Узум етиштириш машаққат ва қунт талаб қилади. Узумдан мўл ҳосил олиш учун унга ишлов бериш, парваришлаш лозим бўлса уни совуқдан асраш, нобуд бўлишидан сақлаш учун албатта кўмиш зарур. Кўмилган ток новдалари эса қишнинг изғиринию, совуғидан омон қолади, деҳқоннинг ҳосилига барака беради. 

Узумни юртимизнинг турли ҳудудларида турлича кўмишга одатланишган. Мисол учун Самарқанд вилоятининг Иштихон тумани деҳқонлари одатда токларни тупроқ билан кўмади. Тоғ ҳудудларига яқин тошлоқ ерларда эса пичан, сомон, турли туман хашаклар, салафанларга ўраган ҳолда кўмишга одатланишган. 

Кўмилмай қолган токларни совуқ кунларда асраш учун эса токзорлар оралатиб дудлар қўйиш (сомон, хашаклар, ўтин, ёғоч қипиғи) тавсия этилади. Бу агротехник тадбирлар ток новдаларининг деярли 70 фоизгача бўлган ҳолатда сақлаб қолишга туртки бўлади. Дудлар қўйиб, тутун орқали ҳимоялашда шамолнинг йўналишини ҳам инобатга олиш лозим. Шамол келаётган тарафдан бошлаб дудлар қўйиш мақсадга мувофиқ саналади.