Жорий йилда Халқ таълими вазирлиги томонидан мактабга давлат дастури доирасида 16 та тикув машинаси ҳамда 2 та оверлок машинаси тақдим этилган. 

Таълим масканида 5 ташаббус доирасида “Ёш тикувчи” тўгараги ташкил этилган, тўгаракда 7-синфдан бошлаб 30 нафар қизга “Устоз-шогирд” асосида тикиш ва бичиш сирлари ўргатилмоқда. 

Тўгарак иш бошлаганига ҳали кўп бўлмади. Шунга қарамай мактаб ҳисоб-рақамига 110 миллион сўм даромад келтирилди. Ушбу маблағ тўгаракда тикилаётган чойшаб ҳамда ёстиқ жилдларини сотувга чиқариш орқали тўпланди. 

Тўгарак раҳбари Дилноза Алимова бу маблағни йил давомида 1 миллиард сўмга етказишни режалаштирмоқда.

— Дастлаб иш фаолиятимиз учун мактаб раҳбари Дилора Жўраева томонидан маблағ ажратилди, — дейди  Дилноза Алимова. — Шундан сўнг барчамиз биргалашиб, тўгарак иш фаолияти учун аниқ режалар белгилаб олдик. Келгусида янги туғилган болаларга мўлжалланган кийим-кечак ишлаб чиқариш орқали фаолиятимизни кенгайтирмоқчимиз.