Агар меҳнат унумдорлиги, энергия самарадорлиги ва таннарх бўйича қаттиқ ишланса, бу кўрсаткични янада ошириш учун барча имкониятлар бор. Шу боис, саноатда «Унумдорлик ва самарадорликни икки карра ошириш» дастури бошланади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан меҳнат унумдорлиги ва энергия самарадорлиги бўйича алоҳида лойиҳа амалга оширилади.

Ушбу лойиҳага халқаро молия институтларидан 200 миллион доллар кредит ва грант жалб қилиниб, саноат корхоналари учун хориждан юқори малакали технолог ва муҳандислар олиб келинади, бизнес жараёнлари рақамлаштирилади, энергия ва бошқа харажатларни қисқартириш бўйича аудитлар ўтказилади, илғор технологиялар трансфер қилинади.

Бу борада «Тўртинчи саноат инқилоби маркази» ташкил қилинади. Марказ негизида робототехника, «буюмлар интернети», «ақлли фабрика» каби «Индустрия 4.0» ечимларини саноат корхоналарида жорий этиш учун «тартибга солиш механизми» яратилади.

Бунда корхоналар янги технологияларни ишлаб чиқаришга жорий қилишдан олдин уларни синовдан ўтказиш имконига эга бўлади.