Бугунги кунда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан Салар – Чирчиқ – Хожикент темир йўл участкасида темир йўл изларини мукаммал таъмирлаш (реабилитасия) ишлари икки босқичда олиб борилмоқда. Биринчи босқич, Салар – Чирчиқ қисмида бўлиб ўтади. Ҳозирда, ушбу темир йўл қисмининг 11 километрлик участкада капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Иккинчи босқичда, Чирчиқ – Хожикент участкасини қамраб олди. Унда, 17 километрлик инвентарь рельсларни улоққсиз рельсларга алмаштириш режалаштирилган.
Таъкидлаш жоиз, капитал таъмирлаш лойиҳаси доирасида инвентарь рельсларни улоқсиз рельсларга алмаштириш, станция ва перегонларда ўрта таъмир ишларини, темир йўл кесишмаларининг қатнов қисмларида кўтарма таъмир каби ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, станцияларнинг асосий йўлларидаги стрелкали ўтказгичларни ва темир-бетон бруслар бруслар билан биргаликда алмаштирилмоқда, кўприкларда мукаммал таъмирлаш ишларини ҳамда сув ўтказиш сунъий иншоотларини алмаштириш каби ишлар ҳам олиб борилмоқда. Шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида бир нечта қўриқланмайдиган темир йўл кесишмасини қўриқланадиган кесишма тоифасига ўтказилди. Бундан ташқари, станцияларда ва перегонлардаги темир йўлларини ўрта даражада таъмирлаш ишлари олиб борилади.
Юқори самарага эга махсус машиналар ва ресурсларни тежайдиган технологиялардан кенг фойдаланиш темир йўлларнинг техник даражасини ва ишончлилигини оширади ҳамда йўл ҳолатининг барқарорлигини таъминлайди. Шу мақсадда, инфратузилмани янгилаш бўйича қўйилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ янги технологиялардан фойдаланмоқда. Хусусан, темир йўлларни текислаш ва тўғрилашни амалга оширадиган DUOMATIC 08-32 русумли машинаси қўлланилмоқда (Австрия).
Умуман олганда, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ нинг Йўл хўжалиги ишчи-ходимлари йил давомида тинимсиз ишлайди десак, муболаға бўлмайди. Барча ишлар тасдиқланган жадвалга мувофиқ ҳамда йўл ишларига тўлиқ тайёргарлик кўриш билан бирга амалга оширилади, дея хабар бермоқда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг расмий Тelegram-канали.