Мамлакатимип ҳудудида маданий ва табиий ёдгорликлар бисёр. Турли даврларда бунёд этилган, не-не суронли даврлар шоҳиди бўлган, ҳар бири мозийнинг бир парчаси сифатида сақланиб қолган мадраса, мақбара, масжид, хонақоҳ ва зиёратгоҳлар тарихимизнинг тилсиз тилсимларидир.  

Биргина Қашқадарё вилоятида 900 дан ортиқ маданий мерос объекти мавжуд. Уларнинг 160 дан ортиғи архитектура иншооти, 683 таси археологик ёдгорликлар, 61 таси қадимий санъат асарлари, 20 дан зиёди эса зиёратгоҳлардан иборат. Шулардан бири Ҳазрати Лангар ота зиёратгоҳидир  

Тарихий манбаларга кўра, ушбу зиёратгоҳ жойлашган Ҳазрати Лангар ота қишлоғининг тарихи зардуштийлар даврига бориб тақалади. Ҳудудда бир муддат саёҳат қилсангиз, мозийнинг бизгача сақланиб қолган кўпгина мўъжизаларига гувоҳ бўласиз. Қишлоқнинг ҳар бир қарич ери ўзида илк неандертал давридаги ҳаётдан бошлаб, зардуштийлар, сўнгра ислом дини тарихини ҳам акс эттиради.

Айни пайтда Қашқадарё воҳасида иккита Лангар ота қишлоғи бор. Қамашидаги Катта Лангар,  Чироқчи туманидаги эса эски Ҳазрати Лангар деб аталади. Биз сўз юритаётган бу манзил, қўшни Самарқанд вилояти билан чегарадош Ҳисор ва Зарафшон тоғларининг бирлашган нуқтаси — Ҳазрати Башир тоғларидан Жом қишлоғига қадар чўзилган Қоратепа, Чақиликалон тоғ тизмалари ўртасидаги Қалқама воҳасининг марказида жойлашган. Номи тарихчи ва топономик олимларнинг фикрига кўра,  бу ерга шайхларнинг келиши ва лангар ташлаши деган маънони англатади. Яъни, Ҳазрати Лангар қишлоғи ҳам ўртада жойлашган бўлиб, ҳар томонида 7 тадан қишлоқ мавжуд. Лангар сўзининг яна бир маъноси — лангар чўп ёки мувозанат нуқтаси, ўрталиқ қишлоқ маъносига ҳам эга.

Қадимшунос олим, академик Рустам Сулаймоновнинг маълумотларига кўра, Ҳазрати Лангар қишлоғида одамзот беш минг йилдан буён яшаб келади. Қишлоқдаги Гедалисойдан топилган баъзи археологик топилмалар —бронзадан ясалган дудама ханжар, камон ўқи, қоратошли қадимий мозор, икки дона оссуарий(сопол тобут) бунга мисол бўла олади.  Дунё сайёҳлари диққат эътиборини тортган бу қишлоқ айни пайтда Халқаро экотуризмни ҳам ўзига жалб этмоқда. Бу манзилда қадим ўтмишдан бизгача етиб келган зиёратгоҳлар, тарихий обидалар, сиру синоатга тўла табиат ёдгорликлари, қоятошлардаги сурат-ёзувлар, Конизор ғоридаги ибтидоий одам маконлари, тош ҳайкалчалар, минг йиллик улкан чинор, мангу оқиб ётадиган маъданли булоқлар ўхшаши йўқ.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, ўтмишда ушбу манзил шу яқин атроф аҳолиси учун шўролар даврига қадар илм тарқатувчи маскан ҳисобланган. Хусусан, ўтган асргача қишлоқда ўша даврнинг олий маълумотини берувчи мадраса фаолият олиб борган. Унда диний билимлар билан биргаликда дунёвий илмдан ҳам сабоқ берилган. Талабалар бўш пайтлари шахматга ўхшаш «Арши аъло» ўйинини ўйнашгани айтилади. Ўйиннинг тахтаси ва қоидалари ёзилган қоғоз қишлоқ уйларидан бирида топилган бўлиб, ҳозигача сақлаб келинади.

