Бу йил юртимиздаги энг нуфузли илмий муассаса — Фанлар академияси ташкил этилганининг 80 йиллиги кенг нишонланмоқда. Таркибига қирқдан зиёд йирик илмий текшириш институтини жо қилган академия Иккинчи жаҳон урушининг қизғин палласида — 1943 йилда мамлакатимиздаги бир неча илмий тадқиқот ташкилоти асосида ташкил этилган. Улар орасида Тошкент астрономия обсерваторияси ҳам бўлган.

1873 йида ташкил этилган обсерватория нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёдаги замонавий илмий муассасаларнинг энг кексасидир. Бир ярим асрлик фаолияти давомида Тошкент астрономия обсерваториясида сайёралар, кометалар, юлдузлар, галактикалар каби осмон жисмларини ўрганиш билан бирга, халқ хўжалигининг кўплаб тармоқлари учун амалий тадқиқотлар ҳам ўтказилган. Булар орасида аҳоли ва мамлакатни аниқ вақтдан хабардор қилиш, географик координаталарни аниқлаш ва уларнинг ўзгаришини текшириш, Ернинг сунъий йўлдошларини кузатиш ва ҳатто гравиметрик кузатишлар асосида қазилма бойликларни топиш каби масалаларни айтиб ўтиш мумкин. Масалан, пойтахтнинг юқори нуқталаридан бирида ўрнатилган замбаракдан ҳар куни обсерватория соати билан 12:00 да тўп отилиб, аҳоли пешин вақти бўлганидан хабар топган. Кекса авлод вакиллари ўшанда тилимизга “тўп вақти” атамаси кириб келганини эслашади.

1911 йилда Тошкент астрономия обсерваториясида қирқ йил давомида ўтказилган экспедицион ўлчашлар натижасида мамлакатимиз ҳудудининг биринчи замонавий географик координаталари тузилиб, чоп этилган. Бугун бу китоб нафақат геодезия ва картография масалалари билан шуғулланувчи тадқиқотчиларда, балки тарихчиларда ҳам қизиқиш уйғотиши мумкин. Масалан, ушбу китобда ҳозир йўқ бўлиб кетган кўплаб аҳоли яшаш жойлари номи ва аниқ координаталари келтирилган. Булар орасида Самарқанд вилоятидаги Киштут қалъаси, мулла Шаффи Муллабоевнинг Ўгук қишлоғида қурилган саройи ёки Фарғона водийсидаги Элназар карвонсаройи, Кенгкўл работи, Иштамберди сойини келтириш мумкин.

Ҳужжатларда Тошкент астрономия обсерваторияси ташкил этилишига оид қизиқарли маълумотлар ҳам келтирилган. Обсерватория очилиши учун Тошкент шаҳри бошлиғи бир неча бойнинг Оққўрғон ариғи бўйларида жойлашган 31 минг квадрат сажень атрофидаги (14 гектарга яқин) ерини 1000 кумуш рублга сотиб олган экан. Энг қизиғи, ҳужжатларда ўша бойларнинг номи бирма-бир келтирилган. Бу маълумотлар ҳам тарихчиларимизга қизиқарли бўлиши мумкин.

Туркистон генерал-губернаторлигининг Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги билан муайян даражада алоқалари бўлган. Масалан, байрамларда вакиллар орқали бир-бирига совғалар жўнатиб турган. Ана шундай пайтларда Тошкентга келган зодагонлар учун Тошкент обсерваториясида экскурсиялар уюштирилган. Диний уламолар учун эса ҳижрий-қамарий тақвим тузишда Ойнинг ҳаракатидан фойдаланиш учун оммабоп лекциялар ташкил этилган. Бир сўз билан айтганда, Тошкент астрономия обсерваторияси тарихи ниҳоятда қизиқарли ва катта илмий аҳамият касб этувчи маълумотларга бой.

