Учрашув давомида икки томонлама алоқаларни ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқиш масаласи муҳокама этилди. Тошкент шаҳар ҳокими мамлакатларимиз ва шаҳарларимиз ўртасидаги ҳамкорликка тўхталар экан, бизни тарихий ришталар боғлаб туриши, ўзаро алоқаларни ривожлантиришда савдо-иқтисодий, маданият, соғлиқни сақлаш, таълим ва туризм соҳаларида ишга солинмаган имкониятларга эътибор қаратиш муҳимлигини таъкидлади.

Муҳаммад Жаҳонгир Алам сўнгги йилларда Бангладешда барқарор иқтисодий ўсиш кузатилаётганини маълум қилиб, бунга тадбиркорлар учун яратилган шароитлар, солиқ имтиёзлари ҳамда кўплаб омиллар ижобий таъсир кўрсатаётганлигини айтиб ўтди. Бангладеш текстиль саноати бўйича дунёда етакчи иккинчи ўринда эканлиги ҳамда мамлакатда фармацевтика ҳам тобора ривожланаётганлигини билдириб, шу йўналишда Ўзбекистон ва Тошкент билан ҳамкорликни ривожлантириш истиқболли эканлигини қайд этди. Таълим соҳасида ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда туризм соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни тараққий эттириш таклифини билдирди. Шунингдек, Тошкент ва Дакка ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатиш ва ривожлантириш ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлишини таъкидлади, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

Мулоқот давомида икки томон учун ҳам қизиқарли ва манфаатли бўлган масалалар борасида фикр алмашилди.