Унда 30 тагача одам қатнашиши мумкин. Ўйин тартиби ҳам ўзгача: Худонинг даргоҳига «ўйинчи» қай йўл билан чиқиши белгиланади.  Ҳар бир катакда одамларнинг гуноҳлари «ёзилган». Тошлар ташланганда қайси катакка тушса, унинг гуноҳи аниқланади ва тошдаги сонга қараб илгари сурилади. Йўлда майда илонлар учраб, охирида иккита аждарҳо ўйинчини кутиб туради. Унинг оғзига тушсангиз ютиб юборади ва ўйин яна аждарҳо думидан бошланади. Ўртадаги нарвонларга тўғри келинса, юқори поғонага чиқилади.  Яъни, ҳозирги компьютер ўйинларининг асосида айнан ана шу ўйин ётган бўлса ажабмас.

Айтишларича, мадрасанинг ўзига хос каттагина кутубхонаси мавжуд бўлган. Афсуски, шўролар даврида қишлоқ фаоллари китобларни асраш мақсадида ярим тунда қабристонга олиб бориб кўмишган. Лекин, анча вақтгача ҳеч бир киши бу китоблар ҳақида бир оғиз ҳам гапира олмаган. Маълум вақт ўтгач эса, китобларнинг айнан қайси жойда кўмилганини билувчи одамлар вафот этгани сабабли ҳанузгача улар топилмаган.

Бугунги кунда эса қишлоқ фаолларидан бири одамлар уйида сақланиб қолган  китобларни асраш мақсадида фарзандлари билан икки хонадан иборат мўъжазгина бино қуриб, уни  Лангар ота қишлоғининг тарихий музейига айлантирган. Музей аста-секинлик билан бўлсада, шу ердан топилган, зардуштийлар тобути ҳисобланмиш 2 дона оссуарий, китоблар, қадимги маиший буюмлар билан бойитилаётганини кўриш мумкин.

Қишлоқ бўйлаб сайр қилар эканмиз, унинг асосий ёдгорлиги — Ҳазрати Лангар мақбарасига йўл олдик. Бу ерда оралиғи чамаси 200 метр бўлган иккита қадимий мақбара жойлашган бўлиб, тахминан 16–17 асрларда бунёд этилгани айтилади. Хонақоларнинг кўриниши бир хил, аммо ҳажм жиҳатдан бири каттароқ, иккинчиси кичикроқ. Иккаласи ҳам денгиз сатҳидан 700 метр юқорида жойлашган. Бизга маълум қилинишича, мақбараларда ўз даврида ислом дини пешволари бўлган шайхлар дафн этилган. Ақидага  кўра, Лангар ота шайхлари пойига кўмилган инсон дўзах ўтидан халос бўлган.  Шу сабаб, илгарилари бу ерга ҳатто Афғонистондан ҳам одамлар олиб келиб, дафн этилган экан.

Кейинги пайтда бу ердаги қабр тошлар олимлар томонидан ўрганилиб, айни пайтда харитаси тузилган. Ҳозир мақбаралар зиёратгоҳга айлантирилган.

Қишлоқ ўртасидан оқиб ўтувчи дарё томон энар эканмиз, сой бўйида жойлашган масжид эътиборимизни  тортди. Масжид усутунларининг бирида бу бино ҳижрий 122 йили бунёд этилгани ҳақида қайд этилган, яъни бундан 800 йил илгари қурилган. Ҳануз аҳолига хизмат қилиб  келаётган масжид  устунлари  чинор ва арча дарахтидан ясалиб, юқори қисми нақшлар билан безатилган. Масжид шифтида ҳар бири ўз маъносига эга бўлган  рангдор нақшлар ёрқинлигини сақлаб қолган. Шунча даврлар ўтса ҳам  ўз кўринишини йўқотмаган бу нақшлар устасига тасанно айтмасдан иложингиз йўқ. Унда ишлатилган буёқ қандай тайрёлангани эса ҳамон сир.

