Алишер Навоий бобомизнинг бундан беш ярим аср аввал айтган фикрлари ҳаётда ўз амалий тасдиғини топиб бормоқда. Офтоб нурлари Ер юзига ҳаёт бахш этгани ҳолда, унинг нурлари инновацион технологиялар асосида аҳоли хонадонлари, ижтимоий иншоотлар ва ишлаб чиқариш қувватлари, яъни инсоният қўли билан яратилган мулкларни чароғон қиляпти, уларни экологик тоза энергия билан таъминлаяпти.
Ўтган йили мустақиллик айёми арафасида Президентимиз Навоий вилоятининг Кармана туманида қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектр станцияни ишга туширилишига старт берди. Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида қуёш, Қорақалпоғистоннинг жанубий ҳудудида барпо этиладиган шамол электр станциялари қурилиши пойдеворига таъмал тоши қўйди...
НУРОБОДНИНГ ЯНГИ “ҚУЁШИ”
Нуробод тумани ҳудудининг аксар қисми ясситоғлик, текислик, адир ва қирлардан иборат, унинг кенг яйловлари Қарноб чўлига туташиб кетган. Кўклам серёғин келса, қиру адирларни янтоқ, шувоқ, каррак, оққурай, қўзиқулоқ каби ўт-ўланлар қоплайди. Чорвадорларнинг қозони мойга тўлади. Баҳор қурғоқчил бўлса, жизғанак кенгликларда сароб ўйнайди. Хуллас, нурободликлар тили билан айтганда, осмонга қараган юрт.
Туман номи ер ости нодир маъданларига ёки кечалари ёрқин юлдузларга тўлиб кетадиган осмонига мензабми, умааман олганда, нима учун шундай қарорга келинганидан қатъи назар, келажакни ўйлаб қўйилгани эндиликда яққол намоён бўляпти. Тез орада бу ерда қуёш нурини электр қувватига айлантириб берадиган йирик фотоэлектр станцияси ишга тушади.
— Ушбу станция қурилиши Президентимизнинг 2018 йил октябрь ойида Франция Республикасига расмий ташрифи чоғида имзоланган лойиҳалардан бири бўлган эди, — дейди Энергетика вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдуллажон Отабоев. — Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида 2019 йил 13 сентябрда бўлиб ўтган тадбирда ушбу лойиҳага расман асос солиниб, Энергетика вазирлиги иштирокида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ва Франциянинг “TOTAL Eren” компанияси ўртасида умумий қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектр станцияси қуриш ва эксплуатация қилиш юзасидан келишув имзоланди.
Президентимизнинг 2020 йил 13 майдаги “Самарқанд вилоятида қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектрик станцияни қуриш" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу лойиҳани ҳаётга самарали татбиқ этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда Лойиҳанинг умумий қиймати 100 миллион долларни ташкил этади ва у Франциянинг “Total Eren SA” компанияси томонидан 100 фоиз тўғридан-тўғри инвестиция маблағи ҳисобига молиялаштирилади.
Лойиҳа бўйича “Ўзбекистон милий электр тармоқлари” АЖга юклатилган вазифалар, жумладан, кириш йўлларини қуриш, ер майдонини текислаш ва тўсиқлар билан ўраб чиқиш ишларини олиб борди. Ишлаб чиқарилган қувватни мамлакатимиз электр таъминоти умумтизимига улаш ва қабул қилиш билан боғлиқ жараёнлар ҳам ниҳоясига етказилди.
— Станция 353 гектар ер майдонида барпо этиляпти, бу ерда ўрнатиладиган қуёш панелларининг умумий сони 295 мингдан ортиқни ташкил қилади, — дейди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати ходими Обиджон Дилмуродов. — Унинг ҳудудида барча инфратузилма ишлари амалга оширилган, ҳозирги вақтда қуёш панелларини ўрнатиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда.
