Кеча Тожикистон Аграр партиясининг (АРТ) Фавқулодда қурултойи бўлажак 11 октябрь сайловларида президентликка биринчи номзод номини эълон қилди, дея хабар беради “Дунё” АА мухбири.
НИАТ “Ховар” хабарига кўра, АРТ раиси Рустам Латифзода президентликка номзод қилиб кўрсатилган.
Давлат раҳбари лавозимига номзод 1960 йил 27 ноябрда Тожикистоннинг Хатлон вилоятида туғилган. Тожикистон аграр университетини ва Санкт-Петербургдаги кончилик институтини тамомлаган. Йиллар давомида у вазирликлар ва идораларда, парламентда етакчи лавозимларда ишлаган. Атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг долзарб масалалари билан шуғулланган. 2014 йилдан буён АРТ раиси.
Амалдаги қонунчиликка кўра, президентликка номзодлар белгиланган тартибда рўйхатга олинган сиёсий партиялар, Мустақил касаба уюшмалари Федерацияси, Ёшлар иттифоқининг съездларида, шунингдек, Тоғли Бадахшон Мухториятининг Халқ депутатлари Мажлисида, Сўғд ва Халтон вилоятлари, Душанбе шаҳрида ҳамда халқ тасарруфидаги шаҳар ва туманларнинг халқ депутатлари мажлисларида кўрсатилган бўлиши зарур.
Конституцияга кўра, президент 7 йил муддатга сайланади. Президентликка номзод камида 30 ёшга тўлган , фақат Тожикистон Республикаси фуқаролигига эга, олий маълумотли, давлат тилини биладиган ва камида охирги 10 йил давомида республикада истиқомат қилган бўлиши керак.
Бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ президент бўла олмайди. Ушбу чеклаш Тинчлик ва Миллий бирлик асосчиси – Миллат лидери Эмомали Раҳмонга тааллуқли эмас.
Давлат бошлиғи учун янги сайловлар куни 6 август куни олтинчи чақириқ Тожикистон Республикаси Олий Мажлисининг иккала палатасининг қўшма мажлисида белгиланади.
Тожикистон оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, 3 сентябрь куни Тожикистонда ҳукмрон бўлган Халқ демократик партиясининг навбатдан ташқари XIV қурултойи бўлиб ўтади.Ундаги асосий масала президент сайловларига янги номзодни кўрсатишдир.