Уруш йиллари биргина Тошкент астрономия обсерваторияси бутун собиқ иттифоқни ярим йил давомида аниқ вақтдан хабардор қилиб турган. Аниқ вақт сигналлари тўғридан-тўғри обсерватория ҳудудидан суткасига етти марта эфирга узатиб турилган. Унинг илмий салоҳияти ошгани инобатга олиниб, 1966 йили Фанлар академияси Астрономия институтига айлантирилган.

Ўзбекистонда юқори малакали ёшларни тайёрлаш ишлари Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этишдан бошланган. Бу мактаб ўқувчилари учун амалий машғулотларни Астрономия институти ҳузурида ўтиш назарда тутилган. Шу мақсадда ҳар қадами тарихий аҳамият касб этувчи институт ҳудудида “Астрономия ва аэронавтика” парки ташкил қилиниши мақсадга мувофиқ. Ҳудуддаги мавжуд телескоплар ва барпо этиладиган планетрий ўқувчи-ёшларнинг олам тузилиши ҳақида илмий тасаввурини шакллантиришга хизмат қилади. Қўшни давлатларнинг бирортасида замонавий планетарий йўқлигини инобатга олсак, бу иншоот нақадар аҳамиятли ва нуфузли бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Ўтган асрнинг 60-йилларида Тошкент шаҳри анча кенгайиб, осмонининг ёритилиш кўлами ҳам ошди. Бундай шароитда ёруғлик манбаларидан йироқроқ жойда обсерваторияга мос жойни излаб топиш Астрономия институти олдида турган энг долзарб масалалардан бирига айланган эди. Узоқ йиллар давомида тоғу тошларда ўтказилган машаққатли изланишлар натижасида Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида жойлашган Олой тоғ тизмаларидан биридаги Майданак тоғи танланди. Астрофизика фанида астроиқлимни ўрганишга қаратилган анча-мунча мураккаб усулларга асосланган махсус соҳа мавжуд. Ана шундай тадқиқотлар натижасида кейинчалик Майданак тоғи астрономик кузатувлар учун жаҳоннинг энг нуфузли жойларидан қолишмаслиги ва ҳатто айрим кўрсаткичлари бўйича устунлиги аниқланди. Бу ўзбекистонлик астрономлар учун табиатнинг бебаҳо туҳфаси бўлди!

Энди Астрономия институтининг келажаги ва нуфузи тўлиқ Майданак астрономия обсерваторияси (МАО) билан боғлиқ. Ҳозир у астрономия фанининг энг долзарб мавзуларига қаратилган         ўнлаб халқаро дастурларнинг аъзоси. Сўнгги йилларда бир неча оламшумул кашфиёт дунё юзини кўрди. Булар орасида “Самарқанд” ва “Майданак” кичик сайёралари очилиши, 2017 йида Катта айиқ юлдузи туркумида ўта янги юлдуз чақнаши кашф этилиши, коинотда гамма нурларда чақнаган ва космик аппаратларда қайд этилган юзлаб жараёнларнинг Майданакда аниқ кузатилиши, осмоннинг юз йил давомида олинган фототасвирларини рақамлаштириш натижасида 13,5 миллион юлдуз каталогининг эълон қилинишини таъкидлаб ўтиш мумкин.

Олимларни қувонтирадиган ўта муҳим ҳолат Майданак обсерваторияси давлатимизнинг доимий эътиборидалиги. Ислом ҳамкорлик ташкилотининг 2017 йили Остона шаҳрида бўлиб ўтган, илм-фанни ривожлантириш масалаларига қаратилган юқори даражадаги йиғилишида мусулмон давлатларнинг илм-фанга эътиборини қаратишни айнан астрономиядан бошлашга қарор қилинган. Чунки мусулмон олимларининг жаҳон илм-фани ривожига қўшган энг салмоқли ҳиссаси айнан астрономия соҳасида бўлган. Саммитда бугун мусулмон юртлар бу соҳада анча орқада қолаётгани таъкидланиб, бир неча давлатда кўзгусининг диаметри 4 метрли телескопларни ишга тушириш муҳокама қилинди. Шунда Президентимиз ана шундай телескоплардан бирини Майданак обсерваториясида ўрнатиб, унга Мирзо Улуғбек номини бериш таклифи билан чиққан. Бу таклиф мусулмон давлатлар раҳбарлари томонидан маъқулланди. Кўп ўтмай, 4 метрли телескопларни барпо этиш ишлари Туркияда (2021 йилда ишга туширилди), Миср, Покистон ва Индонезияда бошланди.