Электр станция орадан кўп ўтмай, яъни апрель ойида ишга тушгач, йилига 260 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариб, 80 мингдан ортиқ хонадонни электр қуввати билан таъминлайди. Яна бир аҳамиятли томони, станция ишга туширилиши натижасида йилига 78 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилади, атмосферага 100 минг тонна зарарли чиқиндиларнинг чиқишини олди олинади. Ушбу ҳажмдаги тежалган газ билан республикадаги мавжуд барча аҳоли хонадонларини бир кун давомида табиий газ билан таъминлаш мумкин.
Мазкур станция Ўзбекистон тарихида қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр қуввати ишлаб чиқарадиган иккинчи энг йирик қуёш фотоэлектр станцияси ҳисобланиб, айнан ушбу қувватдаги биринчи қуёш фотоэлектр станцияси 2021 йилнинг август ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида ишга туширилганлигини юқорида қайд этган эдик.
2023 йил якунига қадар Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси томонидан қуввати 220 мегаватт бўлган вилоятдаги иккинчи йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилиши мўлжалланмоқда.
ОРЗУЛАРНИ РЎЁБГА ЧИҚАРАЁТГАН ЛОЙИҲАЛАР
Қуёш, шамол, гидро, био ва бошқа энергетика манбалари ҳақида гап борганда, қайта тикланувчи, яшил, муқобил энергия деган атамаларнинг қўлланилиши бежиз эмас. Тадқиқотчиларнинг аниқлик киритишича, “яшил энергия”нинг асосида Ер юзидаги ҳаёт манбаи бўлган Қуёш ётибди. Шамол ҳам, сувнинг табиатда эркин айланиши ва бошқа иқлим шароити билан боғлиқ жараёнларнинг барчаси галлактикамиз марказий сайёрасининг фаоллиги ҳисобига амалга ошади. У қайта ишлангани учун “қайта тикланувчи”, экологияга деярли зарари бўлмагани учун “яшил энергия” деб таърифланади. Ҳозирги кунда Ер юзида, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам электр энергияси ишлаб чиқариш нефть ва табиий газ эвазига ҳосил бўлгани учун унга “муқобил” мақоми берилган.
Юртимиз қуёшга юз тутган ва йилининг 320 кунида офтоб порлаб туради. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда қуёш станцияларини қуриш орқали жами 600 миллиард килоВатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Бу республикамизнинг бугунги кунда энергияга бўлган жами эҳтиёжидан 8 баробар кўп дегани.
Агар бунга 1 триллион КВт соатгача бўлган шамол, 21 миллиард КВт.соатдан ортиқ гидроэнергетика, 6 миллиард куб метр ҳажмдаги биомасса ва ҳали қуввати тўлиқ аниқланмаган водород қўшилса, муқобил энергетиканинг салоҳияти нечоғлиқ улканлиги ҳақидаги тасаввурларимиз янада бойийди.
Бироқ, яқин-яқинларгача мамлакатимимз “яшил” энергетика имкониятлари ҳақида гап борганда, ана шундай каттадан катта рақамлар келтирилар эди-ю, амалий ишларга келганда, кўнглилни ғурурга тўддирадиган мисолни топиш даргумон, янада аниқроғи, орзую армон эди.
Шукрким, бундан беш йил аввал муқобил энергияни ривожлантириш бўйича қабул қилинган ҳужжатлар баҳор чечаклари каби дилларни қувонтира бошлади. Президентимизнинг 2017 йил 26 майдаги “2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарориига биноан, 2025 йилга бориб электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватлари таркибида қайта тикланувчи энергия манбаларининг ҳиссасини бир ярим баробарга ошириш назарда тутилган эди. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 22 августдаги қарорига асосан эса, юртимизда 2030 йилга бориб муқобил энергия манбаларининг электр қуввати ишлаб чиқариш умумий ҳажмидаги улушини 25 фоизга етказилиши белгилаб берилди.
