Метрополитенда кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, йўловчиларга қулай шароитларни яратиш мақсадида ҳаракат таркибини янгилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2026-йил давомида жами 14 та замонавий ҳаракат таркибларини харид қилиш режалаштирилган эди. Жорий йил янги ўқув йили бошлангунга қадар режалаштирилган барча 14 та ҳаракат таркиби (56 та вагон) метрополитен вагон паркига олиб келинди.
Янги ҳаракат таркибларининг харид қилиниши натижасида Тошкент метрополитени вагон паркини қарийб 70 % га янгилашга эришилди.
Янги авлод замонавий ҳаракат таркиблари метрополитеннинг 4 та йўналишида ҳаракатланмоқда. Натижада йўналишларда поездлар ҳаракатланиш оралиғи, айниқса, куннинг тиғиз вақтларида сезиларли даражада қисқартирилди.
Бугунги кунда куннинг тиғиз вақтларида:
Чилонзор йўналишида поездлар 1,5–2 дақиқалик;
Ўзбекистон йўналишида 3 дақиқалик;
Юнусобод йўналишида 4 дақиқалик;
Ер усти ҳалқа йўли йўналишида эса 7–8 дақиқалик интервал билан ҳаракатланмоқда.