Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилишича, айрим шахслар ижтимоий тармоқларда шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаков номидан фойдаланган ҳолда сохта аккаунтлар очиб, фуқароларга турли мазмундаги хабарлар юбормоқда. Мазкур аккаунтларда ҳокимнинг расми, исми ва фамилияси қўлланилмоқда.

Маълумотга кўра, ҳоким номидан очилган, шахсий ёзишмалар олиб бораётган ёки турли илтимос ва таклифлар билан мурожаат қилаётган барча бундай аккаунтлар сохта ҳисобланади ва фирибгарларга тегишли.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ҳокими ёки ҳокимликка алоқадор мансабдор шахслар аҳолига шахсий тартибда хабар юбормайди. Агар расмий саҳифа ёки алоқа канали очилса, бу ҳақда фақат ҳокимлик матбуот хизматининг расмий ахборот манбалари орқали маълум қилинади.

Ҳокимлик фуқароларни шубҳали хабарларга ишонмасликка, шахсий маълумотларни бегоналарга тақдим этмасликка ҳамда бундай ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга чақирди.