Тошкент шаҳар ХТБ Матбуот хизматининг хабар беришича, 181-мактабнинг тўрт нафар ўқувчиси — М.М., Х.М., Д.М., И.М.лар дарсдан кейин синфхонасида хорижнинг сувенир пулларини сочиб, видео лавҳа тасвирида иштирок этишган. Уларнинг синфдоши И.С. эса видеотасвирга олган. Сўнгра бу лавҳани Tik-Tok саҳифасига қўйишган.
Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси Ишчи гуруҳи мактабда ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбат ўтказди. Унда туман халқ таълими бўлими вакиллари, туман фаоллари, туман ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи, профилактика инспектори, психолог иштирок этди.
Суҳбат давомида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарига мактаб ўқувчиларининг юқоридаги хатти-ҳаракатлари одоб-ахлоқ қоидаларига зид эканлиги, миллий анъаналарга тўғри келмаслиги тушунтирилган.
Видеони суратга олишда иштирок этган ўқувчилардан бирининг онаси мактаб маъмуриятидан барча ота-оналар номидан узр сўраган.