Шоирлар одатда эзгулик элчиси, халқ орзу-умидлари, дарду армонлари куйчиси сифатида таърифланади. Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхоним Исроилова том маънода ана шундай юксак эътироф ва эътиборга муносиб ижодкордир. У ўзига хос шеърият мактабини ярата олган, чорак асрдан ортиқ вақт “Саодат” журнали бош муҳаррири сифатида фаолият юритиб, дунё машаққатини соҳир қалами билан енгиб ўта олган аёл.

Зулфияхоним “Адабиётни ҳеч қачон бир киши яратмайди. Уни бутун адабий жамоатчилик яратади. Адабиёт халқ ҳаётини акс эттиради, ёзувчилар эса ана шу ҳаётни куйлаб, адабиёт яратадилар”, деб ёзади. Ўзи ҳам қалам аҳлини баҳоли қудрат қўллаб-қувватлаган, ҳар бир “ярқ” этган қаламкаш ижодига ўзгача меҳр ва эътибор билан муносабат билдирган. Жумладан, донишманд шоиримиз Эркин Воҳидовнинг Сергей Есенин шеърлари таржимасига юқори баҳо берган.

Халқ шоири Абдулла Ориповнинг  “Ўзбекистон” шеъри мустабид шўро сиёсатдонларига ёқмай, шоир миллатчиликда айбланиб, тазйиқ остида қолган пайтда машҳур шеъри миллион нусхали “Саодат” журналида э ълон қилинган. Беназир шоирамиз Ҳалима Худойбердиеванинг ёрқин ижодини юқори баҳолаб, Москвадаги Олий адабиёт курсида ўқишига имконият яратган. Бу каби эзгу ишлар, жасоратли қадамлар Зулфияхонимни нафақат ғамхўр раҳбар, айни пайтда адабиётимиз жонкуяри, талабчан устоз сифатида ҳам элга танитди.

Халқимизда “Яхши одамларнинг болалари ҳам яхши одамлар бўлиб етишади”, деган нақл бор. Ўғли — Ҳамид Олимжоннинг тўйига Жиззахдан меҳмон бўлиб келган Комила ая қайтиб кетишга шайланади. Келини Зулфияхоним унинг кетишига йўл қўймайди. “Ўғлингиз шу ерда, сиз ҳам биз билан бирга қолинг”, дейди. Келиннинг меҳрибонлиги билан ҳаммалари бирга яшайди. Зулфияхонимнинг Ҳамид Олимжонга меҳр-муҳаббати шоирнинг онаси, сингиллари ва укаларига ҳам етади. Севган инсоннинг қариндошлари ҳам шундай суюмли бўларкан-да.

Таниқли адиб ва жамоат арбоби Сарвар Азимов шундай ёзади: “Қўл-қўлга етмас шу кунларда омад келишига нима етсин. Ҳамид Олимжон ёниқ юлдузини — жон ҳадя қилишга тайёр севгисини топди. Унинг оти — Зулфия. У устози Миртемир айтганидек, нозима эмас, шоира эди. Ўн етти ёшида қалдирғоч шеърлар тўплами нашрдан чиққан, тошкентлик уста Исроил дегрез билан Хадича онанинг қизи, оловдай шоира Зулфия опа уйимизга келин бўлиб тушдилар”.

Икки шеър шайдосининг тўйи муносабати билан Зулфия опанинг онаси ўзи тиккан катта, қуёшнусха сўзанани совға қилган. Ҳамид Олимжон сўзананинг қавиқларини қўли билан силай туриб, “Бу сўзана менинг уйимга нур ва фариштани етаклаб келди”, деб завқланган экан. Палак ҳақида Зулфия опа яна бир воқеани сўзлаб берган:

 — Ҳамма иш битди, тайёр, деганларидан кейин палакни қўлимга олиб қарасам, бир чети чала экан. Мен янгамга “Нима учун мана бу жойини тикмадинглар? Келинглар, мен битказиб қўяй”, дедим. Шунда онам бу дунёнинг ишлари ҳар доим чала, агар палакни охиригача бекаму кўст тикиб, унга нуқта қўйилса, ҳаёт ҳақиқатига зид бўлади, деб айтди.

Зулфия опа санъат музейида миллий санъат кўргазмасини Александра Стрельцова билан томоша қилаётганида рус журналисти “Нима учун палакнинг мана бу ери тикилмаган?” деб сўрайди. Унга жавобан шоира онасининг ўша сўзларини айтади. Шунда журналист ўйланиб қолиб, “Ўзбек халқи — донишманд халқ” , дея ҳайратини билдирган экан.