Майданак обсерваторияси инфратузилмаси жаҳон андозалари даражасига кўтарилмоқда. Майданак юқори даражадаги астроиқлимга эгалиги кўплаб хорижий марказлар эътиборини тортиб келмоқда. Яна бир муҳим факт: Майданак тоғи бошқа жойлардан фарқли ўлароқ, якка чўққи эмас, балки анча катта майдонга эга ясси тоғдир. Бу дегани, у ерда келажакда бир эмас, бир неча катта телескоп ўрнатилиши мумкин. Шу билан мамлакатимиз астрономия соҳасида тадқиқотлар олиб борувчи илғор давлатлардан бирига айланади.

Астрономия фани келажаги учун ўта муҳим бўлган яна битта лойиҳа Зомин туманидаги Туркистон тоғ тизмаларида барпо этилаётган Суффа радиообсерваториясидир. Ўтган асрнинг 70-йилларида доимий рақобатда бўлган собиқ иттифоқ ҳамда АҚШ нафақат иқтисодий ва ҳарбий соҳаларда, балки илмий-техник масалалаларда ҳам бир-биридан ўтиб кетиш тарзида иш кўрган. Шунда собиқ иттифоқ ҳукумати улкан ҳудуднинг ғарбий-шарқий йўналиши бўйлаб кўзгусининг диаметри 70 метр бўлган учта радиотелескоп ўрнатиб, уларни ягона тармоққа улаб ишлатиш режасини амалга оширишга киришган.

Биринчи радиотелескоп Қримдаги Евпатория шаҳри яқинида, иккинчиси Узоқ Шарқдаги Уссурийскда ўрнатилган. Учинчи радиотелескопни иккала шеригининг ўртасида — Марказий Осиёдаги давлатларнинг бирида ўрнатиш назарда тутилган. 1980 йили лойиҳа раҳбарлари — академиклар В.Котельников ва Н.Кардашов жой танлаш мақсадида Ўзбекистонга келади. Бундан хабар топган Шароф Рашидов уларни қабул қилади ва радиотелескопни Зоминдаги Суффа ясситоғида ўрнатишни таклиф этади. Кейинчалик ўтказилган геологик ва астроиқлимни ўрганишга қаратилган изланишлар бу жой радиообсерватория учун ниҳоятда мақбул эканини кўрсатди. Қурилиш ишлари қизғин бошланиб кетади. Лекин ишлар ҳажми 60 фоизга етганида сиёсий вазият ўзгариб, жараён тўхтаб қолади. Мустақиллик йилларида бироз уринишлар бўлди, лекин иш жойидан силжимади.

Бу иншоот нақадар улканлигини ўқувчи тасаввур қилиши учун радиотелескопнинг бир неча кўрсаткичини келтириб ўтсак. 70 метрли радиоантенна кичикроқ футбол стадионини баландлиги ўттиз қаватли улкан устунга ўрнатиб, уни соат механизми аниқлигида ҳар томонга йўналтириб турадиган механизмлар билан таъминлаш дегани. Радиоантенна вазни 15 минг тоннадан зиёдроқ бўлиши керак!

