Қарорга кўра, 2027 йил 1 июлдан тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун қуйидагиларни назарда тутувчи янгича узлуксиз касбий тиббий таълим (узлуксиз таълим) тизими жорий этилади:
узлуксиз таълим бериш ўқув дастурлари тегишли аккредитациядан ўтган давлат ва нодавлат таълим ҳамда тиббиёт ташкилотлари, тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотлар (узлуксиз таълим провайдерлари) томонидан амалга оширилади;
узлуксиз таълим олишнинг анъанавий шакллари билан бир қаторда тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг бевосита иш жараёни билан уйғунлашган масофавий, кечки ва бошқа шакллари жорий этилади;
узлуксиз таълим тизими тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг билим ва кўникмаларини доимий ошириб боришга қаратилади ҳамда таълимнинг кредит-модуль тизимига асосланади;
олий маълумотли тиббиёт ва фармацевтика ходимлари йилига 50 кредитдан, ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари йилига 28 кредитдан кам бўлмаган миқдорда малака ошириш курсларини ўташи мажбурий этиб белгиланади;
тиббиёт ва фармацевтика ходимларига узлуксиз таълим провайдерини, малака ошириш шакли ва дастурларини эркин танлаш ҳуқуқи берилади.
2026 йил 15 ноябрдан:
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги “Тиббий таълимда ўқув ресурсларини яратиш ва ривожлантириш маркази” давлат муассасаси фаолияти тугатилади;
давлат муассасаси шаклидаги Узлуксиз касбий ривожланиш маркази (Марказ) ташкил этилади;
Марказнинг тиббиёт соҳасида узлуксиз касбий таълим бўйича маҳаллий аккредитация ташкилоти сифатида фаолият кўрсатиш йўлга қўйилади.