Давр шиддат билан ўзгариб боряпти. Ислоҳотлар кутилганидан тез ўз самара беряпти. Кейинги пайтда амалга оширилаётган ва ишлаб чиқилаётган лойиҳалар кўлами бу мақсадларга эришиш муддатини янада қисқартириш мумкинлигини кўрсатмоқда. Чунки, кеча хаёлий орзу бўлиб туюлган қуёш ва шамол электр станцияларини барпо этиш ишлари ҳайратомуз даражада жадаллашиб бормоқда.
—Тараққиёт стратегиясига асосан, 2026 йилга бориб юртимизда қуёш ва шамол электр станциялари қуввати 8000 МВтга етказилади, — дейди Абдуллажон Отабоев. — Қайта тикланувчи энергия манбалари улушининг ана шундай миқдорга чиқиши эвазига йилига қарийб 3 миллиард куб метр табиий газ тежашни назарда тутувчи Президент қарори лойиҳаси тайёрланди. Унга кўра, қуёш электр станцияларининг умумий қуввати 4000 МВтга етади.
Бу йўналишдаги иккита лойиҳа бўйича Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида қурилиш ишлари давом этяпти. Бу ерда дастлабки босқичда камида 200 МВт. ўзгарувчан ток қувватига эга қуёш электр станцияси, шу жумладан, янги 220 кВт кучланишли подстанция ва “Сурхон – 500 кВ” подстанциясига уланиш учун жами узунлиги 52 километрлик электр узатиш тармоғи тортилади.
Шерободдаги иккинчи лойиҳа 300 МВт қувватга эга фотоэлектр станциясини қуришни ва 2024 йилга қадар биринчи станцияга яқин жойда иш бошлашини кўзда тутади.
Йиллик ишлаб чиқариш 1,1 миллиард кВт. соатдан ортиқ бўлган 500 МВт қувватга эга бўлган 2 та ФЭС ҳудуддаги йиллик электр энергияси истеъмолининг тахминан 30 фоизини таъминлаш имкониятига эга бўлади. Сурхондарё вилоятида ўртача йиллик электр энергияси истеъмоли 3,2 миллиард кВт. соатни ташкил этади.
Тараққиёт стратегиясида белгиланган режага мувофиқ, 2023 йилда Навоий, Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида жами қуввати 1 100 МВт бўлган 4 та, 2024 йилда Бухоро, Наманган, Хоразм, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида умумий қуввати 900 МВт бўлган 5 та, 2025-2026 йилларда республика бўйича жами қуввати 1 800 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилади.
Шу ўринда муҳим бир жиҳатга эътибор қаратиш жоиз бўлади. Қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида амалга оширилаётган йирик лойиларнинг ҳеч бири давлат кафолатлари тақдим этилишини назарда тутмайди. Бу, ўз навбатида, соҳанинг либераллашувига ва давлат-хусусий шерикчилигининг вужудга келишига имконият яратяпти. Хорижий сармоядорлар амалга ошираётган лойиҳалар ва киритаётган таклифлар эса энергетика бозорининг йирик иштирокчиларида мамлакатимизда ишлашга бўлган қизиқиш тоборо ортиб бораётганини, бунинг учун қулай инвестиявий муҳит юзага келганини ҳам яққол кўрсатиб турибди.
Президентимиз икки кун олдин Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик масалалари юзасидан ўтказган йиғилишда таъкидланганидек, мазкур анжуман мамлакатимиз иқтисодиёти учун зарур бўлган истиқболли лойиҳаларнинг тақдимот платформаси бўлиб хизмат қилади Муқобил энергетика тизимида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар ва жозибадор йўналишлар мамлакатимизнинг халқаро бизнес ҳамжамиятига очиқлигини намойиш этиш, мазкур тармоқнинг инвестицион салоҳиятини кўрсатиш учун ибратга молик амалий тажриба бўлади.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
иқтисодий шарҳловчи