Суффа расадхонаси ўзининг аҳамиятини бугун ҳам йўқотгани йўқ. Бунга бир мисол. 2022 йилда астрономияда муҳим кашфиёт бўлди. Сомон йўли галактикамиз марказида бир неча миллион Қуёш массасига тенг улкан қора туйнук шарпаси тасвири олинди. Бунинг учун Ер юзасидаги бир нечта радиотелескоп ягона тармоққа уланиб ишлатилди. Астрономия институти ходимлари бу лойиҳа доирасида назарий тадқиқотлар олиб борди. Ҳисоб-китобларга кўра, агар тармоқда Суффадаги РТ-70 радиотелескопи ишлаб турганида ўлчовларнинг аниқлиги 15 фоиз ортади! Натижани бир-икки фоиз ошириш учун талайгина саъй-ҳаракатни талаб этган лойиҳа учун бу жуда сезиларли ютуқдир. Бундан хулоса шуки, Европа билан Хитой орасида жойлашган Ўзбекистон ҳудудида 70 метрли радиотелескоп ишлаб туриши катта илмий аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбари лойиҳага эътибор қаратганидан кейин радиообсерваторияни барпо этиш ишлари анча жонланди. 2018 йили Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон — Россия ҳукуматлараро учрашувида радиообсерваторияни барпо этиш ишларини давом эттиришга келишилди. Шундан кейин икки давлат раҳбарларининг 2021 йил октябрь ойида Москвада бўлиб ўтган учрашувида тегишли шартнома имзоланди. 2022 йилда иккала Президентнинг тегишли қарорлари билан шартнома кучга кирди.

Бу даврда Зомин туманида туризмни ривожлантириш ишлари қизғин авж олди. “Зомин” туристик-рекреацион зонаси ташкил этилди. Аслида бу иккала иншоот муайян шартларни бажариб, келишиб иш кўрсагина бир-бирига фойда келтириши мумкин. Радиообсерватория яқинида туристик объект бўлиши қатор афзалликлар яратади: юқори сифатли йўллар, электр ва сув таъминоти ва ҳоказо. Лекин радиообсерваторияга радиошовқин манбаларини яқин жойлаштириб, кузатувларга халал берилмаслиги керак. Радиообсерватория ишга тушгач, Зоминга кўплаб сайёҳларни жалб қилишга асқотиши мумкин. Бундай ҳамкорлик жаҳон тажрибасида жуда кўп учрайди. Биргина мисол: бир неча йил олдин Хитойнинг жануби-ғарбидаги Пингтанг ўлкасида кўзгусининг диаметри 500 метр бўлган жаҳондаги энг йирик FAST радиотелескопи ишга туширилди. Радиотелескоп ўрнатилган тоғнинг ёнбағрида, 50 километр масофада Пингтанг ўлкаси маъмурияти улкан туристик мажмуа барпо этди. У ерда беш юлдузли меҳмонхоналар, ресторанлар, кўнгилочар масканлар, савдо марказлари барпо этилди. Радиообсерватория миллионлаб сайёҳларни жалб этувчи “қармоқ” вазифасини бажариб келмоқда. Кундузлари меҳмонлар учун туристик маскандан автобусларда радиотелескопга экскурсиялар ташкил этилган. Қолган вақтда сайёҳлар пастда мириқиб ҳордиқ чиқараверади.

Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш учун замонавий илм-фан ва техника ютуқларидан хабардор, чет тилларни пухта эгаллаган, билимли ёшларни тарбиялаб, вояга етказишимиз керак. Янада муҳим шарти, янги кашфиётлар қилиши учун уларга зарурий иш шароитларини яратиш, жумладан, замонавий ускуналар билан жиҳозланган лабораториялар ташкил қилиб беришимиз керак. Астрономия фанини олсак, планетарий, Майданак ва Суффа обсерваторияларида фаннинг энг илғор соҳаларида тадқиқотлар олиб бориш имконини яратишимиз керак. Шундагина юртимиздан янги Хоразмийлар, Фарғонийлар, Берунийлар, Али Қушчи ва Улуғбеклар етишиб чиқади. Астроном олимларимиз бу борада ўрнак кўрсатишга тайёр.

Шуҳрат ЭГАМБЕРДИЕВ,

Астрономия институти директори,

академик