Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида жорий мавсумда 10 минг тонна гилос етиштирилди. Унинг тенг ярми экспортга йўналтирилди.
Хитой гилос бозори ўртача импорт ҳажми 1,4 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган дунёдаги энг катта бозордир. Сўнгги икки йилда унинг ўртача ўсиши 12,4 % ни ташкил қилди.
Бундан ташқари Наманган гилослари Германия, Россия, Қозоғистон, Корея, Озарбайжон, БАА, Туркия давлатларига сотилди.
— Ўттиз сотихли боғимизда етмиш туп гилос бор, уч тонна ҳосил олдик. Хирмонни чўғи баланд. Тўрақўрғонни, айниқса Қодиробод, Ахси, Бураматутни ерлари гилосбоп. Азалдан гилос етиштириб келамиз, — дейди меҳнат фахрийси Самихон Мирзаев.
Тўрақўрғонда Самихон ота каби боғ эгалари минглаб топилади. Айни кунларда туманда марказлашган ҳолда 50 дан ортиқ шаҳобчалар орқали аҳоли томорқаларида ва боғларда етиштирилган мева қабули қизғин паллага кирди, дея хабар бермоқда Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.