфлаши учун, энг аввало, уни тўплаган бўлиши керак. Аслида,
Навоийнинг айтмоқчи бўлган фикри шуки: йигитлик чоғингда тинмай билим тўпла,
токи кексалигингда у сенинг капиталингга айлансин.
Бугунги замонавий иқтисодиёт тилида ушбу ғоя “когнитив капитализм” деб
юритилади. Профессор М. Қуронов буни қуйидагича тушунтиради: “Капитал фақатгина
пул ёки мулкдан иборат эмас. Айтайлик, машинангиз бор ва унда ишга бориб
келасиз, бу шунчаки бойлик. Лекин ўша машинани ижарага бериб, ундан ҳар ой
даромад қилсангиз, энди бу бойлик капиталга айланган бўлади. Худди шунингдек,
бўш турган квартирангиз шунчаки бойлик бўлса, уни ижарага бериб фойда
кўришингиз капиталдир. Асосий фарқ шундаки, капитал ўзини ўзи кўпайтиради,
ҳатто тинч ётган ҳолатида ҳам сизга қўшимча қиймат ҳосил қилиб бера олади. Ана
энди ўринли бир савол туғилади: сизнинг билимингиз қайси тоифадан ўрин олган?
Агар ўзлаштирилган билим капиталга айланмаса, унинг қадр-қиммати
нимада қолади? Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” асарида бундай
ўткир ва кескин бир савол бор: “Бу киши ниҳоятда илмли, ниҳоятда донишманд,
аммо ўзи камбағал десангиз, “Ақлли ва билимдон бўлса, нега бой бўлмаган?” деб
сўрайдилар”.
* * *
Японияда гувоҳи бўлганим ўша манзара хотирамга умрбод муҳрланиб қолди
ва менга жуда кўп нарсани тушунтириб берди. Япониянинг ҳақиқий буюклиги унинг
замонавий технологиялари ёки қудратли иқтисодиётида эмас, балки светофор ёнида
яшил чироқ ёнишини сабр билан, жим кутиб турган ўша жажжи болаларда мужассам
эди. Ҳақиқий тарбия йиллар давомида қатлам устига қатлам бўлиб йиғилади ва
бора-бора инсоннинг табиатига сингиб кетади. Шунда инсон шунчаки қоидага амал
қилиш кераклиги учун эмас, балки ички маънавияти шуни тақозо этгани учун ҳам
ҳар доим тўғри йўлни танлайди. Кумулятив тарбиянинг пировард ва якуний мақсади
ҳам айнан шундан иборат — у инсонни шунчаки ниманидир билишга эмас, балки
қандайдир шахс бўлиб етишишга ундайди. Бу замонавий иқтисодиёт тилида
“инновацион инсон капитали” деб аталади.
Жозибадор тушунча
Билим ва тарбиянинг ўзаро мукаммал уйғунлиги бугунги кунда янгича ном
олди — инновацион инсон капитали. Бу жозибадор тушунча замирида жуда оддий бир
таъриф ётади: у сифатли таълим олган, доим ижодкор ва ташаббускор, ҳар қандай
янгиликка очиқ, нафақат ўзидаги мавжуд билимларни амалиётда қўллай оладиган,
балки бутунлай янги моддий ва маънавий қиймат ярата оладиган инсондир.
Ўзбекистон 2030 йилга бориб Глобал инновациялар индекс рейтингида
дунёнинг 50 та энг илғор мамлакатлари сафига киришдек улкан мақсадни ўз олдига
белгилаб олган. Бундай маррага эришиш йўлидаги асосий тамал тоши ҳар томонлама
пухта таълим кўрган, ташаббускор ва том маънодаги ижодкор янги авлодни
етиштиришдир. Ғарб мамлакатларида бу таълим тизимини “Lifelong learning” — яъни
умр бўйи узлуксиз ўрганиш деб аташади. Бироқ эътиборлиси шундаки, бу теран
ғоянинг асл руҳи бизнинг маданиятимизда ва қонимизда аллақачон мавжуд бўлган:
Ҳазрат Навоий етти аср муқаддам айнан мана шу нарса ҳақида ёзиб қолдирган. Биз
бугун шунчаки ўзимиз унутиб қўйган ўша бебаҳо тушунчани замонавий тилда
қайтадан кашф этяпмиз, холос.