—  Тадқиқотларга кўра, масжид дастлаб қишлоқ тепасидаги Оқмачит гузарида  қурилган экан ва бундан 8 аср илгари мана шу жойга кўчирилган, — дейди шу қишлоқлик Музроф ота Сайфиддинов. — Устундаги ёзув ҳам илк масжид қурилган вақтдан дарак беради. Бу жойга кўчирилганда устунлари ҳам тўлиқ олиб туширилган. Тахминимча, юқорида сув бироз муаммо бўлгани боис шу ерга, яъни дарё яқинида бунёд этилган. Шўролар даврида масжид ёпилиб, омборхонага айлантирилди. Гоҳида ўғит сақланган бўлса, гоҳида хўжаликнинг қорамол тери йиғадиган жойига айланди. Шукрки,  мустақиллик унга ўз моҳиятини қайтарди.

Эътибор берсангиз, шифтдаги нақшларнинг аксарияти  свастика кўринишида, асосан бумеранг — абадий ҳаёт тасвири акс эттирилган. Шифтга нақшлар асосан матога чизиб, ёпиштирилган. Шунинг учун ҳам асрлар давомида устидан сув ўтса ҳам нақшлар ўчмаган. Ҳар бир нақш алоҳида маъно касб этади. Улар инсон ҳаётининг мазмунини ўзида акс эттирган. Мутахассислар фикрига кўра, ушбу масжид тарихийлиги ва ўзига хос кўриниши билан Марказий Осиёда бетакрордир.

Масжид ҳозирда Абулҳасан Ишқий номи билан аталади. Манбаларга кўра, Абулҳасан Ишқий тасаввуф илмининг ишқиё тариқатчиларидан бўлиб, ушбу масжид бунёд этилишида ўзи бош бўлган. Бундан ташқари, шу ҳудудда диний ва дунёвий илм ривожланишида катта хизмат кўрсатган кишилардан бири бўлган. Хусусан, Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат» асарида 770 нафар машойих ҳақида маълумот келтириб, унда хусусан, шундай ёзади: «Шайх Аблуҳасан Ишқий (сирлари муқаддас бўлсин) Хоразмдандур. Шайх Боязид Ишқий Қуддуси сирриҳум силсиласи султон ул-орифин Боязид Бистомий раҳимиллоҳга етар, анга тарбият қилгандир. Ўз замонида фақир аҳлининг муқтадоси эрмиш, балки машоихнинг пешвоси. Мурид ва асъҳоби кўп, каромат ва мақомати андин кўпроқ».

Айни пайтда масжид бироз таъмирга муҳтожлиги кўриниб турибди. Шунча асрлар ўтса ҳам аслиятини йўқотмаган мазкур тарихий обида айни шу даврга келиб нураб кетишидан маҳаллий аҳоли ҳам хавотирда. Лекин, вилоят ҳокимлиги мутасаддиларининг бизга тақдим этган маълумотларига кўра, жорий йилда ушбу масжид реставрация қилиниши учун давлат дастурига киритилиши борасида таклиф берилган.     

Маҳаллий аҳолининг таклифи билан сой бўйида жойлашган ҳовли девори ёнидаги катта тошга 40 та катак ўйилган жой томон бордик. Тош ёнида оёқ қўядиган жой ҳам бор. Оқсоқолларнинг айтишича, бу қадимги қирчовут ўйинининг «тахтаси» бўлиб, у зардуштийлар даврида ўйлаб топилган. Бундай  ўйинлар асосан сув тегирмонлар олдида ташкил этилиб, одамлар навбат кутганида қирчовут ўйнаб, вақт ўтказишган. Бу асосан текис тош устига ўйиб, қирқта катакча қилинган ва икки рақиб ўз тошлари билан бир-бирига қарши ҳаракат олиб борган. Ҳозиргача дарё бўйларида қирқчовут ўйналган тошлар сақланиб қолган. Лекин унинг қандай ўйналиши ҳақида ҳеч бир манбада ёзиб маълумот йўқ.

