Мамлакатимизда жамоат транспорти тизимини янада ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини ошириш ҳамда йўловчилар учун замонавий ва қулай шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан бошқа соҳалар қатори метрополитен тизимини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, унинг моддий-техник базаси изчил мустаҳкамланмоқда.
Йўловчиларнинг талаб ва таклифларини инобатга олган ҳолда Тошкент метрополитенига яна 3 та замонавий тўрт вагонли ҳаракат таркиби олиб келинди. Мазкур поездлар ёзнинг иссиқ кунларида самарали совутиш, қиш мавсумида эса иситиш тизими билан жиҳозланган бўлиб, йўловчилар учун янада қулай ва шинам сафар шароитини таъминлайди.
Янги ҳаракат таркибларининг фойдаланишга топширилиши поездлар ҳаракати интервалини янада қисқартириш, йўловчиларга кўрсатилаётган хизмат сифатини ошириш ҳамда эксплуатация муддати узоқ бўлган эски турдаги ҳаракат таркибларини босқичма-босқич замонавий поездлар билан алмаштириш имконини яратади.
Шунингдек, замонавий ҳаракат таркиблари сонининг ортиб бориши метрополитеннинг ташиш қувватини ошириш, ҳаракат жадвалининг барқарорлигини таъминлаш ва кун сайин ортиб бораётган йўловчилар оқимига сифатли хизмат кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади.
Маълумот учун, жорий йил якунига қадар Тошкент метрополитенига яна 11 та замонавий ҳаракат таркибини олиб келиш режалаштирилган. Ушбу метро поездларини босқичма-босқич фойдаланишга топширилиши метрополитен инфратузилмасини янада ривожлантириш ва йўловчиларга янада қулай транспорт хизматларини тақдим этишга хизмат қилади.