— Қадрли акам, халқ артисти Ботир Зокиров қўшиқларнинг маъносига катта эътибор қаратарди. Айниқса, фалсафий, залварли шеърлар у кишининг жони-дили эди, — деб ҳикоя қилади Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров. — Аниқ эсимда бор: Ҳамид Олимжоннинг етмиш йиллик юбилейи тантаналарида Ботир акам “Хаёлимда бўлдинг узун кун...” шеърини қўшиқ қилиб куйлади. Концерт тугагач, Зулфия опа саҳнага чиқди. Ботир акамни қучоқлаб, “Ботиржон, бу шеърни Ҳамид акангиз менга бағишлаб ёзган эди, уни шундай куйладингизки, хаёлимда ўзлари ўқиб тургандай бўлди”, деб миннатдорлик билдирди. Ботир акам Зулфия опани жойларига кузатар экан, “Умрбоқий муҳаббат деганлари шу бўлса керак”, деган эди.

Миллатнинг биринчи тарбиячилари оналардир. Оилада отанинг ўрнини ҳам босиб, иссиқ-совуққа бирдек қалқон бўлиб тургувчи, фарзандлари, набиралари келажаги учун тоғдек посбон бўлгувчи момоларимиз ўзбекнинг асл аёлларидир. Мен буни Зулфия опанинг ўғли Омон Олимжоновнинг армонли ва фахрли сўзларидан англадим. Бир гал Олий Кенгаш депутатлигига Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Омон Олимжоновнинг номзоди қўйилди. Мен у кишига ишончли вакил сифатида Жиззах туманида ўтказилган учрашувларда қатнашдим.

Йиғилишларнинг бирида Омон Ҳамидович ота-онаси ҳақида меҳр билан гапирар экан, ҳар икки беназир шоирнинг ҳаётида бувиси Комила ая муҳим ўрин тутгани, бошига гўё осмонлар қулаб тушган Зулфия опанинг оёққа туришига, ижодий фаолиятини давом эттиришига донишманд бувисининг меҳру фидойилиги катта суянч бўлгани, ўзининг юраги тилка-пора бўла туриб, келини ва набираларини оғир дамларда тоғдек суягани ҳақида ёниб сўзлаганди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида Жиззахда фаолият кўрсатаётган Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабида таҳсил олаётган ўғил-қизлар билан дийдорлашганимизда адабиётнинг ёрқин юлдузлари ҳақида илиқ гаплар эшитамиз. Моҳичеҳра Абдурасулованинг “Ширин орзулар” тўплами нашр этилгани, ёш ижодкорларнинг ижод намуналари Украинанинг “Автограф”, Германиянинг “Мастерская”, АҚШнинг “Чайка” номли нашрларида эълон қилингани фахр беради инсонга.

Бутун умр эл хизматида бўлиб, замондошларининг ташвишини ўзиникидек билиб, оғринмай елкалаган инсонлар ҳамма замонларда ҳам шараф ва ҳурматга сазовордир. Биз бунинг тасдиғини академик шоиримиз Ғафур Ғуломнинг “Муаззам Шарқ намоёндир сенинг покиза жонингда”, жаҳон адабиёти дарғалари Чингиз Айтматов, Расул Ҳамзатовнинг “Зулфия ҳозирги замон ўзбек шеъриятининг энг мафтункор зарварағидир. У ўз халқининг тақдири билан қўшилиб кетган ижодкор сифатида юксалган Ўзбекистон куйчиси, янги Шарқ аёлларининг рамзи”, деган юксак таърифларида кўрамиз.

Бутун бир миллатни маърифатга бошлаш, адабиётга яқинлаштиришдек қутлуғ ислоҳотлар Зулфияхоним ижоди тимсолида янграмоқда. Улуғ Чўлпон айтган “Адабиёт яшаса, миллат яшайди”, деган ҳикматнинг амалдаги исботи ёниқ шеърий давралар, соҳир мушоиралар шаклида баҳор бўйи янглиғ ифор сочаверади. Бу фикр чизиғидан ўтган ҳар бир сатрнинг халқ кўнглига етиб боришига эришиш учун фидойи хизмат қилган шоиру адибларга ҳурмат ифодаси. Зеро, маърифатли миллатнинг тафаккур карвонлари ёруғ манзиллар сари одимлайверади.

Бу карвонларнинг бекатларини меҳр чироқлари билан ёритиб турган, зиёларини халққа етказишда камарбаста бўлган инсонлар бор. Адиблар хиёбонида Зулфияхоним ҳайкали пойига гул қўярканмиз, Янги Ўзбекистондаги адолатли ва шиддатли ислоҳотлар инсон қадрини, жамиятдаги обрў-эътиборини оширишдек олижаноб қадриятлар учун хизмат қилаётганига яна бир бор амин бўламиз.