2200 йилдан ортиқ тарихга эга шаҳарнинг қулай географик жойлашуви боис, бу ҳудудда азалдан савдо, жумладан, божхона муносабатлари жадал ривожланиб келган ва ҳозир ҳам ташқи савдо юклари ва йўловчилар оқими жуда катта.

Бугунги кунда шаҳарда йирик ишлаб чиқариш объектлари, муҳим логистика марказлари, минглаб корхона ва заводлар фаолият юритаётганини инобатга олсак, Тошкент шаҳри божхона бошқармаси фаолиятининг қамрови нақадар кенг, шунга яраша пойтахт божхоначилари зиммасига юкланган масъулият ҳам улкан экани аён бўлади.

Пойтахтимиз божхоначилари фаолияти, соҳадаги ислоҳотлар ва тадбиркорларга яратилаётган имтиёзлар хусусида Тошкент шаҳри божхона бошқармаси бошлиғи Толибжон САИДОВ билан суҳбатда бўлдик.

Дастлаб бугунги кунда Тошкент шаҳри божхона бошқармаси тасарруфида қанча божхона пости мавжудлиги ва уларда яратилган шарт-шароитлар хусусида тўхталсангиз.

– Ҳозир бошқарма тасарруфида 8 та божхона пости фаолият юритади. “Тошкент-товар”, “Аркбулоқ”, “Чуқурсой”, “Сирғали”, “Чет эл ваколатхоналари” ва “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият ҳамда “Чуқурсой техник идораси”, “Келес” темир йўл чегара божхона постлари шулар жумласидан.

Ўзбекистонда сўнгги беш йилда иқтисодиётни янада либераллаштириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган туб ислоҳотлар пойтахтдаги ташқи савдо айланмаси жадал ўсиб бораётганида ҳам ўз ифодасини топмоқда. 2021 йилга келиб Тошкент шаҳрида ташқи савдо иштирокчилари сони 2016 йилдагига нисбатан 60 фоиз ўсиб, ҳозир 12 мингдан ошди.

Бошқарма томонидан божхона соҳасида қулайлик ва имтиёзлар тақдим этиш орқали пойтахтдаги ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик субъектларининг эркин фаолият юритишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Тошкент шаҳридаги  “Ўзтрансгаз”, “Технопарк”, Тошкент қувур заводи, Тошкент металлургия заводи, “Ўзбектелеком”, “Ўзэлектроаппарат”, “Uztex”, “Grand pharm trade”, “Procab”, “Techno export”, “Techno continental”, “Zelal tekstil”, “Coca-cola” каби йирик ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига сифатли ва тезкор божхона хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

Қолаверса, сўнгги 5 йилда пойтахтда ташкил қилинган 7 та кичик саноат зонасида фаолият юритаётган 500 дан ортиқ корхонага божхона имтиёзларини кенг татбиқ қилиш, хусусан, четдан келтирилаётган технология, асбоб-ускуналар ва хомашёни тезкорлик билан божхонада расмийлаштириш  фаолиятимизнинг энг долзарб йўналишига айланиб бормоқда.

Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда давлат божхона хизмати органлари томонидан давлат бюджетига ундирилган божхона тўловларининг 50 фоизидан ортиғи айнан Тошкент шаҳри божхона бошқармаси ҳиссасига тўғри келмоқда.

“Тошкент-товар”, “Аркбулоқ”, “Чуқурсой”, “Сирғали” ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида 2017-2021 йилларда юк автотранспорти ва темир йўлда ташилган қиймати 46,5 миллиард долларлик 66,7 миллион тонна юкнинг божхона назорати ва расмийлаштируви амалга оширилди. Бунинг учун сарфланаётган вақт эса соҳага татбиқ қилинган илғор ахборот тизимлари кўмагида ўртача 2 баробар қисқарди.

Илгари товар ва транспорт воситалари ёппасига ялпи божхона кўригидан ўтказилган бўлса, ҳозир мазкур постларда 75,6 фоиз юклар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилмоқда.

Божхона иши жуда серқирра. Шу сабаб ходимларимизни халқаро аэропортлар, темир йўл ва авто ўтказиш пунктлари, дарё порти, йирик логистика марказларида кўришга одатланиб қолганмиз.

– Юқоридаги божхона постлари қаторида “Чет эл ваколатхоналари” ташқи иқтисодий фаолият божхона постини ҳам айтиб ўтдингиз. Мазкур пост фаолияти ҳақида кенгроқ маълумот берсангиз.

 – Тошкент шаҳри божхона бошқармаси таркибида яна бир ўзига хос ва республикамизда ягона бўлган “Чет эл ваколатхоналари” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ҳам бўлиб, у  Ўзбекистонда фаолият юритаётган 600 дан ортиқ чет эл ваколатхонаси,  дипломатик мақомга эга бўлган элчихоналар ҳамда консуллик идораларига хизмат кўрсатади.

Жумладан, мазкур ташкилотлар томонидан расмий фойдаланиши учун мўлжалланган товар ва транспорт воситалари, шунингдек, мамлакатимизнинг инвестицион муҳити, экспорт салоҳияти самарадорлигини оширишга йўналтирилган турли халқаро кўргазма ва тадбирларда иштирок этиш мақсадида олиб келинаётган товар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви амалга оширилади. Айниқса, турли миллат вакилларига мансуб хорижий шахсларнинг миллий анъана ва қадриятларини ифодаловчи буюмларини ҳам божхонада расмийлаштириш ўзига хос ва қизиқарли жараён ҳисобланади.

