Сайловларда вилоятлардан Тошкент шаҳрига келиб таҳсил олаётган талабаларнинг ҳам пойтахтда овоз бериши учун шароит яратилади. Шу мақсадда пойтахтимиздаги барча олий таълим муассасаларидаги тураржойлар ва ижарада яшовчи талабаларнинг рўйхати шакллантирилиб, сайлов участкаларига бириктирилган. Овоз бериш жараёнини ташкиллаштириш бўйича олий таълим муассасалари масъуллари томонидан талабаларга тушунча бериб келинмоқда.
Жумладан, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида “Келажагинг учун овоз бер!” шиори остида ёшлар форуми ташкил этилди. Форумда университет ректори А.Умаров, тарғибот гуруҳи аъзолари, сайловда биринчи марта иштирок этаётган талабалар ҳамда узоқ ҳудуддан келиб таҳсил олаётган, пойтахтда овоз берувчи ёшлар иштирок этди.
Тадбирда ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишга қаратилган “Тарғибот поезди” лойиҳасининг тарғиботчилари университет талабаларига сайлов қонунчилиги бўйича тушунча берди. Суҳбат сайлов тизимининг бугунги кундаги аҳамияти, сайлов янгиликлари, унга киритилган ўзгаришлар, Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти хусусида бўлди.
Сўнг талабалар учун Ziyo Forum фонди билан ҳамкорликда сайлов қонунчилигига бағишланган викториналар, савол-жавоблар ташкил этилиб, ғолиблар тақдирланди. Форумда талабалар ўзлари бириктирилган сайлов участкалари ва овоз бериш жараёни бўйича маълумотга эга бўлди.
Форум якунида талабалар учун концерт дастури уюштирилиб, барчага кўтаринки кайфият улашилди.