* * *
Ушбу мақолани ёзиб тугатгач, хаёлим беихтиёр яна ўша Токио музейи
залларига қайтди. Шиша ортида маҳобат билан осилиб турган “ҳаори” худди ўзбек
миллий чопонини кўз олдимда яна жонлантиргандек бўлди — гўёки у муштарак бир
тарихнинг дарёнинг икки қирғоғида тушиб қолган изларига ўхшарди. Фақат биргина
қадрият икки хил халқда, икки хил ном билан яшаб келган.
Японлар миллий қадриятларини — қатъий интизом, юксак масъулият, чексиз
сабр, илм-фанга бўлган чуқур муҳаббат ва жамиятга нисбатан ҳурмат руҳини
авлоддан авлодга етказиб, асраб келмоқда ва буни кундалик ҳаётининг мутлақо
ажралмас бир қисмига айлантира олган. Бундай қадриятлар уларнинг таълим
тизимида ҳам, кўчадаги одатий хулқ-атворида ҳам, кундалик оддий инсоний
муносабатларида ҳам бирдек яққол ифодасини топади.
Аслида, бундай гўзал фазилатлар халқимизга ҳам асло бегона эмас. Ахир
бизнинг Навоийдек мутафаккиримиз бор. Беруний ва Ибн Синодек алломаларимиз,
Мирзо Улуғбекдек буюк олимларимиз ўтган. Халқимиз ҳам асрлар оша илмни энг олий
қадрият сифатида улуғлаб келган, ҳалол меҳнат қилишни шараф деб билган ва гўзал
одоб-ахлоқни ҳаётининг ажралмас тамойилига айлантира олган.
* * *
Ўғлим Мурод ўша куни светофор олдида қисқагина бир гап айтган эди:
“Болалар қараб турибди”. Мен ўшанда жуда оддий туюлган ушбу қисқа жумлада
қанчалик теран ва чуқур маъно яширинганини тўлақонли англаб етмаган эканман.
Аммо бу сўзлар хотирамда бир умрга ўчмас бўлиб муҳрланиб қолди. Чунки тарбия
жараёни фақатгина синфхона ёки мактаб деворлари ичида чекланиб қолмайди. У
кўчада ҳам, гавжум бозорда ҳам, меҳмонлар даврасида ҳам, ҳатто оддийгина
светофор ёнида ҳам муттасил давом этаверади. Уйда бўламизми, ишда, дарс
жараёнидами ёки кўчада юрган пайтимиздами, фарқи йўқ — ҳар лаҳзада кимнингдир
фарзандига ўзимизнинг кундалик хатти-ҳаракатларимиз билан тарбия бериб борамиз.
Биз буни хоҳ онгли равишда билайлик, хоҳ билмайлик, барибир мудом шу жараённинг
марказида бўламиз.
“Япон мўъжизаси” деган тушунча биз учун мутлақо бегона ёхуд имконсиз
нарса эмас — у ўзимизнинг бебаҳо тарихий меросимиз ҳисобланган, ўз вақтида
ота-боболаримиз томонидан садоқат билан асраб-авайланган ва бутун изчиллиги
билан ҳаётга татбиқ этилган азалий қадриятларимизнинг амалий бир кўринишидир.
Худди шундай барқарор тараққиётни биз ҳам бевосита ўз қўлимиз, меҳнатимиз ва
ақл-заковатимиз билан бунёд этишга тўла қодирмиз. Бунинг учун эса, энг аввало,
тарихий илдизларимизни янада чуқурроқ қадрлашимиз
ва уни келажагимиз сари элтувчи мустаҳкам кўприкка айлантира олишимиз зарур.
Шомурод МУСТАФОЕВ,
педагогика фанлари
доктори