Хусусан, Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган икки томонлама  ҳамкорлик дастурига мувофиқ, бугун 50 нафарга яқин тиббиёт ходими Ҳиндистоннинг бир қатор етакчи клиникаларида малака ошириш учун жўнаб кетди.

Юртимизнинг ҳар бир ҳудудидан саралаб олинган хирург, нейрохирург, невролог, нефролог, онколог, реаниматолог, лаборатор-врач, операцион блок ҳамшираси ва ҳудудий тиббий бошқарув ходимларидан иборат жамоа бир ой давомида ҳинд шифокорлари тажрибасини ўрганади.

Уларга Ҳиндистоннинг “Yashoda Hospitals”, “AIG Hospitals”, “Medanta the Medicity”, “Sri Sri Holistic Hospitals”  ва “Image Hospitals” каби машҳур шифохоналарида жорий қилинган илғор даволаш усулларини ўзлаштириб, мамлакатимиз тиббиёт тизимига татбиқ қилиш вазифаси юклатилган.

Мутахассисларнинг хизмат сафари давомида меҳмонхона, овқатланиш ва транспорт харажатлари мезбонлар томонидан, уларнинг бориб-келиш ва кунлик харажатларининг бир қисми эса Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси ҳисобидан қопланади, деб хабар беради  Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.