Австралия, Буюк Британия, Дания ва АҚШ астрономларидан иборат гуруҳ Ердан 146 ёруғлик йили узоқликда жойлашган HD137010b потенциал яшашга яроқли сайёрани топди. Бу ҳақда 29 январь куни The Guardian газетаси тадқиқотга таяниб хабар берди.
Газета хабарига кўра, сайёра Қуёшга ўхшаш юлдуз атрофида айланади ва олимлар HD137010b Ердан атиги 6 фоиз каттароқ деб тахмин қилишмоқда. Газета иқтибос келтирган тадқиқотчилар сайёра ўз юлдузининг яшашга яроқли зонасида бўлиш эҳтимоли 50 фоиз эканлигини ва уни ҳар 355 кунда бир марта айланиб чиқишини таъкидлади, деб хабар берди tass.ru.
Газетанинг таъкидлашича, бу юлдуз Қуёшдан салқинроқ ва хирароқ, шунинг учун сайёрадаги ҳарорат Целсий бўйича -70 даражагача тушиши мумкин. Тадқиқот муаллифларидан бири доктор Челси Хуангнинг сўзларига кўра, сайёра келажакдаги кузатишлар учун устувор мақсадга айланиши мумкин.