Божхона пости Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюроси ҳудудида жойлашган.

 “Чет эл ваколатхоналари” постида хизмат олиб бориш божхона ходимларига ўзига хос масъулият юклайди. Айнан уларнинг  божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларини тезкорлик билан амалга ошириши ва хуш муомаласи тимсолида чет эллик дипломатларнинг миллий божхонамиз, пировардида эса бутун мамлакатимиз ҳақидаги тасаввурлари шаклланади.

– Айтинг-чи, “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости асосан қандай фаолият билан шуғулланади ва бунинг аҳоли учун афзалликлари нимада?

– Бошқармамиз тасарруфидаги ўзига хос божхона постларидан яна бири “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона постидир.

Почта хизмати муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлиб, ҳар қандай ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, эпидемиологик, фавқулодда вазиятларда ҳам бу хизматга бўлган талаб ва таклиф ҳеч қачон тўхтаб қолмайди. Шунингдек, замонавий дунёда товарларни уйдан ёки идорадан чиқмасдан туриб, онлайн равишда харид қилиш кўлами ортаётгани боис курьерлик жўнатмалари ҳаракати ҳам тобора ва шиддатли тарзда ўсиб бормоқда.

Республикамизда 2017 йилдан сўнг божхона соҳасида жорий қилинган кўплаб енгиллик ва қулайликлар қаторида шахсий фойдаланиш учун почта ва курьерлик жўнатмалари орқали юбориладиган товарларнинг божхона тўловлари ундирилмайдиган меъёрлари  янада такомиллаштирилди.

Натижада биргина “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида 2021 йил давомида 2 миллион донага яқин ёки 5 минг тоннадан зиёд халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилди. Беш йил аввалги рақамлар билан солиштирилганда, жўнатмалар сони 1,8, оғирлиги эса 1,5 баробар ошган.

Бу эса мазкур божхона пости ходимларидан доимий равишда ўз устида ишлаш ва тизимга янги иннoвацион технологияларни жорий қилиш орқали Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига жисмоний шахслар номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарларни божхона назоратидан ўтказиш самарадорлигини янада оширишни тақозо этади.

“Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости 2018 йилдан эътиборан замонавий божхона терминалида ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Шунингдек, божхона постининг “Халқаро почтамт” божхона пункти ҳам мавжуд. Постда божхона назорати жараёнлари автоматлаштирилган шаклда амалга оширилиб, кўрик жараёнларида замонавий сканер ва рентген қурилмаларидан кенг фойдаланилади. Жўнатмалар учун замонавий божхона омборлари ҳам бунёд этилган. Ҳозир постда кунига ўртача 15-18 тонна ёки 7-8 минг дона  халқаро почта ва курьерлик жўнатмаси божхона назоратидан ўтказилмоқда.

Коронавирус пандемияси сабаб юзага келтирган мураккаб вазият наркотик воситаларнинг трансчегаравий айланмаси ва наркотрафикка ҳам ўзининг сезиларли таъсирини ўтказди. Дунё бўйлаб давлатлар томонидан чегаралараро ҳаракатланишда жорий қилинган чекловлар сабабли наркотик воситаларни интернет тармоғидаги яширин сегментлар орқали буюртма бериш ҳамда почта ва курьерлик жўнатмалари орқали юборишга уринишлар кўпая бошлади.

Қолаверса, янги турдаги психофаол синтетик ва ярим синтетик наркотиклар “ихтиро” қилинаётгани, уларни жўнатмаларда минерал ўғитлар, биологик фаол қўшимчалар каби бошқа ном остида юбориш ҳолатлари ҳам “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимларининг масъулияти ва зийраклигини янада оширади.

Рақамларга кўра, 2017-2021 йиллар давомида жўнатмалар орқали 8,3 килограммдан зиёд, хусусан, синтетик наркотик моддалар, 700 минг донага яқин психотроп моддани олиб киришга бўлган уринишлар фош қилинди.

Умуман олганда, сўнгги 5 йил давомида Тошкент шаҳри божхона бошқармаси томонидан мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, жумладан, контрабанда ва божхона қонунбузарликларига қарши курашиш йўналишида 9,7 мингдан ортиқ ҳолат фош қилиниб, натижада 100 килограммга яқин гиёҳвандлик воситалари, 27,6 минг донага яқин психотроп модда, 3,9 мингдан зиёд қурол-яроқ ва ўқ-дорининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Келгусида ҳам қатор йўналишлар бўйича контрабанда ва божхона қонун бузилишига қарши муросасиз курашишни мақсад қилганмиз. Хусусан, фискал вазифаларни ортиғи билан бажариш, божхона тўловларини ўз вақтида ва тўғри ундириш, бунда илғор усулларни қўллаган ҳолда божхона назоратини олиб бориш, замонавий технологиялар ва махсус техник воситалар ёрдамида фаолият самарадорлигини ошириш, божхона процедураларини соддалаштириш, хавфни бошқариш механизмлари орқали ҳалол тадбиркорларга имтиёзли божхона расмийлаштирувини амалга ошириш асосий вазифаларимиздан. Шунинг учун ҳам кадрлар салоҳиятини ошириш ва коррупцияга қарши муросасиз курашиш бошқарманинг асосий стратегик йўналишлари бўлиб қолади.