Бугун тумандаги 7 та маҳаллада яшовчи 77 нафар ишсиз йигит-қизга энг серунум майдонлардан 20 сотихдан ер ажратиб берилди ва бу ҳақдаги махсус сертификат топширилди. Улар полиз ва сабзавот экинлари экиб, оилалари даромадини таъминлайди. Туман қишлоқ хўжалиги бўлимидан тайинланган мутахассис ёш деҳқонлар ишини кузатиб, амалий ёрдам ва маслаҳат бериб боради.
Кичик Қўрғонча маҳалласида яшовчи Ғуломжон Абдусаломов бир неча йилдан бери Россия давлатига бориб ишларди. Пандемия туфайли сафарини кейинги сурди. Унга шу ерда қолиб, деҳқончилик қилишни таклиф этишганида ўйланиб ўтирмай рози бўлди. 20 сотих яхши даромад олишга қулай имконият. Ғуломжон бунинг учун туман ҳокими ва бошқа мутасаддиларга миннатдорлик билдирди.
Маълумот учун, туманда пахтачилик йўналишидаги 534 гектар майдонда 2670 нафар, боғдорчилик-узумчилик йўналишидаги 71 гектарда 355 нафар, чорвачиликдаги 147 гектар майдонда 735 нафар, сабзавотчиликдаги 5 гектар майдонда 25 нафар ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.