Қишлоқда нафақат маданий меърос объектлари, балки табиат ёдгорликлари  ҳам кўплиги зиёратчиларни ўзига жалб этиб келмоқда.  Шулардан бири Султон Воис бобо эккан ва ҳозирда ёши минг йилдан ошган чинордир. Янғоқли сой этагида бўй чўзган бу улкан дарахт, айтишларича, бир марта ёниб кетгач, ўрнидан яна иккита чинор ўсиб чиққан. Ривоятларга кўра,  Султон Воис бобонинг волидалари бобонинг ёшлигида қўлига косов бериб, «ўчоқни ковла» деса, у ерга суқиб худога нола қилгач, косов кўкарган экан. Қишлоқ четидаги «Хукак», яъни «Ҳақиқат тоши» номини олган тешик тошнинг тарихи ҳам Султон Воис бобо билан боғлиқ.  У юрган йўлида «ху хақ» деб  хитоб қилгани боис, унинг ҳар бир сўзи тошларда акс-садо берган.  Кейинчалик  бу тош  «Хукак»  деб аталган.

— «Ҳақиқат тоши»дан ҳар ким ҳам ўта олмайди, — дейди Музроф ота. — Кимнинг гуноҳи бўлса тош қисиб қолади, дейилади ривоятларда. Аммо баъзи бир кишиларнинг шу тош орасидан ўта олмаганига ўзим ҳам гувоҳ бўлганман. Неча асрлар давомида одамлар Янғоқли сойдан тупроқ олиб, сопол идиш ва тобутлар ясашган. Чунки унинг тупроғи ниҳоятда тоза. Ўртада оқаётган дарёнинг номи Лангар бўлиб, қадимдан Чашмиоб деб аталган. Чунки Жомдан Самарқандгача чашма (булоқ)лар сероб. Дарёлар ҳам бошини чашмадан олади. Ҳар бир чашманинг суви шифобахш. Ўз номи билан аталган Қўтирбулоқ сувидан ичиб, унда чўмилган одам бир неча дарддан халос бўлади.  Кўриниб турган Ҳисор чўққисида ғор бор. Унинг атрофидаги арчалар сақланиб қолган. Айтишларича, илгари арчалар тоғ этагигача ўсган, кейин эса одамлар томонидан уларнинг аёвсиз  кесиб ташланиши натижасида тоғ ёнбағирлари ялонғочланиб қолган. Афсуски, табиатга аёвсизларча муносабат яқин-яқингача давом этди. Мана, энди муҳофазага олиниб, яна дарахталар бўй кўрсатишига замин яратилмоқда.  Тоғимизда, шунингдек, туғдона номини олган дарахтлар ўсади.  Аммо  улар ҳам жуда кам қолган.  Бу ерда баҳорда очиладиган тоғ лоласи  икки ойгача сувда яшнаб туради. Қишлоқни Чақиликалон тизмаси ўраб туради, иккала томонидан қуёш бирдай ўтади. Тоғнинг энг баланд жойи денгиз сатҳидан 2200 метр юқори. Ўзига хос хусусияти шундаки,  бу ерда доривор ўсимликларнинг 100 дан ортиқ тури ўсади.

Қишлоқнинг шимолий қисмига қараб йўл оламиз.  Яланғоч қир бағири ўртасида тўдаланган улкан тошлар эътиборимизни ўзига тортди.  Энг катта тошга ибтидоий одамларнинг ов жараёни сурати ўйиб  туширилган. Бу тош маҳаллий аҳоли томонидан Қўчқортош  деб аталаркан.

Лангар ота қишлоғининг ҳали очилмаган сирлари кўп. Унинг тарихи, бетакрор табиати, тарихий, табиий ва маданий ёдгорликлари борасида ўрганишлар олиб бориш лозим.

Хуллас, бугун маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг қадами узилмаётган бу маскан ҳақида минг бора эшитгандан кўра, бир бора кўрган афзал деганларидек, бир ташриф буюрсангиз, сарфлаган вақтингизга ҳеч ҳам ачинмайсиз.

Акбар РАҲМОНОВ,

«Янги Ўзбекистон» мухбири