Бугунги кунда олий таълим муассасаларининг олдида турган муҳим вазифалардан бири халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллаш ҳисобланади. Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ҳам юртимиздаги олий ўқув юртларини дунёнинг кучли 1000 талик олий ўқув юртлари таркибига киришини таъминлаш вазифаси белгиланган. Бу жараён мураккаб бўлиб, босқичма-босқич барча кўрсаткичларни халқаро стандартлар даражасига кўтариш орқали амалга ошириш мумкин. Бунда турли йўналишдаги халқаро уюшмалар билан  ҳамкорлик қилиш ва уларга аъзо бўлиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.  

Тошкент кимё-технология институтида ҳам бу борада жиддий қадамлар ташланмоқда. Институтда халқаро алоқалар кўламини кенгайтириш, алмашинув дастурлари ва грантларга иштирок этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Япониянинг ривожланиб келаётган мамлакатларга беғараз ёрдами доирасида институтнинг иқтидорли  талаба ёшларини қўллаб қувватлаш мақсадида “Митцубиси стипендияси”, Корея Республикасининг “Поско стипендия”лари 40 дан ортиқ талабага бериб келинмоқда.

Шунингдек, Япониянинг Митцубиси корпорацияси билан “Лаборатория ўқув-тренинг дастури” халқаро лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида 2021 йил давомида “Ёқилғи ва органик бирикмалар кимевий технологияси” ва “Виночилик технологияси ва саноат узумчилиги” факультетларида замонавий кимёвий лабораториялар жиҳозларини харид қилиш, хорижий хамкорлар иштирокида семинар-тренинглар ўтказилиши, халқаро хамкорликда янги илмий лойиҳалар тайерлаш режалаштирилган.

Бу йўналишдаги муҳим қадамлардан яна бири  яқинда институт “Масъулиятли бошқарув таълимининг принциплари” халқаро уюшмасига аъзо бўлди. Ушбу уюшма 2007 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташаббуси билан ташкил этилган. Дунё бўйлаб таълим тизимида барқарор ривожланиш ва бошқарув тизимини такомиллаштиришга ва академик муассасаларни БМТнинг глобал фаолияти билан мувофиқлаштиришга қаратилган платформа сифатида халқаро мақомга эга.

МБТП бутун дунё бўйлаб 800 дан ортиқ таълим субъектларининг  ихтиёрий ташаббуси сифатида шаклланган. Бугунги кунда ушбу уюшма БМТ билан ҳамкорлик қилаётган ва менежмент билан боғлиқ бўлган олий ўқув юртлари ўртасидаги энг йирик уюшма ҳисобланади.

Халқаро уюшма томонидан белгиланган тамойилларни олий таълим тизимида жорий этиш ва шу тамойиллар асосида фаолиятни йўлга қўйиш шубҳасиз таълим сифатига ижобий таъсир қилади. Қолаверса ушбу принциплар асосида халқаро миқёсда ОТМлар билан ҳамкорлик қилиш институтнинг халқаро миқёсда рейтингини ошишига, БМТ ва унинг институтлари томонидан эълон қилинадиган халқаро грантларни қўлга киритишда маълум имтиёзлар беради. Энг муҳими институтнинг халқаро рейтинглардаги кучли 1000талик ОТМлар қаторидан ўрин эгаллашида пойдевор вазифасини ўтайди. Галдаги вазифа ушбу уюшма доирасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ва юқоридаги принципларни ўқув юртимиз фаолиятида акс эттириб бориш ҳисобланади.